Аванг Абдуллоҳ (1953)

Аванг Абдуллоҳ (Awang Abdullah) – малайзиялик шоир. У 1953 йилда туғилган. Малай тилида ижод қилади. Шу пайтгача 30 дан ортиқ шеърий китоби (ҳар бири 3-4 мартадан) малай ва инглиз тилларида нашр этилган.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — I

Бу — тулпор.
Кўринча одамлар уни миниб юрадилар.
Аммо гоҳида
Одамларни ҳам от қилиб минишади, болам.
Шунинг учун,
Дерди яна онам,
Кўпгина одамлар
Ҳайвондай яшашади.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — II

Бу — сичқон.
Одамлар ёмон кўрадилар уни:
Сичқон ҳаммасини “яхшилаш”га ҳаракат қилиб,
Ҳамма яхши нарсани расво қилади.
Аммо, дерди яна онам,
Аксарият одамлар,
Сичқонга ўхшайди.
Улар — сафсатабозлар
Ва сиёсатбозлар.
Улар ҳаётимизни “яхшилаш” баҳонасида,
Одамдай яшашга қўймайдилар.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — III

Бу — қуён.
У ҳаммадан устомон.
Аммо, дерди яна онам,
У ўта кеккайган.
Тошбақа билан югуриш мусобақасида,
Барибир ундан зўрман, ўтиб кетаман-ку,
Бироз дам олай, деб
Йўлда ухлаб қолган,
Ютқазган.
Айрим одамлар ҳам унга ўхшайдилар —
Кўп гапирадилар-у, амал қилмайдилар.
Юраётирлар, аммо уйқудадирлар.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — VI

Бу — бўри.
У оқшомлари овга чиқади,
Топиб қийратади қўйларни.
Аммо, дерди яна онам,
Бизнинг орамизда ҳам
Бўридан-да оч одамлар бор,
Тунда
Ёвузликни ўйлаб ётарлар.
Бўридан хавфлидир —
Бўри терисини ёпинган одам.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — V

Бу — парвона.
У ёруғликка,
Нурга талпинар,
Рақс тушар олов елида.
Аммо, дерди яна онам,
Қишлоқдан чиққан йигитлар,
Шаҳар томон отилар экан,
Ҳаётини ёқади унда,
Оловга маҳлиё бўлган капалак,
Парвона сингари,
Ҳаққоний йўлларини топа олмаслар.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — VI

Бу — дарё.
Унда сув оқади.
Дарёни пичоқда бўлмайди кесиб.
Икки томонида
Тикка қирғоқлар,
Одат ва анъаналардан бунёд бўлган қирғоқлар.
Аммо, дерди яна онам,
Бу ерда бир дарахт ўсади,
Илдизлари
Мангуликка туташган.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — VII

Бу — денгиз.
Унинг тўлқинлари асовдир.
Бу тўлқинларда
Ўтар балиқчининг бутун ҳаёти.
Аммо, дерди яна онам,
Декабрда
Мовий денгиз
Қоп-қораяди,
Баъзи жойлари қизаради —
Балиқчининг қайиғини
Шиддатли тўлқинлар
Парчалагани ҳақида хабар келади.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — VIII

Бу – товуқ.
Туғади бор-йўғи битта тухум,
Шовқини бутун қишлоқни босади.
Аммо, дерди яна онам,
Одамлар гоҳида
Товуқ аввал бўлганми ё тухум,
Деб баҳслашадилар.
Улар бўлмағур бир баҳс сабаб
Қон тўкишга тайёрдир.
Кўплари кўрдирлар, товуқ сингари:
Келажакларини туман қоплаган,
Кўзларига чапланган дунё ранглари.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — IX

Бу – олов.
Қип-қизил,
Жуда ҳам иссиқ.
У ёмон куйдирар.
У — душман,
Аммо у — дўст ҳам.
Аммо, дерди яна онам,
Биз ўрганишимиз шарт
Ичимиздаги оловни
Ўчиришни.
Сабрли одам —
Дунёнинг энг буюк неъмати.

ОНАМ АЙТАР ЭДИ — X

Бу — тоғ.
Унинг чўққисига интилар ҳамма.
Аммо, дерди яна онам,
Юқорига чиқаётган одам,
Оёғи остидагиларни тепкилар,
Босиб чиқар тепага.
Тепага чиқиб олгач,
Пастга қарамай қўяди.
Бир куни қулайди,
Синади
Қоқилиб
Ўзининг кибрига,
Жаҳолатига.

Карим Баҳриев таржималари