Шукри Рамў (Şükrü Ramo) 1918 йили Македониянинг Штип шаҳрида туғилган. “Ватан бирдир унутма” (1958), “Гулчамбар” (1959), “Хуш келдингиз” (1964), “Гўзал кунлар” (1972), “Қуш саси” (1980), “Сабоҳ юлдузи” (1987) номли китоблари чоп этилган.
УНУТМАЙМАН
Сап-сариқ япроқлар кўкда учаркан,
Шамол қанотига осилиб олдим.
Ичимда уруш, ўч ҳисси жўшаркан,
Ўзимни Оқтошда деб хаёл қилдим.
У Оқтошга хотирам аён,
Унутмасман уни ҳеч қачон.
Йўлчилар денгиздан қайтди қирғоққа,
Кеча шафағида ўзимни кўрдим.
Қалбимдан қояга ёғилди ўқлар,
Йўлимни оловлар ичига бурдим.
У оловга хотирам аён,
Унутмасман уни ҳеч қачон.
Аскарлар ташланди қора илонга,
Бўронда судралиб бориб, сув ичдим.
Чанг, туман тўларкан тунда ҳар ёнга,
Қўшиғимни айтиб, жанггоҳдан кечдим.
Қўшиғимга хотирам аён,
Унутмасман уни ҳеч қачон.
Она силар экан ўғлин бошини,
Гўзал эрталарга қувват тиладим.
Ўлимга чимиргач Ҳаёт қошини,
Ўлсам ўлибман-да, ачинмам, дедим.
Сўзимга-да хотирам аён,
Унутмасман уни ҳеч қачон.
Қорли ер куларкан баҳорга чўмиб,
Хароба деворлар йиқилган пайти,
Шаҳид йўлдошимни мозорга кўмиб,
Кўзимда ёш билан ортимга қайтдим.
У шаҳидга хотирам аён,
Унутмасман уни ҳеч қачон.
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси