Нусрат Дишо Улку (1937)

Нусрат Дишо Улку (Nusret Dişo Ülkü) 1937 йили Призренда туғилган. 1964 йили Македониянинг Скопье шаҳрига кўчиб ўтган. “Болаларнинг қўллари” (1965), “Демоқчи бўлганларим” (1965), “Учган” (1972), “Оқинлар ғунчаси” (1974), “Денгиз ва мен” (1983) китоблари чоп этилган.

БОРЛИҚ

Баъзан яқин
Баъзан узоқмиз
Баъзан совуқ
Баъзан қайноқмиз.

Қирғоқлар каби яқин
Қирғоқлар каби узоқ
Қиш каби совуқмиз гоҳ
Ёз каби иссиқ ҳар чоқ.

Баъзан сархуш
Баъзан эслимиз
Гоҳо ғариб
Ошиқ асирмиз
Сархушлардан сархушмиз
Донолардан ҳам доно
Ғариблардан ғариброқ
Шайдодан ўта шайдо.

Баъзан бормиз баъзида йўқмиз
Баъзан очмиз баъзида тўқмиз
Инсонлар каби бормиз
Руҳлар каби йўқ
Очлар қадар очмиз
Тўқлар қадар тўқ.

ЧИН ШОИР

Йигит ўлар шон қолар
От ўлар майдон қолар
Майдонда ботир қолар
Шоир ўлар шеър қолар.

ЙЎЛИНГИЗ ЙЎЛЧИСИМАН

Сувсаганлар қўлидан
Сув ичмоқдаман
Сиз ҳам ичаяпсизми?

Сархушлар йўлидан
Тебраниб кетмоқдаман
Сиз ҳам кетаяпсизми?
Очлар нонин қўлидан
Олиб-да емоқдаман
Сиз ҳам емоқдасизми?

Диндорларнинг йўлидан
Озиб-да ўтмоқдаман
Сиз ҳам ўтаяпсизми?

Бўларин айтсам баъзан
Ўзимдан кечмоқдаман
Сиз ҳам кечаяпсизми?

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси