Ирфон Беллур (İrfan Bellür) 1954 йили Македониянинг Скопье шаҳрида туғилган. Скопье Кирилл ва Мефодий университети филология факультети турк тили ва адабиёти бўлимини тугатган. 1992 йилдан Германияда яшайди.
Шеърлари Македония ва Косовадаги бир қанча газета ва журналларда чоп этилган. “Мемет” (1981), “Инсонлар ва кабутарлар”, “Картон қути” пьесалари саҳналаштирилган.
АЛДАЙ ОЛМАС ТЎҒРИ ТЎҒРИНИ
Ўқ отолмас бошқа бир ўқни
Сув чўктира олмас балиқни
Илон қуса олмас заҳарни
Тузоқ тута олмас каптарни
Кулни-да ўт ҳеч ёқа олмас
Йиқиқлар бир уй бўла билмас
Ҳақорат-ла битмас ҳақорат
Адоват-ла битмас адоват
Сўзлай олмас соқов сокинлик
Тирилтолмас ўликни тирик
Алдайолмас тўғрини тўғри
Неча юз йил ўтди-да кетди
Сен ўзингга етолмай нетдинг.
ОВЛАШ ВА ОВЛАНИШ
1
Сен бахтлисан қармоқнинг бир учида
У учида балиқ питирлар
Денгиз эса гувлар ўзича.
2
Ўлди
Пулга айбсизлигини
Сотиб ола билган одам ҳам.
3
Бахтлидирман водийда
Зотан ёлғизлигимнинг
Чўли ёнар ичимда.
ҚЎРИҚЛАШ
Сенинг нонингни пичоқмас ҳар вақт
Менинг экмагим қўриқлар фақат.
Сенинг сувингни сувомбор эмас,
Менинг сувларим қўриқлар фақат.
Сенинг боғингни деворлар эмас,
Менинг боғларим қўриқлар фақат.
Сенинг севгингни шеър, қўшиқ эмас,
Менинг пок севгим қўриқлар фақат.
Сенинг эркингни ўқ, қурол эмас,
Менинг ҳурлигим қўриқлар фақат.
Сенинг умрингни саройлар эмас,
Менинг ҳаётим қўриқлар фақат.
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси