Авний Энггулли (Avni Engüllü) 1947 йили Македониянинг Скопье шаҳрида туғилган. “Илк” (1972), “Мете” (1983), “Тўрт фасл” (1984), “Инсонмисан, жинмисан” (1985) китоблари чоп этилган.
ДУОЛАР ЯРАТАМАН
топиноқлар
масжидлардан
ахтараман ўзимни
ахтараман ўгирмасдан
улардан ҳеч кўксимни
кўзларимни кўкка қаратаман
сени эсларкан ҳар он
дуолар яратаман
ЗИЛЗИЛАДАН ҚОЛГАН ИЗЛАР
улар тоғлардай
кимсасиз
ёлғиз
ахтарарлар
онасини
отасини
акасини синглисини
йўқотган улар
ўлган ўлди
соғ қолганда
очиқ қолди
яралар
ЮКСАЛМОҚ
юксалмоқ инсонга инсон деб қараш
инсонийлик эса бутун юксалиш
бошқани эзмасдан туриб юксалмоқ
барча юксалишдан устун юксалиш
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси