Абдулпфаттоҳ Рауф (Abdülfettah Rauf) 1910 йили Македониянинг Скопье шаҳрида туғилган. Мадрасада таълим олган. Македониядан етишиб чиққан турк уламоларининг етакчиларидан. 1945 йили Югославия ҳукумати тарафидан диний айблар билан қамоққа олинди. 1963 йили вафот этган.
СЎНГ НАФАСИМДА ВАТАНИМ
Тунга айланди йўлингда неча кундузларимиз,
Тонг отар деб кутдию сўнди неча кўзларимиз.
Ўлар эрсамда агар сўнг нафасимда ватаним
Ишқию меҳри билан янграса сўнг сўзларимиз.
На кафан истагимиз ё на гўзал мақбарадир,
Энди кимга қоладир кимсасиз ўксузларимиз.
Эй буюк ўтмиш, сенинг чўнг ҳайбатинг алдамасин,
Тоғ надур, воҳ, тошчалар бўлсак агар ўзларимиз.
…Бир баҳор ишқи билан қиш демадик, ёз демадик,
Ҳеч туганмайди бироқ қишларимиз, кузларимиз.
Минг тикан бостик-ку, эй холиқи кулл, бир гул учун,
Бунга бир шоҳиди одил қонаган юзларимиз.
Бу қулинг дардини сўйларга макон топмади ҳеч,
Сенга равшан не эрур сўзларимиз, изларимиз…
Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси