Хуана де Ибарбуру (1892-1979)

Хуана де Ибарбуру (Juana de Ibarbourou), Хуана де Америка номи билан ҳам машҳур (8 март 1892 — 15 июль 1979) — уругвайлик шоира. Испантилли Американинг энг машҳур шоираларидан бири.

НАФИС МЎЪЖИЗАЛАР

Қўлларим… о, мўъжиза! Гуллай бошлади буткул!
Ўнта бармоғимдан ҳам ўсиб чиқди атиргул!
Гуллай бошлади қўлим тегиб оташин дудоқ,
Сен ўпган қўл айланди чаман гулзорга шу чоқ.

Мўъжиза хабарини етказай деб дафъатан,
Чопа кетдим гоҳ йиғлаб, гоҳо кулиб бу бахтдан.
Қувонаман, куламан, кўз ёшим – оқар дарё,
Қаранглар, о, мўъжиза! Атирга тўлди ҳаво!

Атрофдаги одамлар шивирлай бошлар шу кез:
– Оборайлик уйига, ақлдан озмиш шўрлик қиз.
Бармоқлари ғунчалаб, гулга айланмиш қўли,
Тавба, бечора қизни қайларга бошлар йўли?!

Эҳ, бу содда одамлар, мўъжизага ишонмас,
Кўз билан кўрсагина ишондик деб айтар, бас.
Улар ўйларки, гуллар ўсар фақат далада,
Донлар, бошоқлар фақат силкилланар ғаллада.

Ҳар гиёҳнинг ўрни бор, шакли, ранги, жилоси,
Қўлим гулласа, дерлар: “Гуллагани нимаси?!”
“Севиклим!” деган сўзни тушунмайди одамлар,
Уларга бахт бағишлар фақат арақ, таомлар.

Улар мени тутмоқчи, зиндонга ташламоқчи,
Эшигимни тамбалаб, қўймоқчи етти соқчи.
Ана, етаклаб келди бир баҳайбат итни ҳам,
Зора мен гул, атирни, мўъжизани унутсам…

Мен барибир куйлайман: қўлларим гулламоқда!
Бармоқларим – атиргул! Ифор сочар қамоқда!
Ана бурнин кўтариб, маст бўла бошлади ит,
Атиргуллар ўсмоқда, тўрт девордан ошди ҳид!…

Назокат Жумамуродова таржимаси