Хосе Анхель Буэса (1910-1982)

Хосе Анхель Буэса (José Angel Buesa) — таниқли Куба шоири, адабиётшунос. Крусес шаҳрида туғилган. Етти ёшида илк шеърий машқларини бошлаган. Йигирма икки ёшида Гаванага бориб, адабий давраларга қўшилади ва шеърлари эътибор қозонади. Унинг “Тутқинсиз вақт”, “Ибодат” (1933), “Тартибсизлик” (1936), “Сўнгги қўшиқ” (1936), “Воҳа”, “Прометей”, “Қасидалар”, “Дон Жуаннинг қариши”, “Ҳар кунги ўлим” (ҳаммаси 1943 йилда), “Протея қўшиғи” (1944) шеърий китоблари нашр қилинган. Халқ орасида “Ошиқ шоир” номи билан танилган. Ушбу шеърлар Чили университети нашриётида чоп қилинган “Ҳафта муаллифи” (2001) танланган шеърлар китобидан олинди.

ЁМҒИР ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Сенинг ҳам ойнангни чертади ёмғир,
Эҳтимол, сукутда ёғар у шундай.
Тундан саҳаргача, менга аёндир,
Гарчи истамайсан, ўйлайсан кунда.
Сокин юрагингда туғилар қўрқув,
Кечаги илиқлик тафтини сезиб.
Қўлингда игна. Ип бўлади тугун,
Кўзларингда ёмғир ёғади эзиб.

КЕЧИККАН СЕВГИ

Кечикканча ҳазин боғга
Учиб кирди капалак.
Ёзнинг дилгир кечасин
Ёриштирди ул малак.
Шабнам, гулобга ташна
Атиргулга қўнди у.
Гулнинг сўнгги япроғин
Учириб кетди қайғу.
Мен мағрибга йўл олиб
Сездим. Капалак мисол
Ғойибдан келганини
Бир ҳис – орзуи висол.
Юрагимда мунгли куз,
Жавоб бер кириб тилга,
Муҳаббат капалаги,
Нега кечикдинг дилга?!

СЕНИ УЗОҚДАН КЎРМОҚ

Шундай, сени узоқдан кўрмоқ. Тамом.
Сен-ла ўзга, ёнимда бошқа аёл.
Бир чашмадан оқиб чиққан зилолдек
Ул хуш дамларни қайтариш – хомхаёл.
Узоқдан кўрибон жилмайиб ўтмоқ,
Гўё туйғуларим кетгандек изсиз.
Ўзни гўё бефарқ, хотиржам тутмоқ,
Лаззатни туғдирмиш жирканиш ҳисси.
Олисдан кўрибон ўтсам-у, аммо
Сукут сақласалар табассум, нигоҳ.
Юрагим бир сени дейишин ҳамон,
Шубҳа ҳам қилмайсан, бўлмайсан огоҳ.
Ҳеч кимга айтмайман, ҳар кимса билар,
Исмингни солмайман шеър, куйларимга.
Сен ҳақда орзуга тун камлик қилар,
Кундуз ҳам етмайди зор ўйларимга.

КЎЗ ЁШГА

Бир томчи денгизки, унда чўккуси
Сокин ғам-андуҳинг, кемаси қора.
Томчики тўлдирар, тошар, қоплайди
Булутдек кўзларни, бўлган дилпора.

Бегона юракка келса у агар,
“Озор элчиси” деб қўярлар шум от,
Умидсизлик сабаб дунёга келиб,
Шаффоф марваридга айланган фарёд.
Гулни тиконлардан озод қилгандек
Юракни бўшатган томчига шараф!

Шараф шу томчига, кўнгил чўғини
Кулга айлантирса, у кетса тўзиб.
Агарда оқмаса чўкиб кетарди
Бир томчи кўз ёшга юракнинг ўзи.

ҚАДАҲ СЎЗИ

Шабнамга чўмилган икки атиргул
Бизнинг севгимиздек қизил, бири оқ.
Узибон гулбаргин соламан жомга
Оқ майда ол, қизил, майда оқ япроқ.

Қадаҳни кўтариб лабимга боссам,
Япроқлар эслатди дудоғин ёрнинг.
Шаробда туйгумдир бўсаларининг,
Мақсади бир асли аланга, қорнинг.

Тонгдек нурафшонин ёки шафақранг
Қадаҳни танлагин ва кўтаргин даст.
Ҳеч нима сўрама, афзалдир бўлмоқ
Муҳаббатдан эмас, шаробдан сармаст.

Сен майни жилмайиб симирганинг он,
Ишқингда мен сархуш бўламан пинҳон.

Испан тилидан Ҳилола Рўзиева таржимаси