Карлос Франсиско Чангмарин (1922-2012)

Карлос Франсиско Чангмарин (Carlos Francisco Chang Marín) – шоир, ҳикоянавис, рассом ва бастакор. Шеърларида сунъий оҳанжамалик ўрнида соддаликни, сохта дабдабаю баландпарвозлик ўрнида самимиятни кўрасиз. “Фиғон” (1948), “Моддий шеър­лар” (1956), “Панама қўшиқлари” (1963) ва бошқа шеърий китоблари чоп этилган. Бир неча миллий мукофотлар совриндори. Шеърлари ўзбек тилига илк бор таржима қилинди.

ҚОН-ҚАРДОШ ҚЎЛЛАР

Шоирлар
сизларга дуолар йўллар,
шаънингизга
ширин каломлар бўлғай.
Қора қурумларга
беланган қўллар,
барчангизга
қизғин саломлар бўлғай.

Елиму лой,
қатрон қоришиб кетган
бу қўллар
сал дағал келар, албатта.
Маишатмас,
заҳмат акашак этган,
қотса,
қотган улар қора меҳнатда.

Яратиш завқида
ёнаркан улар,
хирмонлар кўтарар,
тоғни ҳоритар,
турли дастгоҳларда
чархланганича,
машъалалар ёқиб,
тунни ёритар,

Ватанга меваю
дон етказарлар,
игна тешигидан
ип ўтказарлар,
кўприклар кўтарар,
ётқизар йўллар,
кема ҳам,
қилич ҳам ясар бу қўллар.

Ёлғизоёқ сўқмоқ,
ё кошоналар,
юртнинг масжидию
минорларига,
ибодатхоналар,
кўшклар томига,
майхоналар ҳамда такяхоналар,
қатор корхоналар деворларига,
бу қўллардан гоҳ тер,
гоҳо қон томган.

Бобомнинг қўллари
ерга қоришиб,
гоҳ қавариб,
гоҳо қадоқлар боғлаб,
ғалла етиштириб
сизу биз учун,
чўл ўрнида
бунёд айлагай боғлар.

Қуруқшаган,
ғадир-будур бармоқлар
адоқсиз азобдан
гоҳида чалғиб,
турли тадбирлару
тантаналарда
бирорта соз
чертса бўларди, балки?!

Бирор соз
торларин чертмасалар-да,
мушаклари бўртган
оғир билак ва
муштумга айланган
ўн нафар бармоқ
элини етказар ҳар не тилакка.

Ўнта марди майдон
ўғлондек улар,
жиноят деворин йиқита олар,
ночор бир кимсани
қай қасамхўрдан
қоронғу кечада қутқариб қолар.

Қалампирмунчоқ
ё атиргул эккан
онамнинг қўллари
азиздир ерга.
Улар болалари учун
нон топмоқ илинжида
мудом ботади терга.

Ким билсин,
эҳтимол, қайси оқпадар
истеҳзо аралаш устидан кулар,
ҳар ҳолда,
саҳардан ярим тун қадар,
тиним нелигини билмайди улар.

Нон ҳидин таратиб
волидам қўли,
улкан меҳр ила
бошим силарди,
гужум дарахтининг
бутоқларидай
ажин қоплар, бироқ
бир кун уларни.

Сабру бардош учун
яралган қўллар
асл фидокордир,
асл қаҳрамон.
Уларни
ҳар қанча эъзозласак кам,
ахир,
шулар боис кўксимиз осмон.

Қўлига таянар
ишчию баққол,
боғбону деҳқонлар,
косибу кулол.

Забардаст бу қўллар
ҳар ишга қодир,
бу қўллар чевардир,
моҳирдир, нодир.

Улар ерни ковлаб,
тариқ сочарлар,
ўйиб тоғу тошни,
ариқ очарлар,
тап тортмай пўртана,
тўлқинларидан,
дуру маржон терар
денгиз қаъридан.

Азиз замондошлар,
муштга тугилган,
болға
ё чўқморни ёдга солгувчи
қўлларингизни
биз шарафлагаймиз.
Чунки
бундай қўллар курашмоқ учун,
заминда адолат ўрнатмоқ учун,
ижод қилмоқ учун яратилгандир.

Кенг халқ оммасининг
метин қўллари
занжир,
кишанлардан қутулар эркан,
Осиё,
Африка,
Европа ҳамда
олис Америка қитъасида ҳам,
жанубу шимолда,
бутун оламда
зулму истибдодга
бергайдир барҳам.

Турфа гуллар аро,
бошоқлар аро
гўзал оҳангларнинг
жаранггосида,
бахту саодатнинг
хуш садосида
саломга узансин
меҳрибон қўллар.

Эзгулик йўлида
эрлар бирлашсин,
сулувлар эса
гул билан сирлашсин.
Кўкни қучсин
тинчлик кабутарлари,
кўлларни қопласин нилуфарлари.

Миллатлар
ҳуррият бонгини урсин,
янграсин бойчечак қўнғироқлари.
Бу қўлларда
мудом ҳилпираб турсин
бирдамлик,
озодлик,
эрк байроқлари!!!

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси