Шоир ва публицист, йирик жамоат арбоби Фернандо Рендон (Fernando Rendón) 1951 йилда Колумбиянинг Меделлин шаҳрида туғилган. Эркпарвар шоир “Прометео” номли адабий журналга асос солган ва ушбу журналга муҳаррирлик қилган. Айни пайтда Фернандо Меделлин Халқаро Шеърият Фестивалининг директори вазифасида самарали фаолият олиб бормоқда. Бу шеърият анжумани дунёдаги энг йирик ва нуфузли шеърият байрамларидан бири саналади. У 1991 йилда Жанубий Америкада жойлашган Колумбия мамлакатининг Меделлин шаҳри ер куррасидаги энг хавфли ва даҳшатли шаҳарга айланган бир даврда ташкил этилган. “Санъат ва Прометеода шеърият” деб номланган ташкилот раҳбари сифатида Фернандо Рендон “Гулливер лойиҳаси” ҳамда болалар учун шеърий маҳорат мактабини ҳам бошқаради. У талабалар, ўқувчилар ва кенг жамоатчилик учун кўплаб адабий ўқув курслари, анжуманлар, маъруза ва симпозиумлар ўтказган. Қолаверса, у Лотин Америкаси Шеърият Фестивали Тармоғини ташкил қилган. Унинг шеърлари ўзбек тилида ўқувчилар эътиборига илк бора ҳавола этилмоқда.
* * *
Бир лаҳзада сароб тош каби қотди. Кундузнинг энг охирги нурига чулғанган одам ўз тобутида тўртта кишининг оғирлигига тенг бўлиб қолди. У ўз-ўзини ишғол қилиб, ўз қоронғулиги ила йўл очмиш бир навдаги замин мисол устимизга ўрлади.
Бизни қоқ туш остида қапиштирувчи тортишиш кучи бирор кимса тикланишидан умид қилмаган тақиқланмиш афсонанинг юз томонидир. Аммо бошқа харсанглар айни шу осмоннинг остида Милет қаландарининг товушига кетди айланиб.
Алмисоқдан қолган денгиз қумлоқ соҳилга айланган маҳал сувнинг шартли овози-ла қурамиз суҳбат, сўнг тутқич бермас модда қурийди қумда, эт ҳамда сертолали, ўзгарувчан ҳаётнинг суюқ хаёлига айланар.
Ўлиб қайта тирилувчи бу абадий шувоқ коинот суюқликда йўқотади моҳиятини ёхуд ўз ўчоғи ичига кирар, негаки у билмайди ё ҳар доим қарши туролмас енгиб бўлмас вақтнинг измига. Дерлар-ку, шайтон чидаганда юз йил азоб чекиш унча осонмас. Ҳаво, бир қисм қаро тупроқ ва оловдан сўзлар ясалади, улар шамол ва ё ҳали ўлим ўчоғига ёриб киролмаган ифодасиз каттакон лой оҳанрабодай ўзига тортган қум кукунларидир. Сўзлар яна бирданига улоқтирилган қояларга ўхшаб зил-замбил ёки хотирага тўлиқ заминда жипслашган чанг-тўзон мисол.
Аммо биз бир кун қайта нурга айланувчи тошнинг тилида ҳам сўзламоғимиз даркор. Келажак алмисоқдан қолган тошнинг устига ёзилади. Қайта туғилиш ана шу тошдан ўзимизнинг ялтироқ табиатимизга қайтиш демакдир.
* * *
Бетаъсир мақсад-ла кўринмас дунёнинг кўзни олувчи ғояси остида тизиламиз биз. Қурилиши кетаётган янги ҳаётнинг очқичлари бор қўлимизда. Бирор кор-ҳол бўлиши мумкин, фақат қўрқиш этилмиш тақиқ.
Сеники эмасдир сенинг нарсалар, бизники-чи ўзгармас, содиқ. Қўтосларни бир эсингга ол. Ёлғиз касал қўтос ортда қолиб кетар подадан. Қарочўғим, пирпираяпсан. Вайсаяпсан бунча кўп, оғиз.
Фақат шеъриятни ҳис қилса бўлар. Шу боис эътиқоддан ҳазир бўл. Қовоқхонадаги сўзлашув услубидан бўлгил эҳтиёт. Зарурат туғилган маҳалгина сўзлашмоқ лозим. Вақти билан ўзни янгилаш даркор, ҳамманинг кўриши шарт эмас лекин. Бошқалардан кетмагил ўзиб, кўпроқ ёки ҳатто озгина. Хаёлнинг панд беришидан тушгил ташвишга. Ёлғиз қолганингда гапирма асло. Бу лазиз нарса ҳақида қанча кўп ва қанча кам билсанг, шунча яхши эрур. Мавҳум шароитда кузатамиз бир-биримизни. Бир-биримизни тўлиқ тушунмасдан суҳбат қурадиган бу кулгили ёқимтойликни севамиз ва яхши англаймиз. Бу ёқимтойликда айтган ё айтмаган сўзимиз учун бизни тошга айлантириб қўйиши мумкин Медуза.
* * *
Шеър – бу қимор ўйнаётган юрак ҳиссиз бай тикадиган жойдаги чамбарак деганимас. Ёхуд шеър бор будини кўппакларнинг югуриш мусобақасида ўйинга тиккувчи ҳам эмас. Шеърият – бу руҳнинг очқичи, мў‘жизакор метамарфоза қолдиғи.
Тошнинг порлоқ юрагида, сеҳрли ўсимлик ва жазоси турмага михлаш бўлган Инквизитсия тақиқлаган китобларда, тобланган маърифатда илдиз отмиш курраи заминнинг терисини шилган халқларнинг гўдаклигига сутдай сингиган қўшиқ ва афсоналарда бизни занжирдан халос этиши кўзланган олов асли курашчан тасаввурдир.
Шеър жумбоқнинг жавобин топар. Қайси бири тезоқар дарё, оқимини фақатгина хаёллар орқали ўзгартириш мумкин бўлган ифодасиз ўзгариш аро бизни тан олмайдиган ёқимли ва ҳар доим ўзгарувчан ҳақиқатми ё?
Шеъриятда, шеър битилур муҳим паллада, исбот талаб қилмас бу пайтда, барчамиз шу бешафқат тарихни пичингларсиз қиморга тикамиз.
* * *
Атиги икки миллион ёшли навқирон йигитлармиз биз.
Фақатгина битта ҳақиқатга эга бўлишга интилмасдан яшамоқ нақадар оғир, бу эса асрлар ишидир.
Аммо ҳақиқатга эришмоқ янада қийин.
Ҳақиқатнинг ўзи не демак?
Ҳаёт – бу чегара, боши ва охири барча ҳадларнинг.
Ўлим ва урушга барҳам берувчи нафис мулоқот – шеъриятдир ул.
Негаки севгини унутиш баҳоси уруш ва ўлимдир.
Севги барча сайёранинг шоири эрур. Унинг нурларидан азиз одамларга етар илиқлик.
Дунёнинг барча муҳаббати мавжуддир.
Кўзимизни юмдик унга биз, ҳатто унинг бошпанага зор уйимиз, оиласимиз, юрагимиз дея ўйладик.
Уни ўз ичига олиш ва қучиш учун, шу тариқа муҳаббат ва унинг қўшиғига қучоқ очиш-чун, абадий ва ўлмас бўлишга бори бўшлиқ кечиради кун.
Беркинасиз қаёқларга сиз? Қачонлардир тугар ҳеч нима.
Биргина сизга аён – ёзаётган қўл қайси-ю ўчираётгани қай бири, нимани ёзаётгани-ю ўчираётгани нимани.
Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржима қилди