Марцелиюс Мартинайтис (1936-2013)

Марцелиюс Мартинайтис (Marcelijus Martinaitis; 1.04.1936 — 5.04.2013) – литва шоири, адабиётшунос, публицист, таржимон. Унинг «Кукутис балладалари» китоби жуда машҳур.

КУКУТИСНИНГ ЯЛЛАСИ

Ялласини бошлар Кукутис:
«Ҳаёт қандай шодумон, беғам!
Ҳаёт гўзал, қувончу байрам,
Ҳатто недир етишмаса ҳам!»

Кукутиснинг шодмон сасини
Ялла тинглаб тураркан деди:
«Келтирдинг-ку сен ҳавасимни,
Овозинг ҳам яхши,лаънати!»

Шундай дея бироз олиб тин,
Сўнг овозин қўйди баралла.
Отин ниқтаб кетди Кукутис,
Ортда шодмон куйларди Ялла.

КИТОБ ҲАҚИДА ХОТИРА

Китобни ўқирдик сен билан бирга.
Қўлингни ушладим.
Сўнг қучоқладим.

Тўсатдан
Ўзгариб кетгандек бўлди
Варақлари очилган китоб.

Кейин
Қанча уринмайлик ўқиёлмадик —
Кимдир кўз юмганди ўша китобда.

ҚАРЗ

Кечалари тушларимда
Йиғилишар марҳумлар.
Мен улардан қарз оламану
Кейин сўрайман:
— Қарзимларимни қачон қайтарай?

Улар менга жавоб беришар:
— Қайтаришга шошилмай яша!
Ёнимизга келганингда қайтарсанг бўлди,
Кейин сен ҳам қарз берасан бизларга ўхшаб.

Аямай сарфлайман олган пулимни.
Тонгларга, шамолларга сарфлайман,
Сарфлайман бир қултум булоқ сувига.

Яшаган ҳар куним — қарзимга тўлов.
Марҳумлар баъзан-баъзан қилишади арз:
— Яхшиям, бизлардан сенинг қарзинг бор —
Бизни унутишга қўймайди бу қарз.

* * *

Кўзларимни ўйсалар агар –
имкон берма ҳеч кимга асло
қорачиғим кўр зулматини
ёлғон билан тўлдирмоққа ва
атамоққа уни қуёш деб…

Сўзларимни тортиб олсалар –
сукутимни тинглагин, ахир,
мен тил ютиб турганим билан
сўзлар сукут сақлолармиди?!

Айирсалар эсу ҳушимдан –
ялинаман, ўлдирма мени,
айирмагин мени ҳеч қачон
бир бурда оқ ё қора нондан.

Суғурсалар қалбимни агар –
ёт нарсани бахш этма менга,
она юртнинг қоп-қора қумли
тупроғини ҳовуч-ҳовучлаб
кўкрагимга сочиб қўйсанг, бас,
эшитарман ҳаёт сўзини.

Топтасалар мени бутунлай –
ўстир менинг орқамда букур,
токи унда жо бўлсин яксон
ҳақиқатим – мўрт суякларим –
ва ижозат бергин сен менга,
остонангга бошимни қўйиб
ўлмоқ учун одамга ўхшаб…

Хуршид Даврон таржималари