Латвиялик шоир, ёзувчи ва журналист. Марис Чаклайс (Māris Čaklais) 1940 йилда Салдусда туғилди. 1964 йили Латвия давлат университетйининг журналистика факултетини тамомлади.
Literatura un Meksla ва Kerogs журналларида муҳаррирлик қилди. “Озод Европа Радиоси”га дастурлар тайёрлади.
2000 йили Уч Юлдуз ордени билан тақдирланди. Унинг биринчи шеърий китоби 1965 йилда нашр этилган. Пиёда ва мангулик”, “Япроқнинг товуши”, “Майса куни”, “Ирмоқдаги олов”, “Менинг нарвонимда”, “Соаткўл”, “Овоз еткудайин масофа”, “Кабутарнинг даъвати” каби китоблари дунёнинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилинган.
Шоирнинг болаларга аталган китобларидан бири Хуршид Даврон томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Тошкентда нашр этилган.
* * *
Уч ярим миллиардмиз
Ер шарида,
Қуёш остида.
Шулардан бор-йўғи
Бир ярим миллиони
Биз латишлармиз.
Бу денгиз учун бир томчи, холос.
Денгиз томчисининг қуёш ҳақида
Қўшиғи бўлиши мумкинми, ахир?
Ва лекин бари бир
Ер шарида,
Қуёш остида
Бир Ватан бор
Латвия деган.
Ер шарида,
Қуёш остида
Халқ бордир
Латишлар деган,
Ер шарида,
Қуёш остида
Бу халқнинг қўшиғи бор
Қуёш ҳақида:
Уйғон, қуёш, тонгда уйғон,
Қора шомда ботгин, қуёш.
Тогда бизни бағрингга бос,
Шомда эса видолаш.
ҲАР СУБҲИ САҲАР
Ҳар тонг, ҳар субҳидам чоғ
Қийналади мудроқ боғ.
Боғ қўйнидан қағиллаб
Учар тўп-тўп қарғалар.
Учиб олисга кетар,
Бир пасда кўздан йитар.
Тун шарпаси, сен ҳам кет –
Уйғонсин ухлаб ётган
Инсон боласи бу чоғ.
Уйғон, эй мудроқ инсон,
Ёруғ яшил қўшиғин
Сенга инъом этар боғ.
ВАЗИЯТ
Ўзи йўқ токчамда турган китобсан,
Сен ҳали ҳеч ким ухламаган
Эртанги тундаги сеҳрли тушсан.
Сени ўйлаб топмаган бўлсам –
Омадсизлигим,
Ночудлигим,
Ё баҳорий заифлигим боиси эмас –
Кўзларингга дуч келмаган бўлсам.
Гап шундаки,худди мен каби
Сен ҳам олдинги ҳаётингда
Ишларингни поёнига етказмагансан.
Бир-биримизни излаш энди бефойда –
Муҳлат етди,
Кетмоғимиз шарт.
Хуршид Даврон таржималари
ТЎРҒАЙНИНГ ҚАЙТИШИ
– Тўрғай қуш, миттиқуш, гапир, тўрғайжон,
Осмондан келарни кўрдинг сен бу он?
– Кўрдим, ёнаётир эски бир қаср,
Одамлар, янги бир қаср қурмоқдадир.
– Тўрғайим, миттивой, гапир-чи, бу пайт,
Ким баланд овозда куйлаётир, айт?
– Бузётганлар қўшиқ куйлашар ўктам,
Улардан қолишмас қурётганлар ҳам.
– Тўрғайқуш, жоним қуш, айтиб бергин сен,
Ким йиғлар? Фарёдлар эшитяпман мен…
– Қаср қурётганлар азобдан йиғлар,
Аламдан йиғлашар бузаётганлар.
– Тўрғай, миттигина қушим, гапир-а,
Сен ўзи осмонга чиқдингми сира?
– Қара, қиров босган майсанинг бари,
Парвардигоримнинг оппоқ сочлари…
МЕНГА ТУҲФА ҚИЛ
Дунёнинг шивирин менга туҳфа қил,
Тоқатим қолмади ҳайқириқларга.
Дабдабали нутқлар, кўча ғовурин
Моҳиятин секин тушунтирсинлар.
Менга юлдузларнинг суҳбатларини
Унолғич тасмага ёзиб совға қил. –
Мен ҳайрон қоламан, улар шивирлаб
Суҳбат қурадилар, қичқирмайдилар.
Ҳайрон қолар одам, улкан-улкан юлдуз
Гаплаша олади қичқириқларсиз.
Туҳфа қилгин менга ҳаммадан қолган
Ҳамма ташлаб кетган нафис бир сўзни.
Шунча нафис бўлсин, шунча арзимас
Ҳеч ким тилга олмай қўйган сўз бўлсин.
Ки, қишки дарахтнинг шийдам шохида,
Осилиб турган энг сўнгги япроқдай
Яшовчан сўз бўлсин, жони қаттиқ сўз.
* * *
Қадим ер устида
офтоб остида
тўрт ярим миллиард одам яшайди.
Латишлар – бир ярим миллионгина.
Бу худди, денгизга бир ярим томчи.
сув томди дегандай гапга ўхшайди.
Бир ярим томчидай шу одамлар ҳам
Куйлар қуёш ҳақда ўз қўшиғини
Барибир, барибир шу қадим ерда
Офтоб остида латишлар бордир.
Улар қўшиқ айтар, офтоб ҳақида,
Қуёш ҳақда куйлар ўз қўшиқларин:
“Тур, қуёшжон, эрта билан тур,
Қош қорайса, ётоғинг тайин.
Бизни тонгдан аямай қиздир,
Раҳминг келиб ботарсан кейин”.
Рус тилидан Жавоҳир Санъат таржимаси