Шоир, носир, драматург Имант Зиедонис (Imants Ziedonis) 1933 йилда Латвиянинг Слок шаҳрида туғилган. 1959 йилда филология мутахассислиги бўйича бакалавр дипломига эга бўлган. Ижодий фаолиятини шеърлар ёзишдан бошлаган муаллиф наср ва назм оралиғидаги чуқур ҳиссий таъсирчанликка эга янги адабий шакллар яратишга уринган.
Унинг “Эпифаниялар”и ақлнинг мусиқий ўйинларига ўхшайди, “Эртаклар”и рангдор фикрларнинг уйғун композицияси, “Курземите” бўлса – кичик эстетик тадқиқотлардир. Латвия халқ шоири. Имант Зиедонис 2013 йил Ригада вафот этган.
* * *
«Ҳа» ва «йўқ»нинг ўртасида машъум бўшлиқ бор.
«Манфий» билан «мусбат»нинг ҳам ўртасида у.
Нима учун яшаяпман бу дунёда мен.
Нима учун курашаман, курашмикан шу?
«Ҳа» ва «йўқ»нинг ўртасида бир бўшлиқ машъум —
«Мусбат» билан «манфий»нинг ҳам орасида у.
Минглаб, минглаб йўловчилар ботқоқликда жим —
Икки тоғнинг ўртасида кўз юмган мангу.
«Ҳа» ва «йўқ»нинг ўртасида ўлимдай бўшлиқ.
Чақирасан. Овоз чиқмас. Йўқдир акс-садо,
Қуёш йўқдир, замин йўқдир, нафас, ҳаво йўқ.
Наҳотки, мен шунда қолиб, бўларман адо?
Тонг отади — битта эмас, икки тонг отар.
Икки қуёш чиқиб, минар икки чўққига.
Елкаларим: бу ўнг, бу чап — ўртада ётар
«Ҳа» ва «йўқ»нинг ўртасида менинг бўшлиғим.
* * *
Ажиб палла эди ўша ёз.
Биз гуллар тилида суҳбатлашгандик,
Яъни, имо-ишора билан
Момақаймоқ бўлиб гапирдик май ўртасида.
Момақаймоқ толалари ёпишган асалари каби
Сўзларимиз учди
атрофда — сариқ.
Сирень шевасида гапирмоқ қийин —
Сирень монанд оқшомларда сўзлар ёниб кетади
Ва қалбда қолади уларнинг кули.
Июлда қизғалдоқча гапириб кўрдик —
Сўзларимиз қизғалдоқ бошида қолди.
Энди, мен ёлғизман.
Ёнимда ҳеч ким йўқ, ҳеч ким кўрмайди:
Қуриб қолган қизғалдоқни ўйнайман қўлда —
Ёлғиз бўлсам,
Шундай суҳбатлашаман сен билан.
Кейин биз қичитқон бўлиб сўзлашдик,
Узоқ, жуда узоқ сўзлашдик бизлар,
Ҳозир ўйлаб кўроам, бу тилда
Бир сўз ҳам айтмаслик керак экан.
Зотан, кузда
Биримиз — оддий пуштиранг,
Иккинчимиз — оч, нихрятда оч қизилранг
Илонгуллар тилида суҳбатлашар экан,
Бирдан тушунмай қолдик бир-биримизни.
Кейинроқ, қўқонгул…
Ҳар хили бор эди бу гулнинг
Сен сиёҳ рангини танладинг шартта.
Мен бўлсам, гапирдим заъфар рангида.
Шу сабаб, ҳеч бало тушунолмадим.
Ундан ҳам кейинроқ… барчаси сўлди.
Бачкигулдан бошқа — қисир гулдан бошқа
Барчаси сўлди.
Деразанинг ойналари ўртасида
Ўсиб турибди у — кеча кўрдим.
Дераза рахида ўтириб,
Бачкигул тилида ўзимга-ўзим
Ғудранаман:
«Тезда ойналарга қиш гул солади.
Аммо унинг шевасида
Бир сўз ҳам айтмайман».
* * *
Йўлнинг чеккасида туриб,
Ёниб кетган уйнинг ўрнида
Кўмир билан
Ўлик мўриларнинг тошига
Бир қўшиқ ёзаман:
Совиб қолган ўчоқлар ҳақида,
Ўчиб қолган кўмирлар,
Уйсиз ва дарбадар мушуклар,
Онасининг жасадин қучоқлаб
Йиғлаётган гўдаклар ҳақида
Ёзаман — куйган хонадоннинг
Ўрнида топилган парча кўмир-ла.
Одамлар, бу мудҳиш мўриларни
Олиб ташламанг, турсин.
Шундай турсин, токи ўзини
Бегона сезсин бунда олма дарахти!
Чирмовуқ майсага чирмашсин
Чирмашмоққа нарса тополмай,
Атиргуллар тўлиб кетсин боққа,
Сўқмоқларни бекитсин сирень.
Мен янги йил оқшомида
Омадни синаётганлар ҳақида ёзаман.
Ноннинг иси ҳақида,
Палёнлар чарсиллаб ёнгувчи
Тандирлар ҳақида ёзаман,
Бир бурда нон ҳақида ёзаман:
«Ноннинг ушоғи» деб атарлар уни.
Бу ерда уй бўлган бир пайтлар…
Кул айланар гулга,
Ғишт қўшилиб кетар майсага.
Азоб хотиротга қўшилгандай,
Эртага бу ердан кетаман,
Аммо ҳозир
Ўлик мўриларга — қабритошларга
Кўмир парчаси-ла ёзар эканман,
Тилиниб-тилиниб оғрийди кўксим.
М.Солиҳ таржимаси
ЭПИФАНИЯЛАР
Эпифания – юнонча сўз. Инъикос. Кашф. Сезилар-сезилмас суръат, қисқа чақин, тезоқар ҳаётнинг зим-зиё лаҳзаларидан парчалар, таранг тафаккур қуйқалари, ишора, сезим, ҳаракат, қилиқ, қандайдир буюм.
Қисқа чақинлар, суръатлар, баъзида бир-бирини рад этувчи нимадир – диалектик зиддият – турли ҳодисаларнинг умумийлиги ва ҳатто ягонадаги тўла зидлик – диалектик алоқа – узлуксиз оқим. Ва оқимнинг умумий йўналиши – туғилишдан туғилишгача, туғилишдан ва яна туғилишгача, ўлим остидаги тирикликнинг мангу тантанаси, ҳаёт, унинг абадийлиги, енгилмаслиги, зарур бўлган жамики тантанавор оҳанглар.
Эпифаниялар – бу жўн мазмуннинг шеърга солингани эмас. Ўйлашимча, улар шеърга яқин.
Яқин, аммо тамоман шеърлар эмас.
Эҳтимол, насрдаги назм?
Эҳтимол, назмдаги наср?
* * *
Ҳали эрта. Кўп эрта ҳали. Ҳали кўзларини очмаган қуёш. Ҳали беланчакни тебратмас она, отларидан хабар олмади ота. Пойабзаллар ётар эшик ортида, остона эшиги ортида, сафар эшиги ортида.
Кечаги кун саҳн тахталари тирқишларида ором олар. Аранг эшитилувчи хўрсиниш пиёла сочиғига беркинади, гўё серғалва сўз печ кулига сингиб кетгани мисол.
Аммо сездирмайин тонгга ўтиб олар тунги туш ва мана столда уйғонган қалпоқ. Қалпоқ кўз очган илк хўрозлардек жуда ҳам эрта.
Буткул эрта, тамоман эрта. Илгакдаги қалпоқлар мени кутар – кетмоқлик керак.
Ҳали менга бор. Илк қадамим қўя олмадим ҳали, эшик тутқичига бирор бора қўл урмадим ҳам, бирор бора куйлолмадим саҳар шабнамларига.
Ҳали хушлашмадим қуёш билан, йўқ. Биламан, у эрта тонгда балқади, учинчи ва тўртинчи хўроз қичқириғи оралиғида ёки бошқалари оралиғида, эҳтимол, адашгандирман – ҳар ҳолда, яқинлик соати, ахир уйқудаги батраклар пишиллаши тинган, дераза пардалари тушириб қўйилган.
Ўзимнинг илк остонамдан ўтиб бораман – ғира-шира нимадандир – имконсизлик ва хотирлашдан – буду нобуд омонат нимадандир – ўз остонамдан – туманли саҳарга томон. Бу ахир болалигим.
Совуқ ва совуқбош қуёш ўз сўзини айтмади ҳали, йўлак олиб кетар туманга. Унда, туман оқлигида менинг қудуғим бошида ўрнашар аввал. Йўл аввали, демак, остонадан қудуққа қалқар. Бу ёдимда қолади. Сўлда четан, ўнгда арғувон, йўлак заранг, йўлак қайишқоқ, ўтар яшил ўтлоқ ёқалаб, ҳозирча йўқ, бошқа ҳеч йўл йўқ.
Қудуқ туби. Термуламан – ўша чуқурликда, олисда ёғдуланар сув.
Овоз бераман: “О-о!” садо берар, жаранг сочар, куйлар сас – Мелиайлис хори мисол.
Ёғоч қудуқ тепасида бир ғалати арғамчи. Ён атрофда ҳеч зоғ бўлмаса, ким уларга тортиб беради? У кимга керак – ўша сув, ўша зим-зиё чуқурликдаги?
Ўшанда эшик очилар, она чиқиб келади ва дер:
– Тез орада туғилар қуёш. Тезроқ тургин сен – менинг ўғлим.
* * *
Ўзи билан баҳслашилмас – баҳс қилинар бошқалар билан.
Дарё соҳил билан баҳслашар.
Қирғий шамол билан довлашар.
Бир тил бошқа тиллар билан беллашар.
Кўзга кўз, тишга тиш.
Аммо ўзига қарши келгувчи кўз йўқ, ўзига қарши келгувчи тиш йўқ. Ўзи билан баҳслашмайдиган ўзгалар билан қандай баҳслашсин. У жанжалкаш бўлади. У баҳслашишни истамайди – у жанжал кўтаради. Дарё соҳил билан уришади, қўнғиз стол билан уришиб қолар, ит-чи, суяк билан ғажишиб ётар, инсон – инсон билан. Бу уришқоқларнинг улуғ қўшини – улар ўзлари билан баҳслашишни хоҳламайдилар.
О, ҳа, мен тушунаман – дарёнинг, ғолиб дарё остонасининг, бир вақтнинг ўзида ўзи билан довлашиши имконсиз, негаки у ҳолда у ғолиб келолмас. Тиш бошқа тиш билан қарши турганда бир нафас ҳам ўзи билан баҳслаша олмас – унда унга ғалаба насиб бўлмайди. Кўзнинг кимнидир ўртамоқ ва жазб этмоқни хоҳлаган чоғда ўзи ўзидан шубҳа қилиши имкондан хориж, бу ахир ўз кучини қирқмоқ дегани.
Хўш кейин-чи, кейин?
Ҳозирча дарё лашкарлари тамом ғолиб эмас, аста-секин гир айланар сув гирдоблари – ҳеч фикрга толмасмикин ўшанда дарё? Кўзларинг бегона кўзлар устидан ғолиб келгач, сўнг, ўзи билан тортишиб азоб чекмайдими ўшанда?
Азоб чекмасми? Ўшанда сен телба. Ва сенинг девонавор ғолиблигинг.
Агар дарё гирдобларсиз, сув сокин тортса, агар пиво ўз кучини бой берса ва одамлар ўзаро зиддиятга бормасалар – ўшанда якка савдойилар мағлуб кетарлар. Шубҳасиз. Ҳеч вақт шубҳа билан кузатмаслар шунда ҳаётни.
* * *
Бу дунёда ҳеч нарса бизга тезгина тақдим этилмас. Дунё ғалат тузилган. Кутгин, ҳар қадамда тайинлашади: кутгин, кут.
Доимий ва машаққат ичра кутаман. Кутаман, қачон келади троллейбус. Кутаман, қачон етилади картошка. Кутаман, қачон юксаламан самога. Аммо шунда менга айтарлар: шошма, кут, аввал ўз дунёнгда яшаб тур.
Дунё интизорликда. Она фарзанд кутади, қиз муҳаббат, фахрий хизматчи мукофот кутади, озурдажон рўшнолик. Кут, бироз сабр қил. Сен чидайсан, вақт эса тўхтаб бормоқда – кутишга эврилмоқда. Вақтнинг ҳар улуши шундайин маънисиз танбаллик сабаб совурилади. У галдаги лаҳзани кутади – ортга тисарилмаса эди, иш аввалидан чекинилмаса эди.
Яқин бормоқ учун пешвоз чиқмоқ керак, кутиш эмас.
Айтишади – кутсанг-чи, кечаси ётиб ўйла, эртаси туриб сўйла. Бу беғамлик ортига беркинишмасми, эмишки, эртага бажариш мумкин бўлганни бугун бажарма? Шундайин, кечиктирилар эрта яна бир кунга. Келажак – аввал-бошдан чекинувчи ҳайбатли ям-яшил қисқичбақамидики, истиқболимиз томон ўрмаласин?
Биз келажакка кириб борамизми ёки келажак бизга кириб келадими?
Кут, келажак келади. Кутгин, ҳали футбол дарвозаси чопиб келади тўп истиқболига ва нишон яқинлашиб борар ўзи учун ўқни сўраб олгани. Кут! Сабрли бўл! Шошилма! Бардош билан кутгин ва сенинг вақтинг келади.
Аммо фақат сенинг сўнгги нафасинг сенга шундай келади. У аллақачон йўлга чиққан. Ва чалади оёқларингдан.
Сабр таги сариқ олтин, маъқуллайди мақол.
Энди йўқ! Яқинлашмоқ – истиқбол томон юрмоқ керак, кутиш эмас! Энди йўқ!
* * *
Сизга айтаман – куйланг! Шу сизга маъқулми, куйлайверинг. Қасдма-қасд дағаллик билан бўлса ҳам қойим туриб куйланг. Куйланг, таҳқирлаганнинг кўзларига кириб куйланг. Куйланг, сизни тепкилашганда ўз афзаллигингизда шодланиб куйланг.
Мен яхши тушунаман буни. Кичкиналигимда кўрганман ойнадан: қўшни аёл ўз ўғилчасини саваларди.
У бостирмада турар ва куйларди. Она уни калтаклар, у бўлса жилмаяр ва куйларди. У хўрларди, у куйларди. У таёқлаб толди, у куйларди. У қўлларини туширди, у кетди силаганча лат еган елкасини ёшлари билан, у тўқирди хуш оҳанглар.
Куйланг тирбанд автобусларда ва бунинг учун ҳақ сўрасалар – тўланг!
Куйланг, мусаллас симираётганда. Куйланг қабрлар бошида. Нега жим туришингиз керак, куйланг. У эшитмас. Унинг учунмас. Куйласангиз-чи, унинг қазоси эмас, ўз ҳаётингиз учун. Қабрдан унган игнабарглар ҳақидамас, чўққидаги ҳов анави япроқчалар ҳақида. Ўзингиз – тириклигингиз учун куйланг, куй сизга керак, унга эмас.
…Сен тунда уйғонгин ва тинглаб кўр – булбул куйлар. Мана ахир кўр, куй тунда яшамоқда.
Куйлармисан тонгда, қуёшли тонгда? Ўкинч, нафрат куйларими, музаффарият куйлари?
Қани, қаерда у, сенинг олға бошловчи куйинг? Сен аллақачон ғолибмисан – тонгда куйлаётган? Ёки мағлубмисан – тамом куйламаётган?
***
Сезяпман – қанчалар чекланган мендаги ақл. Сезяпман, аллаким – меҳвар – доимий изтироб чекувчи. Уни боғланган сигир биламан. Ўз қозиғи атрофида тез, типирчилаб қанчалар чопса, ўшанча қисқарар мендаги арқон. Ўз қозиғи атрофида айланверар, аммо жамики доира мендан торайган, энди унинг айтгани бўлмас.
Мен билмасман, нима кечар кейин, ундан-да кейин. Кўрсичқон ердан ўрмалаб чиқар ва менга дер: “Ҳов анави яйловда, ҳов анави ўрмон этагида шунчалар созми?” Унга қандай жавоб айтайин? Номус иқрор бўлар: менинг арқон тутишим менга лобид эмас. Сўзсиз бош силкийман – билганича тушунаверсин.
Аммо аҳён-аҳён, бехосдан, олис гўша ажиб лаҳзаларда ёнимда чақнар. Мен тухум ичига кириб бороламану, қобиқни парчалай олмасман. Мен пўлат сандиққа тушоламану, синдиролмасман уни. Дунё нозик ва қайишқоқ ҳолатда воқе бўлар мен учун.
Кеча қўлим шохдаги олмага етмаган эди, бугун-чи, уни шунчаки олиб қўёламан. Кеча мен эплолмасдим, ўйлолмасдим ўша олма ҳақида – гўё юксак чўққида эди, бугун-чи, қўлим ҳатто узун ва узайиб борар яна ҳам.
Ўша кез мени қўрқинч тутар – тўхтамасми қўл – узилай деб турган шунчалар ингичкаликдан, шунчалар иничкаликдан ва мен қўлларимни тортиб оламан. (Билмайман, қай ватандан ва ортиқчалик қилар мана шу керагидан ортиқ ва кўп нозик қўрқув.)
Бордир кўп ортиқлик ва ингичкалик, унинг учун масофа йўқ. Ва қўлимни қўйиб юборгум узайишига, ўсиши ҳам қолишига нечоғлик мумкин бўлса ингичкаликда, нечоғлик мумкин бўлса узунликда, ахир, ҳов анави юксакда – олма! Қўлларим бўлиб борар тамом ингичка, яна ингичка, тездан учиб борар куз осмонида мезонлар монанд.
Ўшанда менга кимдир айтар: “Бу ахир қўллар эмас. Бу қўллар эмас. Қўл шундайин бўла оларми? Олмага бундай қўлларнинг узайиши имконсиз. Умуман олганда, қўл бундай ҳолга тушмайди”.
Аммо мен яхши биламан, қўл шу қадар ингичка бўлоладики – ҳатто кўз илғамас, ҳатто кўринмас, фақат илғаш мумкин бўлган миқдорда. Мен буни биламан, кирмасман ҳеч кимнинг сўзига, узайиб бораман ва ҳозир етказаман уни олмага.
Ва бирдан сезиб қолдим – ингичкалашиш ҳаддига етди, ҳаддимга етдим. Бу менинг чегарам. Бу оғриқли, бу бир даҳшатли. Сезаяпман яна ўз чекланганлигим. Агар сал-сал, яна сал-сал узайганимда – менинг қўлим узиларди. Ва ҳеч қанақасига мени юксакдаги ўша олмага етказолмасди.
Худди шундай нигоҳ билан, худди шундай ҳид билмоқ билан.
Менинг бурун парракларим – нозикмижоз скрипка. Жасмин гуллаган қора тунда қандайлар ўйнайди у. Аён ҳис қиламан ҳидни – Янов куни қўшиғидагидек – шундай ҳид келар қайинларнинг сўлғин япроқларидан.
Менинг парракларим ёқимли куй куйлар. Кўкат ва карамдан ҳозирланган ажиб попурри ҳақида. Эзгулик ҳиди, сельдь балиғи ҳиди, денгиз билан елим этик ҳиди келар мен томон. Тўй қўшиқлари ифори келар – миртдан. Сўлган нинабарглар ҳиди бўлса қабристонлар сўқмоғидан ўтиб келади менга.
Сезилар-сезилмас янада нозик ҳидлар келмоқда. Тинглаяпман, болта қандай ҳид берар – ҳа, ҳа, у қатрон ҳидини беради, аммо яна нимадир аралаш келар, яна нимадир – у олма дарахтларин кесганга ўхшар. Нега?
Шундай ҳид берар экан-да ёмғир томчилари!..
(Гўдак нон ва асал билан бор ва асалнинг ялтироқ томчилари томарлар ерга…
Биз сен билан олчаларни жуда кўп едик, мана энди эринчоқлик билан оғиз очасан ва тотли олчаларни мажбурлаб лабларингга тутаман…
Бир куни мусаллас тўла қадаҳни тўкиб ташладим кимнингдир башарасига, мен ҳеч ўкинмадим бунда…)
Буларнинг ҳаммаси буғга айланаётир қачонлардир ёмғир томчиларига айланган ҳидлар. Ёмғир ёғар чоғда бурун парракларимда бу ифорлар ўйинга тушар – ноктюрн ижро этмоқда ёки кўҳна менуэтга ўхшаш бир нима.
Ҳидлар товушларга эврилар, товушлар ҳидларга кўчади. Қандайлар куйлайди тун бўйи аждар оғизлар!
– Эҳ, мумкинмас бундай бўлиши сира мумкинмас! Бу қандайин издан чиқишлик, бу шунчаки хаста тасаввур!
Сиз айтинг, мумкинмасми? Ўзлари текшириб кўришлари мумкин – либосларни ечинг, барини ечинг, туринг ёмғир остида ва унинг остида шодлик анқийди! Кўлмаклару ёмғир томчилари ҳид таратмасми – улар оила ва халқ, инсон ҳаётининг ифорини бермасми?
Ўрмон оқ қўзиқоринлари баритонни бермасми? Қўзиқоринлар – альт, тамаки – сопраномасми? Қўзиқоринлар балериналардек рақсга тушмасми?
Гуллолалар итнинг тунги узоқ увлашини эслатмайдими?
Товушлар сокинлик яна инжалик. Сеза бошлаганман – қаердан бош кўтарар қўзиқорин ва кутдим уни. Мен деярли эшитганман – дарё юзасидаги чумоли кулгисини. Аллақачон қўлим етган осмондаги арчамонанд булутга. Аммо тамом қилмай қўрқаман – шулар ростми, шулар меъёрми?
Ва қайтдим ортимга – еттирангли дунёга, еттиоҳангли дунёга.
До-ре-ми-фа-соль-ля-си-до. До-си-ля-соль-фа-ми-ре-до. До-ре-ми-фа…
Етти. Бошқа йўқ.
Рус тилидан Шаҳноза Назарова таржимаси