Павел Боцу (1933-1987)

Павел Петрович Боцу (Pavel Boțu; 14 июнь 1933, Бессарабия — 17 февраль 1987, Молдавия) — молдаван шоири ва ёзувчиси. Кишинёв педагогика институтини тамомлаган. Илк шеърий тўплами “Оталар замини” номи билан 1959 йили чоп этилган.

СЕНГАЧА БОР ЭДИ…

Илк бор сен — гўдакнинг
Залварин туйиб,
«Қадам қўйгин» дея
Чўзилган сўқмоқ…
Уни «меники» деб
Айтсанг-да, суйиб,
Сўқмоқ сенгача ҳам яшарди бироқ.
Бу юлдуз
Қаерга борсанг порлайди…
Ўйлайсан:
«У мен деб ёнади шундоқ,
У менинг юлдузим,
Мени чорлайди…»,
Аммо у сенгача бор эди, ўртоқ.
Сафарга отландинг,
Намланди кўзлар.
Онанг оқ йўл тилаб
Айлади дуо.
Сенга аталган у муқаддас сўзлар,
Дунёда сенгача бор эди аммо.
Гулдаги арилар,
Боғдаги гуллар,
Булутлар,
Булутни ёндирган чақмоқ,
Ёмғирлар, майсалар, кўз ёш, кулгулар…—
Барчаси сенгача бор эди, ўртоқ.

Усмон Азим таржимаси

ЗАМИНДА ЯШАМОҚ

Тарновда уйқусиз жнлдирайди сув,
Иссиқ уясида қушлар тин олар.
Юлдузлар учади тун ичра дув-дув…
Катта гап:
заминда яшаймиз бизлар.

Бошоқлар наҳрида шамоллар тинди,
Олов тиллари-ла сочиб шуълалар
Йилнинг байроқ каби гулхани ёнди,
Катта гап:
заминда яшаймиз бизлар.

Мовий чексизликда куз битди дастхат:
Арғимчоқ солишиб учди турналар,
Арғумоқлар турар тўй кунига тахт,
Катта гап:
заминда яшаймиз бизлар!

Имонимни йиллар гулхани оша
Олиб ўтдим шодлик, ва малҳам қадар,
Тупроғимни ювган нурга қориша
Катта гап:
заминда яшадик бизлар!

Ойдин Ҳожиева таржимаси

ЗАЙТУН ЎТҚАЗАМАН

Зайтун ўтқазаман,
Ниҳол заминда
Соатдай ҳайқириб, ҳаёт нафасин
Шимириб илдизлар отади кунда,
Таратиб кўкларга тириклик сасин.

Зайтун ўтказаман,
Ҳар оппоқ наҳор
Шабнам сувларидан тиниқиб, тиниб,
Шохларини силкиб шамол беозор,
Яшил алангага ўралар ёниб.

Зайтун ўтқазаман,
Кўчатим билан
Ям-яшил сарполар кийиб ўзим ҳам:
Ҳаётим бўлади чароғон, баланд,
Қалбимда умидлар очилиб кўркам.

Ажаб, шошилмайди мева қилгани,
Баҳору ёзларнинг эмиб офтобин.
Неча юз йилларнинг ҳисобин олган,
Зайтун, қайдан билсин умрим ҳисобин.

Ҳаёт парвозини дариғ тутмасин,
Қанотсиз бўлмаса бўлгани ҳавас.
Майли, ҳосилини ҳадя этмасин,
Кутиш қувончларин ҳадя этса, бас.

Русчадан Абдулҳай Носиров таржимаси.