ШУНЧАКИ, АВВАЛГИДЕК
Шамол олисларга олиб кетган
кузак ёмғири
кўксингга чак-чак томиб
поклай бошлар қалбингни.
Ўзинг ҳам билмайсан
қайдан келдинг, қайга кетарсан
тўхтама, йўлингда давом эт
шунчаки, аввалгидек.
Ғир-ғир эсаётган шабадаликда
кўринса, кўринмаса
устингдан кулгани бегоналарнинг
юксакдан ёғавер ёмғирга ўхшаб
шунчаки, аввалгидек.
ЭРИНЧОҚ ҚУШ ҲАҚИДА
Илгари, анча илгари
Қор қоплаган тоғларда яшар эди бир эринчоқ қуш.
Хан-го, хан-го дея сайрарди кун бўйи тинмай,
Узун тунлар совуғида қолган онларда
Ўйлар эдики: “эртага тонг отсин. Ўзимга
бежиримгина ин қураман” деб.
Кун қизигач унутарди қарорини.
Яна аввалгидай жарангларди
даралар аро “хан-го”си.
Кунлар елдек ўтиб кетишди
қаттиқ тақиллади тақдир соати
дафьатан теваракни қучди изғирин.
Қуш эса афсусланиб деярди нуқул:
Эртага тонг отсин. “Ин қураман” деб.
Бунга эришаолмади бироқ.
Тонг отди. Қуш уйғонолмади.
ИМКОН БЕРИНГ
ШУНДАЙ ЯШАШГА
Фақат
Эсаётган шамол тилида томчидай томаётган
нақлни эслаб яшашга имкон беринг
Фақат
Дарахт шохчаларида жилмайганда кўклам
анвойи гулларнинг қўшиғин тинглаб
ифори димоқни ёргудай оқ гулларни қучиб
баҳор ила рақс тушиб яшашга имкон беринг
Фақат
Ёз ёмғири қамчисига чидаб сабот-ла
худди ўрмон оғушига кириб бораётган каби
хилма-хил сасларни тинглаб, бетон йўл бўйлаб
денгизга боришга имкон беринг
Фақат
Кузнинг тубсиз осмони остида
каштан новдалари расмини
қалбга чизиб яшашга имкон беринг
Фақат
Қишда, дўстлар ила қорбобо ясаб
гурунглашиб олтин тилли гулхан атрофида
афсоналарни эслаб яшашга имкон беринг
Майли ҳаёт узоқ давом этган туш
Аччиқ кўз ёшлари бордир.
Лекин қўшчидай қора тер тўкиб
яшашга имкон беринг.
Берди Раҳмат таржималари