ДЕНГИЗ ВА ЎҒЛОНЛАР
Ғалаёнли тўлқинларим, тўфоним-ла мен
Синдираман ва йиқаман ҳамма нарсани.
Нима менга — тоғ ҳайбатли юксак мақбара,
Нима менга — чўнг қоялар метин, нурамас,
Сиз билмайсиз қудратимни, жазавамни, о,
Синдираман ва йиқаман ҳамма нарсани
Туғёнларим, наъраларим, дағдағам билан!
Мен жунбушга кирганимда қаҳримни сочиб,
Ҳеч нарсадан қўрқмагайман, ҳатто барчани
Қаршисида тиз чўктирган энг кабир куч ҳам
Рўпарамда узр сўрар тушиб юзтубан.
Ҳеч ким, ҳеч ким бас келолмас менинг қаҳримга,
Менинг жунбуш тўлқинларим, наъраларимга!
Тўлқинларим шиддатию тўфонларимдан
Ким бор яна юрагида титроқ туймаган,
Ким бор яна рўпарамда таъзим қилмаган?
Сиз-чи, шаҳаншоҳлар, сиз-чи, Наполеон?..
Маҳкумдирсиз сиз-да менга қуллуқ қилмоққа!
Айтинг, ким ҳам ҳадди сиғиб тортиша олур
Менинг наърам, дағдағамнинг шукуҳи билан!
Мавжларимнинг шиддатию тўлқинларимга
Нигоҳ ташлаб олислардан — тоғлар қўйнида
Ёки тошлоқ соҳилларда — нақ кафтча ердан
Тиришқоқлик билан ризқин ундира билган
Ҳамда мағрур ҳис этувчи ўзини шундан,
Келгин сен ҳам яқинимга, қара яқиндан,
Тўлқинларим жунбушига, туғёнларимга!
Мавжларимнинг жунбушию туғёнларимга
Бас келолгай ёлғизгина бир салоҳият,
У ҳам бўлса худди ўзим каби турфа хил
Майда баҳсу ҳамда майда адоватлардан
Доим баланд туролгувчи мовий осмондир,
Чиркин фисқу фужурлардан, фитнадан холи!
Мавжларимнинг жунбушию ғалаёнимда
Гарчи жўшар менда жами борлиққа нафрат,
Дунёдаги барча одамга ҳатто.
Лекин улар аро борки мудом энг асл,
Қалби тоза, матонатли, ёвқур ўғлонлар,
Улар гўзал қайиқларга ўтириб ўктам
Отиларлар менинг бағримга шодон,
О, келингиз, қучайин бир, ўпайин сизни!
Ҳавасини қўзғатмоқда қайиқларингиз –
Тағин саркаш тўлқинларим, тўфонларимнинг!
Мирпўлат Мирзо таржимаси.