Ойша Турал (1950)

Ойша Турал (Ayşe Tural) 1950 йили Кипрда туғилган. Шоир, ёзувчи сценарист. “Менинг исмим шеър”, “Ишқнинг қум соати”, “Бу дунё сизники” каби 13 та китоби чоп этилган.

СИНИҚ СЕВГИ

Кимсасиз кентларнинг қоронғисида
Ёпишқоқ ёлғизлик ёпишар, қийнар.
Севгига ўралар бу юрак, сийна.
Қоп-қора булутлар.
Босар қора тер.

Узун йўллар.
Қоп-қора
Бўм-бўш қолган поездлар ўтар.
Туман босиб борар.

Кўкда титраган юлдузлардан
Нур ёғар.
Бир томчи тушар кўзлардан,
Ўтдай ёқар.

КЕТМА

Севгинг — бу умримнинг нурли кечаси,
Тилимда — ишқимнинг шеъри, ҳижоси.
Сенсан бу кўнглимнинг яқин чечаси,
Гўзалим, юзингни ўгириб кетма.

Ишқимиз тилларга тушди, ўтадир.
Бўйни мўрт бинафша синиб ётадир.
Балки бу ишқимиз бир кун битадир,
Шунда ҳам кўнглингни сен узоқ тутма.

Дерлар, ишқ йўлига кирган ҳеч қайтмас,
Ёмғирда ивимас — унга сув ўтмас.
Бошига тушмаган билмас, фарқ этмас,
Эй севгим, дунёда мени тарк этма!

КЎЛКАДА ҚОЛДИ

Айрилиб,
Қайрилиб, боқдинг-да кетдинг,
Юзимнинг ярмиси кўлкада қолди.

Учаркан йиқилдим,
Титраб-тўкилдим,
Юрагимнинг ярми кўлкада қолди.

Кутаркан, қон ютдим,
Соғиндим, битдим,
Бу ишқим бутунлай кўлкада қолди…

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси