Булант Фавзиўғли (1959)

Булант Фавзиўғли (Bülent Fevzioğlu) 1959 йили Кипрнинг Магоса шаҳрида туғилган. “Санчиқли қон” (1987), “Бир ёним ёзув, бир ёним шеър” (2001) китоблари чоп этилган.

УСТА

Қайғу ича-ича мириқдик, уста,
Хиёнат кўрмоқдаман зериқцик, уста,
Қайларга кетдилар яхши инсонлар,
Ахир улар билан тирикдик, уста.

Бутоқдан япроқпар юлдик замонсиз,
Икки тош остида қолдик омонсиз,
Бошларга тушган бу не савдо экан,
Кирли сувда қолдик, кечамиз тонгсиз…

Бу йўлдан бир ерга чиқилмас, уста,
Чириган буғдойлар бўй олмас, уста.
Қўшиғимиз ёнар бир жар оғзида,
Кул бўлиб сочилар, йиғилмас, уста…

ОТЛАР, ИШҚЛАР ВА ТОҒЛАР

Тоғларни хотирлатар отлар ва ишқлар менга,
Тоғлар осий, ваҳшатли, бўйсунмас ҳеч замонга.
Отлар бир оз қароқчи, ишқлар курашчан бир оз,
Шунданмикан, кўнгиллар тинч тоғларга ишқибоз.

Ишқларни хотирлатар менга тоғлар ва отлар,
Отларда шамол ишқи, тоғларда-чи, ҳайбатлар.
Севгилим, маъсум юзлим, сўзларим сенга тўлиқ,
Борлиғим шу от ва тоғ, кел сен ҳам ишқим бўлиб…

ЁҒАР ҚУШ ЎЛИКЛАРИ

Қайғули куйларим-ла мотамлик тоғликдаман,
Бир тўпнинг оғзидаман, оғули бир тиғдаман,
Қўшиқ айтолмай қолдим, бор гўзаллик йўқолди,
Ярам ҳеч қотмаяпти, дармонсиз оғриқдаман…

Ёғар қуш ўликлари
сочдан тирноғимгача,
Дод дейман, эшитмаслар, ёнимга-да келмаслар,
Балки эзилганларни бунда кўзга илмаслар,
Ёғар қуш ўликлари бошдан оёғимгача…

Туганди шаробимнинг сўнг ютуми аёқда,
Оҳ, пичоқлаб сўйдилар, умидларим қаёқда?..
Бундан кейин ҳеч нега ишқим, меҳрим қолмади,
Бўғдилар, юрагимни сўндирдилар шу чоқда…

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси