Ширин Зафарюлдузи (1968)

Ширин Зафарюлдузи (Şirin Zaferyıldızı) – кипрлик турк шоираси. 1968 йили Никосиада туғилган. “Ичимдаги рўё” (1988), “Ҳаммаси Ватан учун” (1989), “Девордаги расм” (1997) каби китоблари чоп этилган.

МЕНДАН СЎРАМА

Қайнаб оққан дарёлардан сўр,
Билар имконсизни енгмоқни улар.
Тошган,
шошган шу ирмоқ билар.

Айрилиқ аччиғин шу ирмоқ билар.
Уфқда ботмоққа маҳкум қуёшдан
Сўра, айрилиқнинг тилин у билган.

Фақат мендан сўрма,
Бир мендан сўрма,
Кимдан сўрсанг-сўра, қаршимда турма…

Агар англасайдинг
кўзёш тилини,
Қоларди дардларим сенга билиниб,
Афсус, англамассан,
Қалбим тингламассан,
Бўғзимда бир аччиқ,
Юракда санчиқ,
Мен сўзлай олмасман, мендан сўрама!

ЁМҒИР ТОМЧИЛАРИ

* * *
Музлаб қолган дудоқларимдан
Кузнинг япроқлари тўкилиб битди.
Англамади ҳеч ким ва зимдан
Қўлимда сўзларим синди-да йитди…

* * *
Шамолларнинг юрти йўқдир
урушда туғилиб
Тинчлиги юрагиндан
ўғирланган хотинлар каби.

* * *
Яшаганим ва шу яшашим
Юлдузларнинг тушидаги
Бир фарёдцай ҳақиқат эрур.

ШАҲИД ҚИЗИМАН

Бир шаҳид қизиман,
Йўқилик-ла курашмоқни биламан,
Тўғрам қаттиқ нонни қадр қиламан.

Бир шаҳид қизиман,
Улғайдим хўрловчи боқишлар ичра,
Шафқатсиз йилларда, ёқишлар ичра.

Бир шаҳид қизиман,
Минг тўққиз юз етмиш тўртга жабҳада турдим,
Қўлчам билан ҳандақларга қумлар тўлдирдим.

Бир шаҳид қизиман,
Танийман, куларкан йиғлаган кўзларни,
Ёлғизлик санчиқлари қаритган юзларни.

Бир шаҳид қизиман,
Бир шаҳид қизиман,
Бу ном ҳар нарсамдир, шан, ғуруримдир,
Жон, қон бериб олган
бир суруримдир!
Мен — шаҳид қизиман!

Туркчадан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси