Сальваторе Квазимодо (1901-1968)

Сальваторе Квазимодо (Salvatore Quasimodo) Италиянинг жанубида Сицилия оролида туғилган. Унинг “Сувлар ва ерлар” (1930), “Эрато ва Аполлон” (1936),“Бир лаҳзалик оқшом” (1942), “Кун кетидан кун ўтар” (1947), “Тенгсиз тупроқ” (1958) ва бошқа кўплаб шеърий тўпламлари чоп этилган.
Аждодлар ери ҳақида хотиралар, қаровсиз қолган ёшлик, аёвсиз ва қонунсиз ҳаётҳамда инсон шахсини, эркини, гўзал орзуларини топтаб ташлаган замон мавзулари жуда кўп шеърларининг асосий мазмунини ташкил этади.
С.Квазимодо Софокл, Эсхил, Овидий, Шекспир, Мицкевич, Петефи, Вапцаров, Аргези асарларини италянчага таржима қилган.
Квазимодо 1958 йилда Виарежо номли давлат мукофотини олди. 1959 йилда Нобель мукофоти билан такдирланган.

ТИНДАРИ ШАМОЛЛАРИ

Тиндари, сен ажиб бир маъвосан,
илоҳий ороллар узра қад тиккан.
Бугун, яна мени маҳлиё этдинг,
юрагимда аксланиб бутун.
Қайинзор ифори ила мустағриқ
мен юксаламан пучмоқлар узра,
сингиб кетар эпкин бағрига изсиз
беғам юрагимнинг хуш эрмаклари –
мавжлар ва севгининг эзгу саслари.
Сен буткул забт этасан мени,
ўзим қочган тахайюлга қилиб рўбарў.
Сукунат ва ҳадик коми –
яланғоч ҳам оч вужудлар танда қурган
маконларга чулғаб.
Сенга таниш у ер –
мен қадамим секинлатиб,
сирли мисралар кашф этар манзил.
Ўзга шуълалар ёғилгай энди
сенинг тунги деразангдан,
менинг фароғатим ором олмас
энди оғушингда.
Қувғинликнинг қайғуси оғир,
ки, мен ором истаб, сенга
умидларим ипин боғладим,
лекин ўлим ёлғиз нажот энди мен учун.
Қайғулар йўлин тўса олур
фақат севги
ва зулматлар қўйнидаги қурч ирода;
мен бахт излаб сенинг билан
кездим саргардон.
Тиндари сукунатга йўғрилар.
Мушфиқ дўстим уйғотар мени –
қояларга чиқиб,
осмонлардан ерга боқ, дейди.
Юзимга қалқийди ясама қўрқув –
шамол мени топиб олишига
ишонмаслар учун.

ЕР

Тун – исёнсиз шарпалар,
ҳаво беланчаги –
мен томон етиб келар;
мен сенинг хаёлинг билан
саргардон кезганимда;
шамол билан келар менга
денгиз ҳиди, ер иси
ҳамда менинг сицилияликларимнинг
елканларга, тўрларга,
тонг отмасдан уйғонган гўдакларга
айтган қўшиқлари.
Яланғоч адирлар,
подаларни ва уюрларни кутиб
илк ўтлар-ла қопланган қирлар,
сизнинг дилни сирқиратувчи
изтиробингиз менда.

ОДИССЕЙ ОРОЛИ

Мозийнинг садоси – жасур, журъатли.
Тинглайман уларни
хотиралар қаъри –
юлдузли тунда.
Само яллиғидан туғилар
Одиссей ороли.
Сокин дарё узра сузар осмон, дарахтлар
ойдин соҳилларга сир айтиб теран.
Севгилим, олтин олиб келар асаларилар –
бу, айнан, эврилиш сониялари.

ҚАБР ТОШИГА БИТИЛГАН САТРЛАР

Бизлар – бунда ҳаммадан йироқмиз,
яна қуёш чиқар, сенинг сочларингда
учқунланар унинг нурлари,
ёзнинг сўнгги чирилдоқлари
ҳамда гаровхона,
осмон остидаги фиғон
бизнинг тириклигимизни эслатар.
О, шамолларда куйган саслар,
нимани истайсиз?
Мудом, бетаскин
анқиб турар ернинг қаъридан ғусса…
Мен ҳеч нарса йўқотмадим
Мен ҳамон шу ердаман.
Қуёш қарчиғайдек
теграмда чарх урар ва замин
нидомни сенинг овозингда такрорлар.
Яна бўй кўрсатар вақт кўз ўнгимда,
саҳифаларини очиб қайтадан.
Мен ҳеч нарса йўқотмадим.
Йўқотиш – осмон мувозанатидан
чиқиб кетмакдир;
айро кетмакдир – тушлар оқимидан,
яшиллик кўпирган дарё соҳилларидан.

Тонг олди
Тун тугади,
ой ложувард осмонда
эриб кетар
дарёлар ортига сингиб.
Сентябрь бу кенгликларни тарк этмас ҳали,
бунда ўтлоқлар ҳамон яшнар,
Жанубнинг яшил водийлари янглиғ.

Мен дўстларимни тарк этиб келдим,
кулбам деворига дафн этдим юрагимни,
сени эсламоқлик учун ёлғиз.

О, сен ойдан-да, йироқдасан ҳозир,
ҳадемай тонг оқарар, жаранглайди
тошкўчаларда туёқлар саси.

Рус тилидан Мирпўлат Мирзо таржимаси

* * *

ГУЛЛАЁТГАН АЁЛ

Силлиққина япроқ қочиб кетмоққа
чоғланиб турибди букчайган дарахтдан,
уни ушлаб қололмас ҳеч қандай лангар.
Қиш энди бўлмай қолди бу ёғи —
арна узра чирсиллаб ёнаётган ўт.
Эҳтимол, аллаким тунги гулханни
тутиб берар кимгадир; эҳтимол, кимдир
оламни уч бора қарғар ҳам; аммо,
аммо ернинг бағри шу қадар кенгки,
агар сен йилларча — неча-неча йил —
сувида юлдузлар сузган шу лойқа
арнага жирканмай қараган бўлсанг
ва агарда севсанг Ерда кимнидир
ва агар шу ерда, мазкур гулханда
тарашалар чирсиллаб ёниб турган бўлса,
юзларини ажин босган япроқлар
ёнаётган бўлса чизмалари билан, —
билиб қўйки, буларнинг бари
қиздиради сенинг бутун борлиғингни.

СОҒЛОМ ВА КАСАЛМАНД НАЙСОН КЎКЛАРИ

Соатга қарайвериб, қўрқа-қўрқа
кутмай қўяқолдинг, яхшиси, мени,
кўзингни олиб қочиб, нигоҳингни
тунга тикканингдан нима фойда?
Нафсиз ўтаётган вақт сени чақар,
барглар тиқиллатар кимсасиз дарчангни,
булутлар сузиб борар ойнанг ортида.
Биласанми, не яшар менинг ичимда
табассум сустлиги, чақмоқ тус кўйлак,
сочларинг гирдида — елкаларингда —
малла барқут ёқа; мавжлари сал-пал
сезилган сувларга юз қўйишларинг…
Сарғиш дағал баргларнинг зарблари
ва қора қушлар… Бутоқларда эса
қисирлаб тебранган бошқа баргларнинг
улар билан алоқани узишлари.
Соғлом ва касалманд найсон кўклари,
гуллаш мавсумининг оддий кунлари бу!
Сен-чи, сен? Не учун гуллагинг келмас,
ғунча очмаётир орзуларинг,
муомаланг бошқа бир замонларга хос,
қизча назари-ла боқмайсан хаётга,
юзимни изламас нозик қўлларинг?
Менинг ҳолим эса сал бошқачароқ:
дод солсам маконнинг аччиғи келар,
ғалати юрагим эса тинимсиз
бўляпган ишларга қилар қаршилик;
уни қайларгадир қамаб, яшириб,
қулфлаб қўймоғимнинг ҳеч иложи йўқ.
Шеърий тарих ёзиш — қисматим менинг.

МЕНГА, ЙЎЛОВЧИГА, ЖАВОБ ҚАЙТАР СЕН!

Мана, тағин келдим ўшал майдонга;
кўрдим, пештоқингда осуғлиқ байроқ,
кечагина ўтган байрам байроғи.
Яна бир кўрин! — деб сас бердим сенга,
ҳар ёқдан мўъжиза кутаётган вақтга
овоз эшитилар ертўлалардан;
“қов” демас — чақирсанг кўринмас одам…
Ҳолбуки, мен кўпдан чақирмоқдаман.
У ерда сен йўқсан, келмас овозинг.
Мен бир йўловчиман. Бахт эса ҳеч вақт
кўрина қолмайди иккинчи бора.
Қарағайга ёғар сўнгги ёғдулар,
мавжлар живирини солади ёдга —
зумрад денгизларнинг шуълаларини.
Олисда — жанубда — биз ёқда эса
қора рўмол ўраб юрибди аёллар,
улар бир-бирини кўрганда тўхтаб
овоз чиқармасдан бир-икки оғиз
сўзлашиб олишар пичир-пичир
ўлдирилган ёшлар хақида.

ГАЗЕТА ХАБАРЛАРИДАН

Баланд-баланд деворли етимхона ҳовлисида
болалиқдан бирга ўсган икки оғайни —
номлари Клод Вивье ҳамда Жак Серме —
Сен-Клу боғида
Бахт хиёбонида
қимирламай турган машинадаги
икки ошиқ-маъшуқни
ҳеч қандай сабабсиз, парво ҳам қилмай
тўппончадан ўқ узиб ўлдиришди.
Бу —
бир минг тўққиз юз эллик олтинчи йил
йигирма биринчи декабрь куни
ерга шом қўнаётган пайтда юз берди.
Бир чақа ҳам турмас бундай жиноят! —
деб қатъий баёнот берди Клод Вивье.
Бу ўргимчак, бу қора қузғун
то боши кундага қўйилгунгача
Версаль турмасидан ўзига
Ландрю ё Вейдман камерасини
талаб қилар эди очиқдан-очиқ.
Ақлли, шафқатсиз эди иккови ҳам.
Эй, қадим лотиннинг қутлуғ йўриқлари!
ҳаётнинг энг зарур нарсаси —
рағбат омилини сақлаб қолинглар:
ҳимоя қилинглар
севгини ҳасаддан,
покликни нафратдан,
севинчни қашшоқлик ёлғизлигидан.
чунки ҳамма жойда умид юрагини
босиб эзиб турар оғир харсангтош.
Агар биз топмасак бир мувозанат
ҳар ёқдан чиқаверар Жаклар, Клодлар.
Ахир ҳаётда бир қонун ҳукмрон:
агар инсон олса — эвазига берар.

ГУЛЛАР АРО ЮЗ ТУБАН ГУЛЛАЁТГАН АЁЛ

Тўлқин-тўлқин бешиклар —
булутлар суза-суза
шаклини ҳар дақиқа ўзгартириб бораркан,
одамлар кутаркан тунги ёмғирни —
вақтнинг сирлилиги билинар эди
ва мен ўлган эдим бу асно.
Ер ва Кўк орасидаги бир шаҳар
сўнгги маскан бўлганди менга,
номим айтиб шовқинларди атрофимда
ўтмишимда қолган суюк аёллар;
йиллар ўтиб бирдан яшарган онам
чамбар тайёрларди гулларни авайлаб,
оқ гулларни ёпарди жасадим устига.
Ҳовлида тун эди, олтин излар бўйлаб
сузарди булутлар амният билан,
мени тутган эди тўсатдан ажал
пана жойимда,
жаннат боғлари ва ҳаёт мазмунин
яна бир ёдимга солиб қўйиш учун.
Аммо мени эзарди сўнгги бора жилмайиб
гуллар аро юзтубан гуллаётган аёл.

ГАП ТАШУВЧИ БИР КИМСАГА

Гап ташувчи бир кимса бор менинг шаҳримда,
шеър ёзади вафодан, муҳаббатдан;
витриналар бўйлаб
босиб ўтар умид йўлакларини.
Менга қара, ҳой, сен!
Ер юзида энг оддий яшаган нозимнинг
чиримас матода қолдирган байтидай
яширин, одобли сўзлар билан тўла
қўлёзмангни қолдириб аллақайларда,
қаматиб одамларни,
топтаб юзларини —
шап-шап ўтган бу йўллардан —
сен эмасмидинг?!
Энди муҳаббатдан ёзасанми?
Фаҳминг етмайдими шу оддий нарсага:
гап ташувчининг шеър ёзишга ҳаққи йўқ,
дўстлар билан ичишга ҳаққи йўқ.
Йўқ, буни сен яхши биласан —
гап ташувчининг
юракларга юзланишга ҳаққи йўқ.
Шимолданми, жанубданмисан — фарқсиз —
аммо номинг менга беш қўлдай аниқ:
қўрқинчли сен учун — инсон номин йўқотиш.
Аммо бу —
қорни ёриб ўлдирилган отдай,
топталган байроқ қисматидай
самода олдиндан бўлган ҳал.
Сен эса шеър ёзасан севгидан,
оғриқ душманлари — орзулардан.
Йўғ-ей, илоҳий куч, адолатли Тангрим!
Маҳшар куни тирилган ўргимчак тўрида
силкинтириб қолдир айғоқчи шарпасини.

ЗАМОНДОШИМ

Унута олмайсан тошни, сопқонни,
эвоҳ, Замондошим, ажиб хизматкор!
Тут десалар тутиб юртдошларингни,
болангни отасан симлар ортига…
Ҳеч ўйлаб кўрдингми — бошлиғинг ҳақми?
Меҳрга, худога жой борми қалбингда?
Нечун сен бу ҳақда ўйламайсан ҳеч?
Билганинг фақат ов, ўрганганинг ов.
Фарзандинг қатори йигитчаларга
ўлим билан таҳдид қилаверасан.
Ҳамон ибтидоий жамоаларда
қадим аждодларинг, йиртқич ҳайвонлар
не иш қилган бўлса, шуни қиласан.
Ака укасига қўллайвергач мушт
бугун авжга чиқди, мана, ҳақсизлик.
Машъум ҳаракатлар, шумлик, совуқлик
қара, сен орқали рўёбга чиқди.
Қара, синаётир сара ёш авлод,
қалбин чўқимоқда қора қузғунлар.

МАЖНУНТОЛНИНГ НОВДАЛАРИДА

Қандай куйлаш мумкин агар юракда
этигин ҳис қилсанг бир зўравоннинг?
Зах босган, зимистон ертўлаларда
тепилиб, букилиб ётса ўғлонлар…
Ҳар ёқда болалар зорланар инграб,
Ўғлин қутқаролмай додлар оналар…
Бундай замонларда мажнунтолларнинг
сиртмоққа ўхшаган новдаларида
жимгина осилиб тебранар созимиз —
мотам куйин чалар сал тегса шамол.

ЎЛИМ РАҚИБАСИ

Рассом Сиронининг қизи Россанага

Сенинг ҳаққинг йўқ эди ҳеч
сулув тимсолингни олиб кетишга
бизни гўзалликдан маҳрум қилиб.
Биз, ўлим рақиблари,
қандай бардош берамиз энди
тобутинг узра туришга.
бошимиз эгилиб алам билан,
бир соатда қариб-тўкилиб?..
Бир хат ҳам қолдирмадинг
сўнгги кунинг бўлган бу кун ҳақида
дунё ҳаётидан норозилик билдириб…
Йўқ қилмадинг зерикарли кундалигингни…
Нега тутиб қолмадинг ойнинг лангарини?
Олиб кетдинг маъюс хаёлларингни:
тепалар, дарахтлар, сувлар, кечалар,
хира ўйлар эмас — ўнгингдаги тушлар,
виждонинг мевалари
келажак айбларини башорат қилиб
белгилаб бердими муҳлатингни?
Бизларни икки ёққа ажратди бу эшик,
амният-ла қарсиллатиб ёпилган бу эшик.
Эҳ, ўлим душмани!
У ёқда ким у — айтиб йиғлаётган?
Сен биттада мангуга жароҳатлаб
ва суғуриб олиб илдиз-пилдизидан
ўлдириб қўйдинг-а гўзалликни,
бизнинг устимизда парпираётган
ақлсиз соясига парво ҳам қилмай…
Бизга эса етишмас гўзаллик!
Сен бу “иш”ни тунда бажардинг,
номингни қолдирдинг ёзиб ҳавога,
балки, “йўқ” сўзини ёзгандирсан,
шу ерда тургандир у, шамол ортида…
Биламан, янги кўйлак орзу қилгандинг,
ечимин топмади масала, биламан.
Бизга ҳам, сенга ҳам ёқмасди бу кемтик —
мушки анбар ва гулларнинг камлиги…
О, менинг жонгинам, ўлим душмани.

БУ ШАҲАРДА

Бу шаҳарда шундай машина борки,
упа қилиб ташлар орзуларингни.
Қутисига бир танга ташласанг етар —
айлана боишайди азоб лаппаги —
ва бир зумда тушасан унинг ичига;
гир-гир айланасан бу ўлкада
ақлсиз ва номсиз соялар аро;
чириётган, қирсиллаб синаётган
баҳайбат одамлар билан устма-уст.
Бу машина — бурчакдаги емакхонада.
Менинг бошкентимми
ва ё қайсидир
бошқа бир кентдами, шу ерда ўзи,
чинорлар қатори олдида…
Қани, дадил-дадил келаверинглар!
Танга ташланг! —
Машина ишлаб турибди!

АСКАРЛАР КЕЧАСИ ЙИҒЛАЙДИЛАР

Урушни янчиб ташлаш осон эмас,
туморми ё бошқа имон белгиси,
муқаддас болалик хотиралари
уни йўқотувчи омил бўлолмас.
Кечалари эса, кечалари
тинчлик йилларида ўрганилган
ҳаммага маълум сийқа сўзлар этагида
ўлими олдидан ҳеч кимга кўринмай
жимгина йиғлайди кучли аскарлар.
Кўпчилик яхши кўрган аскарлар.
Кўзёшларнинг номсиз оқимлари…

ТОСКАН ЎҚЧИЛАРИ

Зафар довуллари чалинмас бу ерда —
Тоскан шаҳридаги у майдон махфий,
у ерда ялтироқ кўйлакли ўқчилар
ўрта асрлардан қолган камондан
ўқ отиб, нишонга урмоқчи бўлиб
синаб кўрадилар тақдирларини.
Ёйнинг ипин тортар кучланиб йигитлар
ва агар кишонга уролмасалар,
ёридан ажраган ошиқдай инграб
қайта синайдилар тақдирларини…
Севгилим, сен билан у ерда бўлдим,
кундуз нури билан ёритилган у жойда
қадимий уруш қулларининг
нишонга бетоқат ўқ узишлари —
булар бари эркаклар ўлмаслигини,
ғалабага интилишин айтиб турарди.

Миразиз Аъзам таржималари