Алдо Палаззески (1885-1974)

Алдо Палаззески (Aldo Palazzeschi; 1885-1974) — атоқли шоир ва ёзувчи, Флоренцияда туғилган. 1904 йилдан шеърлари нашр этила бошлаган. Дастлаб футурист шоир сифатида танилган, аммо кейинчалик улардан четлашган. “Достонлар”, “Қосид” (1910) шеърий тўпламлари, “Опа-сингил Матерассилар» (1934) романи унга шуҳрат келтирган. Сўнгра “Ёмчилар мусобақаси” (1937) ҳикоялар тўплами, иккинчи жаҳон уруши мавзусидаги ‘Юзага чиқмаган уч империя”, “Ака-ука Кукколилар”, “XX аср бемаъниликлари” асарлари ва “Рим” романи босилган. Умрининг сўнгги даврида таржимаи ҳолига оид “Хотира роҳати”, “Майнабозчилик” ҳикоялар тўплами, “Дож”, “Стефанино”, “Бир дўстлик тарихи” романлари, “Юрагим”, “Юз юлдуз йўли” каби шеърий китоблари нашр этилган.


ТЎТИҚУШ

Кун нурида қушнинг патлари
Турли рангда порлар, ўзгарар.
Юз йилдир, у ойнадан қараб,
Санар гўё ўтган-кетганни.

Эшитилмас — сайрарми-сўйлар,
Бу қуш нима қиляпти, дея,
Ўткинчилар тикилиб, ўйлаб,
Ўзларича кукулаб қўяр.

У эса жим.
Толиққанича
Тўлиб-тўлиб боқар жимликка.

ИККИ ГУЛ

Ғариб аскар,
Ёстигғингга босиб чаккангни,
Оппоқ гулни ўпётгандек
Жимиб қоласан.

Ичингда бир оловли гул.
Ғамга толасан.

Эй, жаҳаннам ўтларига
Отилган инсон,
Дардингни айт,
Сени ёққан у оловни от!

ОНА

— Она, ўғлинг алдар сени ҳам.
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

— Она, ўғлинг кўп ёмон одам.
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

— Она, ўғлинг ўғрилик қилди.
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

— Она, ўғлинг разил қотилдир!
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

— Она, ўғлинг турмада, бор, кўр.
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

— Она, ўғлинг жинни бўлибдир.
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

— Она, ўғлинг қочиб қолибдир.
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

— Она, ўғлинг йўлда ўлибдир…
— Қўй, қўявер, у менинг болам.

Рус ва турк тилларидан Тоҳир Қаҳҳор таржималари