Мигель де Унамуно (Miguel de Unamuno) – илғор испан файласуфи, ёзувчи, шоир ва драматург. “98 йиллар авлоди”нинг ғоявий илҳомчиси. 1924 йилда мамлакатда ҳукм сурган ҳарбий диктатурага қарши чиққанлиги учун Канар оролларига сургун қилинган. Етти йил таъқиб остида яшаган шоир ўзи ректорлик қилган университет жойлашган Саламанк шаҳрида уй ҳибсида сақланган ҳолда оламдан кўз юмган. У ҳаётининг сўнгги дамигача диктаторларга қарши курашган. Унинг ҳарбийларга қарата: “Сиз куч билан одамлар устидан ғалаба қозонишингиз мумкин, аммо уларни ишонтира олмайсиз!” — деган сўзлари шиорга айланган.
***
Куним битар. Хотирага айлангум,
оз қолди, мозийга бўларман сургун.
Ўтмиш саҳросида, дўстлар, хокимни
қумлар орасидан излангиз ул кун.
Ўлимнинг қўлидан қумдай тўкилиб
кетарман, оғриқдан қутиларман шаҳд:
мен ҳаётга қаттиқ боғландим, лекин
ҳаёт – бу охири халокатли дард.
Жасадим хок бўлиб, тўкилса ҳам гар,
гарчанд икки-уч бор маърака қилиб,
ўтказарсиз ўлди-ку деб маросимлар,
қўлингизда тириламан яна, билинг.
Бу китобни қўлга оларкансиз, сиз
мени қўлга олаётирсиз, чироғим.
Шеърим танингизни титратар, ана –
сизга ўтаётир менинг титроғим…
Карим Баҳриев таржимаси
* * *
Тоғ дарёга боқар-да,
мен ҳаётман, деб ўйлар.
Соя сувда қалқар-да,
сузяпман, деб ўйлар.
Жонсизлар борки, бари,
ўзин тирик кўрсатар.
Асл тириклар эса
кетиб, қайтиб келмаслар.
Русчадан Ўктам Мирзаёр таржимаси