Уильям Батлер Йетс (1865-1939)

Йетс, Йетс, Ейтс Уильям Батлер (William Butler Yeats; 1865.13.6, Сандимаунт, Дублин яқинида — 1939.28.1, Рокбрюн, Франция) — ирланд шоири ва драматурги, символизм намояндаси. 90-йил лардаги «Ирланд уйғониш даври» маданий ҳаракатининг ташаббускори ва қатнашчиси. Биринчи миллий театр асосчиси. Ирланд адабиёт академиясини ташкил этишда қатнашган.
Йетс ижоди ирланд фольклори билан мустаҳкам алоқада ривожланган: «Оссианнинг саргузаштлари» (1889) достони, «Сирли атиргул» (1897) шеърий тўплами ва бошқа «Хулиэннинг қизи Кэтлин» (1902) пьесасида ирланд халқининг миллий озодлик ҳаракати қўллаб-қувватланган. «Минора» (1928), «Айланма зина» (1933) шеърий тўпламларида тушкунлик кайфияти сезилади.
Ижодида кельт мифологиясига мурожаат қилган, бу унга миллий ирланд адабиётини қайта тирилтириш имконини берди.
Йетс ўзининг саҳна асарлари билан шеърий драманинг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди. Умрининг сўнгги йилларидаги асарларида рамзий образларнинг кўплигига қарамай, киборлар жамиятидаги иккиюзламачилик ва риёкорликлар қораланади. Нобель мукофоти лауреати (1923).

ЯЛЛА

Ўйин тушар оғизда шароб,
Севги гуллар қароқда зарҳал.
Бу биз билган чин – ҳаёт аро –
Қарилик ва ўлимдан аввал.
Мен оғзимга тутиб қадаҳни
Сенга боқиб, хўрсингум ҳар гал.

Аъзам Обидов таржимаси

ҚАЛБИНГНИ БУТУНЛАЙ СЕВГИГА БЕРМА

Қалбингни бутунлай севгига берма,
Ҳар доим муҳаббат ўйида юрма.

Сени маҳв этганин билганлари он
Аёллар қадрингни унутар, инон.

Бўсалар кўп бўлса, таъми оз бўлар,
Меъёрини билсанг, бари соз бўлар.

Суюмли нарсалар муваққат мудом,
Уларга юрагинг бермагил тамом.

Мафтун этиб олар авайлаб, майин,
Юрагингни ўйин қиларлар кейин.

Кўру кар, соқовга айланадирсан,
Кўринмас арқонга бойланадирсан.

Сен энди ютқаздинг, енгилдинг буткул,
Сен энди қалбини бой берган бир қул.

ЭСКИ ҚЎШИҚ

Суюклигим келди – яшнаб кетди боғ,
Қадамидан гўё ёришди ҳар ён.
Айтди: “Япроқлардай енгил сев, ўғлон”,
Ёш эдим, сўзига осмадим қулоқ.

Дарё ёқасини кездик вақти чоғ,
Қордай оқ қўллари елкамда эди.
Тош ёрган майсадай эркин бўл, деди,
Мен-чи, оҳ, сўзига осмадим қулоқ!

ЮРАККА ДАЛДА

Бўлди, тинчлан, энди, тинчлан, юрагим,
Эскиларнинг қадим ҳикматин эсла:
Олов ва тўлқиндан қўрқар бўлса ким,
Шамоллар олдида титроққа тушса,
Уни маҳв этади ёнғин ё тошқин,
Шамоллар учирар, этгайдир вайрон,
Қолмагайдир ундан бирор ном-нишон.

МУШУК ВА ОЙ

Юксакларда сузиб борар ой,
У ён-бу ён юради мушук.
Неларнидир излар, ҳойнаҳой,
Ер бағрига узала тушиб.

Разм солар ойга Миналуш,
Изғиб юрар, мунгли миёвлар.
Ойнинг совуқ нури қилар ғаш,
Юрагига хавотир солар.

Ўтлоқ бўйлаб югуради у,
Босар майин панжаларини.
Ўйна, мушук, йўқолсин қайғу,
Оч юрагинг дарчаларини.

Рақсга жуда мосдир ушбу чоқ,
Ой ўргатар балки ўйнашни.
У ҳам жуда зериккан, чоғи,
Ўйнаб дилдан кетказар ғашни.

Шуъла тушган майин майсалар
Узра юрар Миналуш аста.
Юксакларда ой танҳо сузар,
Янги жойга силжир бирпасда.

Билармикан, Миналуш бунда
Қараганин ҳар ён нигорон.
Атрофга бир аланглаб яна
Термилганин олис ой томон.

Миналуш жим, толгандай ўйга,
Қуршаб борар ёлғизлик, чарчоқ.
Йироқ кетган бевафо ойга
У ҳам ташлар вафосиз нигоҳ.

САМОВИЙ КЎЙЛАК ҲАҚИДА ОРЗУ

Қанийди, самовий кийимим бўлса –
Тилларанг, кумушранг нурларга чўмган.
Кечалар, кундузлар, тонгларнинг тоза
Ва туманли, хира нурини эмган.

Уни фақат сенга қилардим совға,
Аммо ҳеч вақом йўқ орзудан бўлак.
Орзуларим сочдим пойингга, мана,
Аяма, қадаминг ташлайвер, малак.

ПЛАШ ВА ҚЎЛҚОП

Кўришдик, у турар яшнаб ва яйраб,
Мени эса тинмай қийнайди қайғу.
Ўйладим: у мамнун дилимни тирнаб,
Унда юрак йўқдир, йўқ эрур туйғу.

Турардим қўлимда плашин тутиб,
Дедим: “Энди тамом, кўришмасмиз, йўқ”.
Шу дам ғижимланган бир мато учиб,
Келиб тушди оёқ остимга шундоқ.

Болалар қўлқопи, ўнгиган бироз,
Уни кўриб кўзга бирдан ёш келди.
Дедим: “Кулранг плаш, қанотларинг ёз,
Унинг қалбини сен асрагин энди”.

КЕЙИН-ЧИ?

Уни мақтар эди мактабдош дўстлар:
Жуда машҳур бўлиб кетади бир кун.
Унинг қоидаси бўлди бу сўзлар,
Изланди, тер тўкди имкони қадар.
“Кейин-чи? Хўш, кейин?” деди Афлотун.

Ёзган ҳар нарсаси қозонди довруқ,
Пул топди, турмуши ўзгарди бутун.
Яшади ҳар недан мамнун, кўнгли тўқ,
Дўсту ошнани ҳам унутмади, йўқ.
“Кейин-чи? Хўш, кейин?” деди Афлотун.

Неки орзу қилса, бўлди сазовор –
Мўъжаз уйга эга, ўғил-қиз – дуркун.
Олхўрилар ўсган гўзал боғи бор,
Ортидан шоирлар эргашди қатор.
“Кейин-чи? Хўш, кейин?” деди Афлотун.

Қаригач, ўйлади ўзидан хурсанд:
“Ёшликда режалар тузгандим узун.
Барини бажардим, ҳеч емадим панд,
Душманларим куйди, кетмади омад”:
“Кейин-чи? Хўш, кейин?” деди Афлотун.

Инглиз тилидан Ориф Толиб таржимаси