* * *
Эшитяпсанми оғир нафасни?
Бу менинг хонамдаги тун-хизматкор,
У шу қадар қарики, ҳатто тартибга риоя қилолмас тақир.
Ҳатто у хўб меҳнат ила ўсдирган арвоҳ ҳам
Унинг устидан кулар ва сўзига кирмас.
Пардалар ушлаб қололмас
деразадан тушаётган нурни.
Унинг ўткир яйноқ нурларида
уйқу шодасин милтиллаётган пардаси
сўзни қонсизлаштирар –
ва унинг учун ҳайф ҳарфларга –
бу тилсиз, хўжакўрсинга тизилган асирларнинг
иложсиз тонггача ҳайқиришига.
Стакандаги сут қора момиққа ўралган,
нима бўлса-да ҳаракатсиз,
ҳатто телефон китоби,
қандайдир аниқ бир мўрт нарса
қора момиқда.
У ёқда, бемаъни алифбо тартибида,
ўйлаб топилган дўстлар
қўл силкиб
олқишлар мени.
ОТАМГА
Биламан, нима сени бақиришга ундар тушларингда,–
Шамдонлардан ўрмалаб чиқаётган
хонани тиллари билан ёритаётган илонларми?
Сени нақадар қўрқитар нурнинг сотқинлиги
билан заҳарланиб гувиллаган зулмат…
Биламан, сен ҳар тунда юрагингни кўпиртирасан,
Гўё у сенинг бутун жисминг каби.
Биламан, нақадар оғир йўқолар доғлар
сенинг юрагинг кўпикларидан.
Эҳтимол, сабаб шундаки,
Онам ҳар тунда атиргуллар билан
Ўлим аро ўсиб борар ҳар куни
Сен тонг чоғи киядиган уй шиппакда…
Илтимос, уйимиздан топиб бер
болалигимдаги бирорта товушни.
Афтидан, у яширинган ширинлик қутисида.
Ва агар мармеладли кучук,
Ёки унга ўхшаган бирор жонивор ҳурса,
Ана шунда сен қутуласан қарғишдан.
Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси