Като Жавахишвили (კატო ჯავახიშვილი) — грузин шоираси.
ЎҒЛИМ
Алланечук ҳолат. Умидсиз. Севги. Одат.
Ўзни йўқотдик. Қисқа кун. Иккимиз. Сўзсиз.
Қиш ечинди, латта-путталарин оёқ остига ташлаб.
Ман қилинган жавобу саволлар. Кўз ёшлар – бор йўғи
Аччиқ суюқлик. Юрак ёрилар неча бор, –
Шунча сохталик.
Гапиряпман. Ишонасанми.
Икки бора кечар экваторни соат миллари, сўнгра
Бизни отиб юборар вақт ортига. Яна икки бор.
Мен шундай ёзаман. Сен ёнимда. Сен менда. Мендан орқада.
Менинг сўзларим аро. Менинг сўзларимда. Гарчи кўпи
Айтилди, шекилли. Битта, шекилли. Ҳеч нарса, шекилли.
Ўтирибмиз бирга, уйда, ўша узун айвонда…
Соатингга қара. Неча бор юрак ёрилар,
Шунча эзгулик.
Гапиряпман. Ишонасанми.
Икки бора кечар экваторни соат миллари, бирдан,
Парчаланар кун оёқ остида. Яна икки бор.
Мен шундай ёзаман:
Сенинг хаёлларингда. Сен учун. Сенда.
Ман этилган жавоблару саволлар. Агар бирданига
Кийим йиртилса. Ахтарасан ортингдан қўлловчини.
Олдинда девор. Кетгинг келади
Ҳали яна қайтишинг керак.
Сен менинг сўзларимда ором ол, шунга қарамай,
Бироқ ҳеч қўлларинг билан қачон юзингни ёпма…
Гапиряпман.
Ишонасанми.
Икки бора кечар экваторни соат миллари, сўнг
Бизни улоқтиришар лаҳза ичидан. Яна икки бор.
…Менинг сиёҳларим қоғозда, уни тўкиб юборма фақат –
У рангсиз…
Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси