Андро Буачидзе (1957)

Андро Буачидзе — грузин шоири. «Саба» (2005) ва «ПЕН-марафон» (2005) адабий танловлари лауреати.

* * *

Қара, ҳаёт бу – рутубатли бир даҳлиз.
Фақат хира чироқ сал сирлар пойгаҳни,
Эшик ва дераза ой нури-ла ёлғиз.
Қара, ҳаёт бу – рутубатли бир даҳлиз.

Қувонч – лаҳза, бироқ эврилади кулфатга.
Билгил чунки, доимо завқу алам – бир юрар.
Ҳа, неки бор – бу рутубатли бир даҳлиз.
Фақат ёлғиз аёл, бир суҳбат, бир ўқдир
Йўл бир, бошқаси фақат шу баҳс шарпаси,
Қара, ҳаёт бу – рутубатли бир даҳлиз.
Эшик ва дераза ой нури-ла ёлғиз.

КАШТАНЗОР ОРАЛАБ

                         Густав Майринк китобига ёзув

Машъум тунда эшитилар мурда овози
Каштанзор оралаб, сув шовқини оралаб.
Машъум тунда эшитилар мурда овози,
Бўшлиқни шамолга тўлдириб, нурга қоплаб.
Машъум тунда эшитилар мурда овози
Тунд чимзор, хиёбон хира шуъла жувонмарг.
Унинг қўллари милтиллаб элтади менга
Ва ваража новдадан узар қуруқшоқ барг.
Машъум тунда эшитилар мурда овози,
Истарали, қиртишланган, хўб ясанган.
Машъум тунда эшитилар мурда овози,
Фақат нигоҳида аламлар сал аксланган.
Мтквари хотирлар тинсиз ҳар бир мурдани,
Оқим-ла тепага қўзғалар оғир-лоҳас.
Чучук кўз ёшлари унга керакмас сира –
Ўтганлар байрамин кўришдир унга ҳавас.
Машъум тунда эшитилар мурда овози,
Ҳасратда қийналиб, ёқимли илиқлик-ла,
Ва гўё кўзгудаги акси сингари
Ўзгарамиз бир четдан, сингиб ўша рангга.
Машъум тунда эшитилар мурда овози,
Намли лабларимиз билан гапирамиз биз.
Кўлнинг сатҳини мавжлатган ҳалқалар каби
Оғиз ичра сўқир гунгликда гувиллар сўз.
Машъум тунда эшитилар мурда овози,
Бепоёнлик чайқалар тим қош қорайганда.
Кўз қуйқасида сўниккан қўрғошин туси,
Яйнару сўнар оқарган кўрфаз шуъласи.
Машъум тунда эшитилар мурда овози –
Ой ҳалқасин ҳаяжонда шохлар тўзғитар,
Нурлари зулматда милтилларди излари–
Мурдам менинг, суҳбатдош – содиқ кекса дўстим.

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси