Робер Деснос (1900-1945)

Робер Деснос (Robert Desnos; 4 июль 1900, Париж — 8 июня 1945, Терезин концлагери) — француз шоири, ёзувчи ва журналист.

ЭПИТАФИЯ

Суронли асрда яшадим мен. Ўлдим аллақачон.
Нима келса – тайёр эдим, қилмадим фарёд.
Зиндонда ётарди виждон, номус ва иймон.
Қуллар орасида эдим гарчанд, мен – озод.

Суронли асрда яшадим, лек ғам қилмади кўзим кўр,
Ернинг кенглигини кўрдим, самовотни кўрдим – лол.
Алмашиб турарди кун-тун, зулмат ила нур,
Қуш нағмасин тинглаб, яладим ҳам бол.

Тириклар! Энди булар бари – сизнинг насиба.
Асраяпсизларми ерни? Шудгорландими шу он?
Ҳосил олдингизми? Чиройга тўлдими у кун мен
Яшаган ва курашган жаннатий макон?

Тириклар! Биз энди тупроқмиз алҳол,
Ерни ҳайдайверинг, босинг бемалол…

Карим Баҳриев таржимаси

БИР ҚАДАҲ ШАРОБ

Қўзғолар экан поезд, менга хайр айта-айта,
Рўмолчангни силкима қайта-қайта!
Бир қадаҳни шаробга тўлатгин-да, эй дилдор,
Учқур поезд ортидан сепиб юбор!
Сепилган шароб худди алангадай тўлғониб,
Оқа келиб, туташсин менга ёниб!
Оловдек қонли шароб кўз ўнгимда товлансин,
Лабга тегсин тилингдай – жон овлансин!..

МАРСИЯ

Яшаб ёвуз замонда, ўтганман аллақачон.
Яшадим бир маҳбусдай, доим ўлимга тайёр;
Турмада, тор қафасда эзилса-да онг, виждон,
Қуллар ичра яшадим эркин, соҳибихтиёр.
Яшаганим ул зулмат мени кўр қилолмади
Кўрдим ер кенгликларин, кўрдим кўк кенглигини;
Булутли кунлар қалбдан ёғдумни ололмади,
Билдим қушлар сайроғин олтинга тенглигини.
Тириклар! Бу бойликлар энди сизларга ўтди,
Уларни асрайсизми? Она ватан озодми?
Жонажон қишлоқларда ҳосиллар қалай битди?
Мен жанг қилган у шаҳар бугун гавжум, ободми?
Тириклар! Тупроғимни босиб ўтинг қўрқмасдан,
Мен энди тамом йўқман – жисмим, сезгим йўқ зотан.

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи

ЧИГИРТКА

Чигирткадан сўрадим:
– Сенда тиним борми ҳеч?
Мудом сакраб юрасан,
Майсазорда эрта-кеч?

Чигиртка деди:
– Билсанг,
Сакрашда бордир унум.
Қанчалик кўп сакрасам,
Шунча тез ўтар куним!

Нуруллоҳ Остон таржимаси