Поль Элюар (1895-1952)

Элюар Поль (Paul Éluard; асл номи Эжен Эмиль Поль Грендель) (1895.14.12, Сен-Дени, Сена департаменти — 1952.18.11, Шарантон) — француз шоири. Дастлаб, 1919 йил дадаизм (модернизм йўналишидаги адабий-бадиий оқим) руҳида жумбоқ ва тушуниш бир қадар оғир бўлган шеърлар ёзган («Ҳайвонлар ва уларнинг эгалари, одамлар ва уларнинг ҳайвонлари», 1920; «Намуналар», 1921).
1924 йил А.Бретон, Л.Арагон ва бошқалар билан биргаликда сюрреализм йўналишида ижод қилувчиларнинг намояндасига айланган. Кейинчалик фашизмга қарши характердаги достонлар ёзган («1936 йил ноябрь», «Герника ғалабаси», 1938).
Элюар лирикасида биродарлик, меҳнат улуғланган («Қайғу ёмғири», 1926; «Ҳақиқий ҳаёт», 1932; «Атиргул ҳамма учун», 1934 ва бошқалар тўпламлари), «Очиқ китоб I» (1940), «Очиқ китоб II» (1942) ва бошқалар асарларида ватанпарварлик туйғулари акс этган.
Элюарнинг «Озодлик», «Шеърият ва 1942 йил ҳақиқати» шеърлари Қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг дастурига айланган. «Сиёсий шеърлар» (1948), «Ахлоқ сабоғи» (1949), «Феникс» (1951) ва бошқалар тўпламларида тинчлик ва эркинлик учун кураш ғоялари илгари сурилган.
Вафотидан сўнг унга Халқаро Тинчлик мукофоти берилган (1953).

ЧАҚМОҚ ЧАҚНАГАНДА

У энди йўқ бунда

Дераза рахида ўтириб
Момақалдироқни қўриқлар этак боғлаб олган бир аёл
Булутлар шошади чалиб йиқитмоқда бири-бирини
Кўримсизгина қизалоқ
Кўм-кўккина
Эски диванда ўйнаб ўтирар ёлғиз
Виждони Сукунатни қийнар.

Мен бу кўча бўйлаб назар ташладим
Тошларга ям-яшил дарахтларга
Қорга қумга сувга
Ташқи суратига ҳаётнинг хуллас.

Унутолмайман аммо
У шу ерда яшаган эди
Боғни сайрга олиб чиқарди шунда,
У кулганда кулгунинг қори
Лой узра ҳарирдай ёйилар эди.

ҚАЛАМ ЯСАЙДИГАН МАҲАЛЛАДА

Кундузни қўйиб юбормаслик учун
Сават тўқимоқда
Сўнгги қалдирғоч
Бу ташландиқ кўзнинг
Атрофини чизмоқда сўнгги қалдирғоч

Қишлоқ кафтидаги
Иссиқ уйқунинг
Уруғини чўқийди оқшом

Хайрли тун сизга фикрлар

Сукунатнинг исмини айтиб
Овозсиз овозсиз чорлайман.

ШЕЪРИЯТ ТАНҚИДИ

Албатта мен жирканаман
Буржуйларнинг
Айғоқчиларнинг
Ва попларнинг салтанатидан
Лекин мен юз карра кўпроқ жирканаман
Ўша салтанатни менингдек ўтли
Ёмон кўролмаган кимсалардан, ҳа!

Ушбу шеъриятнинг танқидин
Менинг шеърларимдан устун кўймаган
Қулзода юзига туфлаяжакман.

ОХИР ЗАМОН

Андре Бретонга

Баҳор гуллар билан ернинг юзига
Қизиллик югурган бир ажиб онда
Сурма ҳалқасидаги бу кўзлар
Харобалар куршаган қасрларга ўхшар
Унинг нигоҳида
Ажратиб турибди туби йўқ бир жар
Барча яқинлари у ҳақда ўйлар
Лекин у билмайди
Унинг ҳаёти йўқ фақат ҳаётигина эмас
Унинг кўкси сокин
Жингалак сочлари тиришиб
Алла айтаётганин манглайн эшитмас

Сўз эмиш қандай сўз
Сўзламоқ унпнг оёғида юриш билан тенг
Уни қўли бўлиб кўрпани титраб ушламоққа тенг
Кўзлар шундоқ ҳам очиқдир калит керакмас
Қуёш қаҳри эмас қон доғидир бу
Уйқусиз тун эмас бу заъфаронлик

Худди саҳрода пайдо бўлиб қолган табибдай
Ақлга сиғмайди эрк дегани ҳам
Кун тубида сўлғин аланга
Ана мангулик ҳам бошланди
Ва тамом бўлади шу тўшак билан

Ҳеч нарсага тушунмай
Ҳеч нарсани билмай кимга гапиряпсан
Ортиқ тушунмасанг
Тушунишни истамасанг ҳатто
О шафқат қилинг
Нима ўзи гапирмоқ сўзламоқ нима.

ЕТУК МУҲАББАТНИ ИЗЛАГАН ШЎРЛИК

Қиш яланғоч новдалар аро
Ўлик ковурғалар даврасида қиш
Одам скамейкада ўтирар
Одамлардан қочган одам кўчада мана
Бўғзигача ёлғизлик
Сурилинг жой беринг кўримсиз ғуссага
Ғуссанинг кўрғошин кўзгусига
Тош томчиларига ғуссанинг
Чирик ҳайкалларига жой беринг
Яхшилик унутиб қўйган хаёлга
Ҳақиқат жулдурин кийган хотиралар
Ва қора нурга ва кечаги ёнғинга жой беринг
Янада кучлироқ севмоқ учун
Янада чуқурроқ тушунмоқ учун
Бу одам ўз уйини ўз қаватини
Ўз хонасини тополмай адашди
Манзара қаерда бошланар
Соат нечада
Қаерда тунайди аёл
Тушига қиз сийнаси эмас
Туннинг эмизиги юлдуз кираётган
Қип-яланғоч йўловчини тун
Қувиб етар тўшак устида
Тангадан ҳам мунглироқ
Парчалар бор дунёда
Лекин уларда қуёш жаранглайди
Осмон ўйнайди
Шипшийдам деворлар бор
Ва сувоқ ёриғи
Лойқа соялари аллалар унда
Исёнкор қон мавжуд томирларда югурик
Лабларнинг тўлқини остидаги қон
Қўлларни ушласангиз-чи,
Қарасангиз бўлмайдими кўзларга
Забт этинг
Олинглар бу қиёфани
Саройлар ортида харобалар ортида
Қутилар қувурлар ортида
Инсоннинг кўзлари олдида шундоқ
Чанг босган ёмғирпўшини
Тинмай силкиётган майдонга
Бостириб киради ёзнинг кунлари
Ва ўса бошлайди мовий шамширлар
Ўша майдонда
Юмуқ кўзлар ичра
Барглар шовқинида
Қувончнинг ҳосили етилар
Ўша бепоёнлик бўёқларида
Яна чайилади чеҳралар
Бу эса ўтмишнинг хунук кунлари
Сўлкавойга парчинланган
Ёмбилар юзида музлаган ўз бургутлари билан
Соат ва лаҳзалар томирини тўлдиргучи
Телба фахри билан
Занжирбанд тоғларнинг қони билан келган кунлар
Осмоннинг ярмини қалдироққа
Тўлдирган ва кетган кунлар
Ёлғиз бир кўзгуни
Қирол гулчамбари исканжасида
Аёвсиз қисиб ўртаган кунлар
Ёлғиз кўзгу ёлғиз юрак
Лекин оқшомни лим-лим тўлдирган бу қўшиқ
Ғойиб бўлган кўчалар аро
Осойишта янграб борар тобора
Кўз ва қулоқларни тўлдирган
Тушларга қўлини узатаётган қўшиқ
Дунёни рад этган бу зоҳид севги
Ёниқ кўз ёшларда ғарқ бўлган
Ташвишлар ичра тўлғонган севги
Янчилган майиб бўлган бу орзу
Кулгили орзу
Замин остидаги бу мутаносиблик
Бу қашшоқ қабила
Қашшоқ
Чунки бутун умри бўйи
У соф олтин излади тинмай
Етук муҳаббатни топмоқчи бўлди.

ЁМОНЛИКНИ УНУТИБ

Кўзларда шўр дарё, юракда чўнг тоғ —
Қотиб қолган қайғу, кўз ёшдир томган.
Тирик одам. У бойлик сўрамайди
Турмада ғамгину, уйида ғамгин.

Ҳаво мотамсаро, тун қора, токим
Сўқирни кўчага ҳайдаёлмасин.
Кучлилар турмада. Ожизлар ҳоким.
Қирол аянчлидир. Малика тахтда.

Гунгларнинг лабида табассум ва «оҳ»,
Қўрқоқлар кўзида чирир ҳақорат.
Бунда ҳамма нарса куйдирар — эвоҳ! —
Чўнтакдан қўлларни чиқарманг минбаъд!

Ғира-шира соя…
Ва дунёнинг бор бебахтлиги.
Улар тепасида менинг муҳаббатим
Бошпанасиз итдай турар муаллақ.

ВА ТАБАССУМ

Оламда қоп-қора бирор ёғдусиз
Туннинг ўзи йўқдир ишонинг менга
Йўқ деяпман-ку ахир йўқ
Ҳатто энг даҳшатли қайғунинг ҳам бирор
Нурли ва ланг очиқ деразаси бор
Оламда орзу бор хизматга тайёр
Қондирилиши керак бўлган истак бор
Очлик бор тўйдирилиш керак бўлган очлик
Оламда олижаноб юрак бор
Ва ишончли қўллар саломи
Ғамхўр нигоҳлар бор
Ҳаёт бор
Сиз ва бошқаларнинг ўртасида
Баҳам кўрилишни истовчи ҳаёт.

М.Солиҳ таржималари

ОЗОДЛИК

Мактабимда ҳар бир дафтарга
Тахтага ҳам оппоқ деворга
Дарахтларга қумга ва қорга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Ўқиганим ҳар саҳфа бобга
Ўқилмаган ҳар бир китобга
Тошга қонга кулга шу тобда
Мен озодлик сўзин ёзаман

Ўтмиш замон ўйи лошига
Лашкарларнинг совутбошига
Подшоларнинг тахту тожига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Чўл чангалзор адоқларига
Ундаги қуш нидоларига
Пок болалик садоларига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Тунлардаги завқи ниҳонга
Нонуштага қўйилган нонга
Тўйлардаги ҳар дастурхонга
Мен озодлпк сўзин ёзаман

Ҳовуздаги лойқаранг кунга
Ёғдуларда ёнган сукунга
Кўлдаги ой таратган унга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Қанот қоққан қуш нафасига
Далага уфқ алангасига
Тегирмонлар кўланкасига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Тонг ҳовури ҳар бир титроққа
Кемаларга денгиз қирғоққа
Ақлу ҳушдан айрилган тоққа
Мен озодлиқ сўзин ёзаман

Кўпирган оқ булут кафтига
Тунд булутнинг шумшук афтига
Зор йиғлаган ёмғир тафтига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Жилваланган саробий қатга
Жомхонага рангин қабатга
Фаҳм этилган ҳар ҳақиқатга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Уйғонган ҳар сўқмоқ кўзига
Илонизи йўллар юзига
Гавжум майдонларнинг ўзига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Ҳар бир ёниқ чироқ нурига
Туннинг ўчиқ чироқларига
Яшаганим ҳар уй тўрига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Икки бўлак олма пўстига
Ётоғимга ойна устига
Кўрпам ёлғизлигим дўстига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Уйимизнинг остонасига
Нарсаларнинг қиёфасига
Муқаддас ўт алангасига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Хушбахтларнинг тик қоматига
Дўстларнинг соф муҳаббатига
Ҳар саломи садоқатига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Шабнам мисол тиниқ ҳайратга
Лаблардаги ноз ишоратга
Илҳақликка ғарқ сукунатга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Гўшамнинг хор хароб ҳолига
Сўнган маёқлар саволига
Ғамларимнинг чалдуволига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Фирқатнинг дард гиналарига
Танҳоликнинг сийналарига
Ўлим ажал зиналарига
Мен озодлик сўзин ёзаман

Қайтиб келган соғлик омадга
Ўтиб кетган ҳар фалокатга
Яна келган умида бахтга
Мен озодлик сўзин ёзаман

Шу бир сўзнинг қудратин билдим
Билгач яна руҳан тирилдим
Ҳурлик истаб дунёга келдим
Мен озодлик сўзин ёзаман.

ЖАСОРАТ

Парижда қаҳратон.
Парижда очлик.
Каштанзор кўчалар тўла муҳтожлик.
Гадойдек юпун Париж,
Париж хор, ғариб –
Метродаги ҳорғин каби ухлар тик туриб…
Йўқсулларнинг бошига тушди янги кулфатлар.
Ситамкаш Парижнинг ақлу хаёлин
Ёнғин,
Совуқ ҳаво ютмоқда бетин.
Очликдан сулайган ишчиларнинг
Меҳрини,
Қаҳрини ютмоқда бу тун…
Фақат сен ёрдам деб ўтинма, Париж!
Яна аввалгидек яшашга тириш!
Шу очлигинг,
Муҳтожлигинг,
Ёлғизбошлигинг,
Қора бахтинг билан Парижсан, Париж!
Кўзларингда порлаб турар
Инсонийлик, куч.
Гўзал шаҳрим, Париж,
Сен – олмос қилич!
Қаршингда золимлик заҳрин сочаркан,
Сени кўммоқ учун гўрлар очаркан,
Ҳаққинг йўқдир кўнмоққа ҳеч бу ҳақсизликларга!
Босқин, талон, зулмнинг бу ўрасидан
Қутулгайсан, жасур Париж!
Эй, мағрур Париж,
Эй, олисда милтиллаган юлдузим, Париж!
Сен биз учун мангу ўчмас умид машъали,
Қутулгайсан азоблардан, бу ёт кирликдан!..
Умидланинг, жасурланинг, эй йўлдошларим!
Тўғри, йўқдир бизда этик ё темир қалпоқ,
Ё ялтироқ мундирлар ҳам йўқ эгнимизда,
Бироқ порлоқ қуёш оқар томиримизда!
Қуёшимиз қайтди яна,
У орамизда!
Қанча элдош,
Қанча тилдош ўлди биз учун,
Уларнинг-да қайноқ қони юрагимизда
“Ўч!” деб оқар,
Арвоҳлари кўклардан боқар.
Мана, яна тонг отмоқда.
Париж уфқида
Қутулиш ва эрк қуёши юксалмоқдадир.
Қучоқ очиб янги баҳор келмоқдадир,
Итоат ва қуллик, зулм бўлгуси тор-мор!
Қуллик – бизнинг душманимиз,
Билайлик бир бор!
Аммо… қуллар қуллигини англаган замон,
Кўтарар исён.

1942

ЗУЛМАТ

Нима ҳам қилар эдик, биз яшадик мозорда.
Фашистлар бизни эзди ҳар ер – кўча-бозорда.
Нима ҳам қилар эдик, ёнди шаҳру хиёбон,
Жизғанак бўлиб ёндик биз-да, худди биёбон.
Нима ҳам қилар эдик, оч-яланғоч қирилдик,
Қуролсиз эдик чунки, қўли калталик қилдик.
Нима ҳам қилар эдик, кездик шарпадай тунда,
Севдик бир-биримизни шу шафқатсиз очунда.

ИСПАНИЯДА

Бир қонли дарахт бўлса Испанияда агар,
У ҳурлик дарахтидир.
Агар Испанияда бўлса бирор ботир тил,
У эркдан сўзлар нуқул.
Бир қадаҳ шароб бўлса Испанияда агар,
Уни-да миллат ичар.

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи

L’AMMOUREUSE

Elle est debout sur mes paupieres
Et ses cheveux sont dans les miens,
Elle a la forme de mes mains,
Elle a la couleur de mes yeux,
Elle s’engloutit dans mon ombre
Comme une pierre sur le ciel.

Elle a toujours les yeux ouverts
Et ne me laisse pas dormir.
Ses reves en pleine lumiere
Font s’evaporer les soleils,
Me font rire, pleurer et rire,
Parler sans avoir rien a dire.

ОШИҚ

Қабоғимга қўнди бир дилдор,
Сочларимга илашмиш сочи,
Унда менинг қўлим шакли бор,
Кўзларимнинг рангига-да мос,
Соям ичра беркингай қочиб
Худди кўкка отилган бир тош.

Ажаб, ҳар он кўзлари очиқ,
Ухлашимга бермайди изн.
Эриб битар ҳаттоки қуёш, –
Минг орзуси нурларга тўлиқ,
Кулдирар ва оқизар кўз ёш,
Гапиртирар, фақат бир сўз йўқ.

Француз тилидан Аъзам Обидов таржимаси

ШЕЪРИЯТ ТАНҚИДИ

Шубҳасиз мен нафратланаман
Буржуйлар
Жосуслар
Руҳонийлар салтанатидан
Бироқ мен юз ҳисса кўп жирканаман
Ўша салтанатни мендек ёниқиб
Ёмон кўролмаган ҳар бир одамдан.

Ушбу шеъриятнинг танқидин
Менинг шеърларимдан баланд тутмаган
Олчоқлар юзига тупургум албат!

ҚАЛАМ ЯСАЙДИГАН ГЎШАДА

Сават тўқимоқда
Сўнгги қалдирғоч
Ушлаб қолмоқ учун кун ёғдусини
Қаровсиз кўз қирғоқларини
Чизаётир сўнгги қалдирғоч.

Қишлоқ кафтидаги
Майин уйқунинг
Зарраларин чўқилар оқшом

Тунингиз хуш бўлсин фикрлар

Сукунатни ўзимга қаратиб
Жимгина чорлайман жимгина.

ТАБАССУМ ИЛА

Оламда зим-зиё туннинг ўзи йўқ
Инон айтар сўзимга ахир
Тим қоронғу қайғунинг ҳатто
Ёғдуга ланг очиқ деразаси бор
Бедор турган орзу бор ҳали
Рўёби муқаррар истак бор
Очлик бор оч юрган очлик
Оламда енгилмас юрак бор
Умидвор қўлларнинг сиқишувлари
Илтифотли нигоҳ бор
Ҳаёт бор
Бошқалар билан бўлишишни истаган ҳаёт

БЎЛМАҒУР ХОТИРА

Оқшомги қушларнинг
Тўзғоқ чўққиси
Кўчаларнинг муюлишида
Аёл нафасининг сояси
Шукуҳли зимистон
Қучишаётган исёнлар билан

Ёмғир-ла тўла ҳовучлар
Фонуслар ва барглар остида
Лиммо-лим сукунат
Тўкилади вақт ушоқлари
Вақт энди шоҳ эмас
Йўлакларнинг сургунларида
Ўтирар
Ёд олинган кулгулар билан
униб-ўсмас диққинафасда
оқмас сув ва хаёлсиз оқшом
чорадир асли
Ёлғизлик янглишар
Саҳроларни унутаётган
Оловланган биргина ўпич.

ШЕЪРЛАР

Дарахтларда осиғлиқ юрак – шохчалардан уни узиб ол,
Табассум ва кулгу, ҳадсиз назокат.
Ғолибсан, софсан сен, тиниқ қиёфа,
Новдаларда кўкка қўл узатасан.
Олисларда йиғлар бир гўзал,
Курашларга чоғланган қалби.
Дўнгликларда ястанган, ожиз
Осмон қайси рангда – шаффоф ё ғамгин
Имконсиздир кўнгил қўймаслик.
Кунлар, узун бармоқлар қувлаб ўтар бири бирини,
Гуллар сўлиб борар, ёмғирларда ҳижрон бошоғи.
Қайноққон вужуди июлнинг кутар неларни.
Жонсиз нигоҳларда тикила туриб,
Қайд этмоқ чиннининг кумуш товушин.
Мусиқа, яланғоч қўллар оқлиги.
Шабада туташар қуш қанотига –
Самонинг ранг-қути ўчар тобора.

ОЗОД ҚЎЛЛАР

Бу ўша

Яшил юлдузлар аро майсазор ўша
Бу ўша қаровсиз кулбада
Бу ўша зим-зиё кўчалар бўйлаб
Бу ўша тагкурси чўққиларида
Бу ўша кўкрак қафасида тиз чўкаётган
Бу ўша қорда кетиб боргувчи

Ҳар доим деворнинг ортида
Чоҳларнинг қаър-қаърига чўккан.

Синган ойна

Деразанинг ортида шамол
Осмон этаклари тиккама-тикка
Эпсиз қўлларингга суйкалар само.

Атиргул — дарахт

Қўли очиқ йил ерни тўлдириб ташлар
Далаларга осмон тикилар
Майсалар бетида юмалоқ
Ёлқинланар гулли шудринглар.

Танҳоликда

Мен сенсиз
Танҳоликда яшашим мумкин

Буни ким айтмоқда
Бу ким – сенсиз нафас олгувчи
Ёлғизлик узра

Яшаш – ҳамма билан юзма-юз туриб
Яшаш – ўзинг билан басма-бас келиб

Одимлар оқшом

Шаффоф ахир ҳар битта зарра
Сим-сим эриб кетяпман бу тун.

Эрк

Озодлик салгина айланар бошинг
ҳамда яланг оёқлар
Озодлик яхшисан майинсан жуда
Кўкламдан ҳам тиниқ тортинчоқликда

14 март ҳавоси

Афсунгар қуш болалар дўсти
Кутяпман баҳорнинг қадамларини

Ер совуққон ҳам ихтиёрсиз
Ярим кун ниналари
Тикар тонгнинг ипак этагин

Кўз ташладим ёшлик чоғимга
Ўткинчи рангларни ёқалаб
Илк гул очган оғочни кўрдим

Яшилликлар қирғоқларида
Сув оламга эврилган эди.

Лаҳза кўзгуси

У шуъла сочади
У кўрсатар буюмларнинг тақир моҳиятини
У бош тортар лаҳзалик чалғимоқ имконларидан
У – тош
Ҳаракат ва нигоҳларнинг
Метин тоши у
Унинг совуқ ярқирашида титраб эриб борар ниқоблар
Сиқиб тутилганча
Қўл тутишмас ўзга қўл билан
Олислайди масъуд лаҳзалар
Қушлар синггиб кетар шамолга
Осмон мовий бутун борлиғи ила
Қисматида мовийдир инсон

Сен ила

Финжон каби кўчаларнинг қўлидан тутдим
Тўлдирилган ҳайбатли ёғдулар ила
Лиммо-лим бахтиёр сўзлардан
Ва бесабаб жилмайиш ила
Ернинг энг авж мевалари-ла

Ўйинчоқ одамлар ўтар кўчадан
Қушлар тўлдиради мовий бўшлиқни
Қизча озғин оқаринқираган
Юзида мунг абадияти

Эртаклардан чиқиб келган қиз
Бўй кўрсатиб орзуларимга
Ён босади менинг истакларимга
Болаликнинг олис товланишлари
Тилла кўчаларга ёнбошлар аста.

Ҳайқириқ

Жўнгина туюлар ҳаммаси
Мавҳум манзарасин тўкдим ёлғоннинг
Артилган ишора бўм-бўш кунларни енгиб
Ер шарининг чеккасига ирғитдим
Харидоргир сақич қарашларини
Ҳайқира бошладим
То менгача ҳамма
Оҳиста гапирди оҳиста ёзди
Жуда ҳам майин
Овоз ҳудудимни кенгайтирдим мен
Ҳаммаси жўн
Кўзларимни ўлимдан олиб ҳаётга тикдим
Олисларни мендан бекитарди у

Биргина овоз

Ва бирдан шарпалар ғойиб бўлади
Кўздан олисламас энди ҳеч қачон
Ҳаётда яшашда ҳаққи қолганлар
Ёлқинланган ёзни яхши биламан
Қуббалар остида куйлайди овоз
Яроғлар адовати ила
Юрагимни чақирар бўронларида
Баҳор ва ёз куз ва қиш
Одамлар юлдузлар
Ўз наслига боқиб шодон қийқирар
Менинг ҳайқириғим
Одимлайди пиллапояда
Умиднинг поёнсиз зиналари у
Гулханлар шип-шийдам куйдиролмайди
Нафис куч қуйилар томирларимга
Аёз еган олма етилар
Музли у қопланган ҳарорат билан
Мана сахий ялангликларда
Осуда уйқуда орзупарастлар
Осмон жуда тиниқ
Ҳайқириғим учиб қўнар сайҳонликларда
Осойишта ухласин деб орзулаганлар
Майин майсаларга сўзлар сочилган
Ҳар бир сўз самога оройиш берар
Инонаман биз тутган лаҳза
Авлод аждодлари муҳаббатимнинг
Бахтнинг умидлари
Фаввора ясайди ҳайқириғимда
Ўзга чақириқнинг қояларида
Кимнингдир садоси бўлишни истар
Овозим.

Ясмин терувчи

1

Унинг нурли қалби товланган тупда
Тиниқ тонгнинг кўк тишчалари
Ҳам яшил кемалар булоғи

2

Кўз илғамас унинг қўллари
Ясмин шохларига эгилди
Офтобнинг тиғлари остида
Ярим яланғоч
Муз жаранглар шахдам қадамда

3

У чизган тасвирнинг соҳилларида
Ер ва осмон мункиллаб борар

4

Юлдузларни жамлаяпти у
Ҳеч қачон бўлмаган ерларда
Чарчоқ билмай толиқмай
Юлдузларни терар у.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржималари

ГЎЗАЛ ВА ЎХШАШ

Кун сўнггидаги бир чеҳра
Куннинг хазонлари аро бир бешик
Тугаётган яланғоч ёмғир
Бутун бошли қуёш яширин
Булоқларнинг булоғи замин тубида
Барча кўзгуларнинг синиқ кўзгуси
Сукунат тарозисидаги бир қиёфа
Барча тошлари сингари бир тош
Куннинг сўнгги нурларининг сопқони учун
Унутилган барча қиёфаларга ўхшаш қиёфа

ИЧКИ КЕЧИНМАЛАР

I

Кирасан сирғалиб совуган ҳаводек
Тўшакка гуллар опа сингилларинг
Оға иниларинг эса мевалар
Тугаётган мавсумларининг
Камалак рангли нур
Такрорланаётган пасту баландлик
Қўлларинг кўзларинг ва сочларинг
Қучоқ очадилар янги абадий
Эврилишларга
Ишон ишон ишон
Табассум қилишингга ўзингга ўзинг
Илк бора
Ишон
Ўзингга табассум қилишингга
Абадий
Ўлим ҳақида ўйламасдан

II

Шиддат билан сенинг шарпанг
Эзғилайди тунни ғижжак устида
Келиб ўрмонларда қил ҳукмдорлик
Тўфонларнинг ҳамлалари
Ўзига йўл ахтарар сенинг уйингдан
Сен эҳтирослари ўйлаб топилган
Шахслар қаторидан эмассан
Ташналигингда кўпроқ зиддият
Чўккан аёллардан
Кел бу ерга бўсани ичгил
Сени ғамгин қилган оловга бўйсун

III

Муздаги қайси қуёш тухумни эритиб юбораётган
Қандай ғалати омад баҳор келиб қолди бир зумда

IV

Куйдирувчи ҳам ёввойи кучнинг чеҳраси
Қора сочлар ичра олтин Жанубга оқар
Гуноҳкор тунларда
Олтин ютиб юборади нопок юлдузни
Ҳеч ким бўлишмаган тўшакда
Чакка томирларда
Худди сийналарнинг учидагидек
Ҳаёт бўйин згмайди
Кўзларни ўйиб олмас ҳеч ким
На уларнинг ёлқинини ва на ёшларини ича олмайди
Қон улардан устун ғалаба қилади фақат ўзичун
Тузатиб бўлмас қуюшқондан чиққан
Фойдасиз
Бу саломатлик зиндон қуради

V

Ёлғиз истагим сени севмоқ
Ёмғир водийни тўлдиради
Балиқ дарёни
Сени ёлғизлигимнинг бўйига мослаб ясадим
Бекинишга бутун дунё бор
Кунлар тунлар бир биримизни англаб олишчун
Кўзларингда сен ҳақдаги ўйларимдан
Сенинг тасаввурингдаги оламдан
Бошқа ҳеч нарсани кўрмаслик учун
Қабоқларинг бошқарадиган кунлар ва тунлар

* * *

Ҳатто олис бўлсак ҳам бир биримиздан
Бизни бирлаштирар ҳар нарса
Сен фарқлагин акс садони
Кўзгунинг ҳам фарқига етгин
Хона билан саройни фарқ қил
Фарқла ҳар эркак ва ҳар бир аёлни
Ёлғизликнинг фарқини англа
Бу доимий сенинг қисматинг
Бу доимо менинг қисматим
Бизлар шундай баҳам кўрганмиз
Бироқ ишонгандинг қисматинг менга
Сенга топширмоқдаман қисматимни

* * *

Алвидо ғамгинлик
Салом ғамгинлик
Сен шифтдаги чизиқларга ёзилгансан
Мен севган кўзларга ёзилгансан сен
Сен қашшоқлик эмассан ҳеч ҳам
Негаки энг бечора лаблар сени сотиб қўяди
Бир табассум билан
Салом ғамгинлик
Севишган вужудлар севгиси
Хайрихоҳлик бирдан намоён бўлган
Муҳаббатнинг қудрати
Худди вужудсиз бир махлуқ каби
Тушкун қиёфа
Ғамгинлик гўзал чеҳра.

* * *

Тисарилаётган қоп қора осмон
Найза юмшоқ ерга санчилар
Иссиқ тўшакка кираётган
Совуқ қотган қиз каби
Ой заминни нурга чўмдирар
Қолганларни эса ундар ҳаёт синовларига

Француз тилидан Муродхон Ниёзхоний таржимаси