Морис Метерлинк (1862-1949)

Морис Метерлинк (Maurice (Mooris) Polydore Marie Bernard Maeterlinck; 29 август 1862, Гент — 6 май 1949, Ницца) — бельгиялик шоир, ёзувчи, драматург ва файласуф. Француз тилида ижод қилган. 1911 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлган. “Мовий қуш” номли фалсафий ривоят-пьесанинг муаллифи. Уни 1889–1894 йилларда ёзган пьесалари машҳур қилган. Метерлинк қўғирчоқ театри учун ҳам “Ичкарида – у ерда” (1894) ва “Тентажилнинг ўлими” (1894) каби пьесалар ёзган.

* * *

– Агар бир кун қайтиб келса у,
Нима дейин, унга не дейин?
– Шундай денг: у кутди кўп узоқ,
Кутиш эса – жуда ҳам қийин.

– Танимай қолса у гар мени,
Мабодо тутса ҳам сўроққа?
– Айтинг барин бир сингил каби,
Балки у ҳам тушган қийноққа…

Нима дейин, мен нима дейин?
– Тилла узугимни берингиз унга,
Жавобига сўз деманг кейин…

– Лек у тутса мени сўроққа,
Нега олов ёнмас, нега бўш уйинг?
– Ланг очиқ эшикни кўрсатинг унга,
Ўчган чироқни ҳам кўрсатиб қўйинг…

– Сўнгги оҳларингиз, чеккан дардингиз
Ҳақида сўраса агарда мендан?
– Жилмайиб юрарди деб айтинг унга,
Мени эслаб йиғласин чиндан.

* * *

Юрак сирин англамоқ учун – улар
Уч гўдакни ўлдиришди ўтган кунлар.

Биринчи бахтда топишди булоқ.
Шундан бери қонди тупроқда
Уч илон уч йил сақлаб юрди из.

Иккинчисида ювошликни топишди улар.
Шундан бери қонди тупроқда
Уч қўзичоқ уч йил сақлаб юрди из.

Учинчисида фақат азоб топишди улар.
Шундан бери узоқ уч йил давомида
Уч фаришта ерда кўз юмолмайди…

* * *

Севгилиси кетди
(Ғижирлади эшик – биламан)
Севгилиси кетди
У ўтирар табассум билан…

У ортга қайтди
(Биламан – сезилди чироқ)
У ортга қайтди
Энди у йўқ эди бироқ…

Шунда мен ўлимни кўрдим
(Мен биламан унинг руҳини)
Шунда мен ўлимни кўрдим
Олиб кетган унинг ўзини…

Рус тилидан Комила Носирова таржимаси