Гийом Аполлинер (Guillaume Apollinaire; ҳақиқий исми — полякча Wilhelm Albert Vladimir Apollinaris de Wąż-Kostrowicki — Вильгельм Альберт Владимир Александр Аполлинарий Вонж-Костровицкий; 26 август 1880, Рим — 9 ноябрь 1918, Париж) — француз шоири, ХХ аср бошида Европа авангардининг атоқли намоёндаларидан бири.
МИРАБО КЎПРИГИ
Мирабо кўпригининг остидан оқар Сена,
Оқиб борар муҳаббат,
Бир нарса қолар фақат –
Қайғуларнинг ортидан қувончлар келар яна.
Тун бошланар, ғариб, беқадр,
Мен қоламан, кунлар кетадир.
Мавжлар узра сузишиб, гоҳ кафтни қўйиб кафтга,
Шодон суҳбат қурамиз,
Шавқ-ла қулоч урамиз –
Қўлларимиз ўхшайдир сув узра ёнган ўтга.
Тун бошланар ғариб, беқадр,
Мен қоламан, кунлар кетадир.
Сувларда оқиб ўтган ихтиёрсиз япроқдай
Севгимиз оқиб кетар,
Дилларни қайғу тутар…
Тағин умид чорлайдир тундаги тоқ чироқдай.
Тун бошланар ғариб, беқадр,
Мен қоламан, кунлар кетадир.
Сувда ҳар соат, ҳар кун, ҳар ҳафта яна-яна
Оқиб борар муҳаббат…
Бир нарса қолар фақат –
Мирабо кўпригининг остидан оқар Сена.
Тун бошланар ғариб, беқадр,
Мен қоламан, кунлар кетадир.
САНТА ТУРМАСИ
(туркумдан)
* * *
Қўрқинч, бадбўй турма ҳовлиси
Тағин ҳазил-мазахга тўлди:
“Ҳе, жонингни иблис овласин!”
“Гийом, сенга нималар бўлди?..”
“Яша!” демас Лазарга ҳеч ким,
Дерлар: “Тирик тобутга туш, ўл!”
Оҳ, қўшиғим… оҳ, жононларим…
Оҳ, эркин кун, хайр, омон бўл.
* * *
Ҳа, мен олдин эдим бир одам,
Энди отим эслардан чиқди.
Ҳа, йигирма бешинчи хонам,
Рақамим, ҳа, йигирма икки.
Хира туйнук ортида офтоб
Кир латтага ўралгандайин;
Масхаралаб мени у шу тоб,
Шеъримдан чарс боқиши тайин.
Нураган, кир деворлар тунд, жим.
Шифтдан баъзан чанглар сепилар.
Тепамдаги бўлмада маҳкум
Восвосланиб инграр, тепинар.
* * *
Кунлар ўтар жудаям секин,
Ўхшар мозор йўлига кунлар –
Бўм-бўш… ким бор, дейсану лекин
На ўтган бор ва на қайтганлар…
Бир-бирига ўхшайди кунлар.
Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи