Анна Греки (ҳақиқий исми Колетт Анна Грегуар, Colette Anna Grégoire; 14 март 1931 – 6 январь 1966) – жазоирлик француз шоираси. У жазоирликка турмушга чиққан.
КЕЛАЖАК ЭРТАГА КЕЛАЖАК
Келажак келади эртага.
Келажак келади илдам.
Кафтларимиздаги офтоб куйдирар
чарсиллаган оташи билан,
Ғазабнинг олови
томоғимизни ёндириб келмоқда тилимиз томон,
Рангин чеҳралари ила хотирамиз ортмоқлаган келажакни —
Нозик, аммо мустаҳкам хотира, аччиқдир ёмон.
Фақат маҳбусхонада биласан, “Озодлик” сўзи
Ўзининг азалий, энг тиниқ, ягона маъносига эга бўлади:
Озодлик — муҳаббат демак,
бизни жангга отар муҳаббат,
Отар одамлар ва қўрғошиннинг
қонли олишувига.
Келажак келади илдам.
Келажак эртага келажак.
Бугун келажакни сўзлар билан ифодалаш оғир —
ҳали келажакни чизолмас тилимиз.
Тушкун кимсалар даҳшатдан кўкариб валдирар,
гўё кеча ўлик туғилган тонг
ерга кўмилган,
Айтарлар, эркка интилиш — гуноҳлар ичида энг катта гуноҳ,
Бу саккизинчи гуноҳ учун
тайёр ўлим жазоси,
дор,
сиртмоқ …
Аммо тунлар ичра тонг уруғи зимдан кўкарар,
бошдан жудо этилган келажак
бошин кўтармоқда яна.
Келажак келади илдам.
Келажак эртага келажак.
Аммо бошидан жудо бўлган келажак
кўтармоқда бошини қайсар,
Адо бўлган аёллар
болаларидан фахрланадилар,
тоқатдан томоқларигача тўйган, куйган аёллар,
жим туролмайдилар, жимликни истамаслар.
Аёлларнинг бармоқлари — совуқ урган барг сингари —
йиринглаган пешонамизни артади.
Аёлларнинг бармоқлари —
тирик новдалар каби —
фалакка чўзилар,
Ҳар бир тонгда улар
юлдузларни қўлга ўргатадилар,
Йўқотадилар тамом
зулумотни,
қоронғу зулматни.
Келажак келади илдам.
Келажак эртага келажак.
Қамоқхонанинг бўғиқ деворлари оша,
занглаган панжаралари орасидан
қуёшга талпинар фикрларимиз,
келажак бизга талпинар.
Озодликнинг меъморлари,
назокатнинг камтар ҳурлари,
Сизни бағримга босаман, опа-сингиллар,
Айтаман:
«Эртагача!» —
биз аниқ биламиз, ахир:
Келажак келмоқда илдам.
Келажак эртага келажак.
Карим Баҳриев таржимаси