(Аня) Лайло Хемминки Ваммелвуо (Anja Leila Hemmikki Vammelvuo) шоира, адиба, драматург. 1921 йил 7 октябрда туғилган. Онаси фин аёли Хульда Мария Селин, отаси эса петербурглик Алексей Веселов номли рус савдогари бўлган. Хельсинки университетида таҳсил олган. “Қуёш қизи” номли илк шеърлар китоби 1943 йилда нашр этилган. Икки роман, драма, ҳикоя ва шеърлар тўпламлари муаллифи. Финляндиянинг Pro Finlandia номли адабиёт ва санъат соҳасидаги юксак давлат мукофоти билан тақдирланган. 1988 йил 66 ёшида вафот этган.
ВАСИЯТНОМА
Мардлар кўпдир бу дунёда!
Халқ ғамидан қочиб улар
қўрғон ўраб олмайдилар!
Улар деразалари панжараланган,
пардалар билан тўсилган
уйлардан бахт изламаслар,
кулбасида елвизак эсадиган
қўшниларнинг устидан
мийиқ тортиб кулмаслар.
Мардлар бордир – мардлар бор!
Уларга Ватаннинг тақдирини
ишониб топшираман
васият қилиб.
ОТАЛАР ЮРТИДА
Ҳорғин ҳам қудратли руҳларга
бағишлаб шеърлар яратдим.
Хотиржам изғиб юрган руҳларнинг
қадамлари остида
кузги япроқлар каби
шитирлайди шеърларим.
Улар тупроққа айланадилар
оталарнинг юртида.
* * *
Азизим, ўзингни тут,
Ватан тоғларидан жарга қулама,
қояларнинг тошларига
тирноқларинг билан тирмаш.
Маҳкам тирмаш, қулама зинҳор,
эҳтиёт бўл, пастдаги водий –
тоғдан қулаганларга мозор,
қулаганлар – тирик-ўликлар.
Биз чидайлик, қулаб тушмайлик!
Тошга ботсин тирноқларимиз,
чангалимиз айлансин тошга,
йиқилмайлик тоғдан ҳеч қачон,
бекорларга ўлиб кетмайлик.
Чўққиларда бизнинг сўзимиз
қоялардан кутар
акс-садо.
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси