Суҳроб Сипеҳрий (1928-1981)

Суҳроб Сипеҳрий (سهراب سپهری) 1928 йилда Кашан шаҳрида туғилган. Эрон санъат институтининг тасвирий санъат бўлимида ўқиган. Шоирнинг “Чаман қўйнида ёхуд ишқ оромгоҳи”, “Тушлардаги ҳаёт”, “Қуёшнинг айланиши”, “Сув одимининг товуши”, “Йўловчи”, “Яшил ҳажм”, “Саккиз китоб” номли тўпламлари нашр этилган. Шоир 1981 йилда вафот этган.

МАНЗИЛ

“Дўст уйи қайда?” –
Тонготар пайтида сўради отлиқ.
Осмон бир нафасга қотиб қолди.
Йўловчининг лабидаги нур шохчаси
зулматга чўмилган шағалларни ёритди.
Ва йўловчи кўрсаткич бармоғи билан
оқ теракни кўрсатиб деди:
“Дарахтга етмасдан,
Худонинг уйқусидан ҳам яшилроқ
бир хиёбон бор.
Унда ишқ,
садоқатнинг қанотлари ҳажмида кўм-кўкдир.
Комилликдан ўтадиган кўчагача боргайсан.
Сўнг ёлғизлик гули томон бурилиб,
ер юзининг абадий фавворасига,
асотирга етгайсан.
Ва сени шаффоф бир қўрқув босади.
Фазонингсамимий оқимларида
Қулоғингга чалинади бир “хиш-хиш”.
Баланд бир қарағай устига чиқиб,
нур тўла уядан жўжа олаётган
болакайни кўргайсан
ва
ундан сўрагайсан:
“Дўст уйи қайда?”

ДЕНГИЗЛАР ОРТИДА

Бир кема қургум
сувга туширгум.
севги ўрмонида қаҳрамонларни
уйғотиб қўйгувчи кимсаси бўлмаган
ғурбатли бу юртдан бош олиб кетгум.

Кемада тўр йўқ
ва дилда марварид орзуси.
Мен ҳамон сузишда давом этгум.

Бундан сўнг
сув ости дунёсига
ва
балиқчиларнинг ёғдули хилватларига
зулфидан афсунлар таратиб
сувга шўнғиётган парига
кўнгил қўймагум.

Мен ҳамон сузишда давом этгум,
мен ҳамон куйлашда давом этгум.
Узоқлашиб кетмоғим керак.

У шаҳарнинг эркаклари ўтмишсиз эди,
у шаҳарнинг аёллари бир бош узумчалик
етилмаган эди.

Ҳеч бир уйнинг деразалари
шодликларни такрор этмади.

Шуълаларни акс эттирмади
ҳатто бирор-бир кўлмак.

Узоқлашиб кетмоғим керак.

Тун куйлади таронасини.

Энди навбат деразаларга.

Мен ҳамон куйлашда давом этгум,
мен ҳамон сузишда давом этгум.

Денгизлар ортида бор ёлғиз шаҳар
бир шаҳарки,
деразалари
тажаллий томонга очилган.
Томларига башар ақлининг
фавворадек отилишига
қараётган кабутарлар ин қурган.

Бу шаҳарнинг ўн ёшдаги ҳар бир гўдаги
қўлларида маърифатнинг шохчалари ҳилпирар.
Бу шаҳарнинг аҳолиси ҳар бир бошоққа
бир шуълага қарагандек,
гўзал бир тушдек
ҳайрат билан қараб ўтади.
Бу шаҳарнинг тупроғи
туйғуларнинг оҳангига қулоқ тутади.
Шамоллари
афсонавий қушлар қанотининг
садосини етказади.

Денгизлар ортида
бордир бир шаҳар
унда нур сочувчи қуёш кўлами
азонда очилган кўзларга тенгдир.
Шоирлар сув,
ақл
ва
нурнинг ворисларидир.

Денгизлар ортида бор ёлғиз шаҳар,
бир кема қурайлик…

ИНТИҲОГАЧА ҲУЗУР

Бу кеча
ажиб бир тушда
калималар томонга
очилгай бир йўл.

Ниманидир шивирлагай ел.

Олма узилгай
ва
заминнинг сифатлари устига тушгай.

Туннинг кўздан ғойиб бўлган
Ватанининг ҳузурига шошилгай.

Тасаввур томи
қулаб тушгай.

Кўз
ўсимликнинг ғамгин
ақлини кўргай.

Чирмовуқ
Парвардигор танасининг
атрофини
чирмаб олгай.

Сир
бағрини очгай.

Замона зуҳдининг илдизлари чиригай.

Зулмат кўчасининг бошида
сувнинг суҳбатга тўлган лаблари
барқ ургай.
Ва буни кўзгунинг ботини тушунгай.

Бу кеча
маъно танасини
дўстнинг эслашлари силкитгай.
Ҳайрат қанотин очгай.
Тун ичида ҳашарот
ёлғизликнинг саодатли тақдирини
бошидан кечиргай.

Тонг сўзининг ичида
тонг отгай.

БОШЛАНИШ НИДОСИ

Ковушим қани?
Кимдир чақирди: Суҳроб!
Ҳавою япроқнинг ошнолигидек
Таниш бир товуш.
Онам уйқуда.
Манучеҳр, Парвона, балки бутун шаҳар ҳам.
Сониялар устидан
Марсиядек ҳазингина ўтаётир
Хурдод кечаси.
Уйқумни қочирар
Жункўрпанинг яшил учидан
Эсган салқин шабада.
Айрилиқнинг ҳиди уфурар:
Ниначилар қанотининг сасидан
Ёстиғим тўлган.
Тонг отгай
Ва осмон мана бу идишга кўчгай.
Бу кеча бош олиб кетмоғим керак.
Мен бу ернинг одамлари-ла
Ланг очилган деразадан
Сўзлашган эдим
Аммо ҳеч ким лом-мим демади.
Ошиқона ерга қадалган
Бир нигоҳга кўзим тушмади
Боғчанинг чиройига
Мафтун бўлган бир кўнгилни топмадим.
Пайкалдаги зоғчалар билан
Ҳеч кимнинг иши йўқ.
Бир булутнинг ҳажмича кўнглим
Хуфтон бўлади
Қачонки деразадан
Қўшнининг балоғат ёшига
Етган гўзал қизини
Дунёдаги энг ноёб нарвон пойида
Фиқҳ ўқиб турганин кўрсам.
Аммо қизиқ нарсалар ҳам бор:
Парвоз онлари.
(Масалан, кўрдим бир шоирани,
Фазога шу қадар маҳлиё эдики,
Кўзларида осмон тухум туққанди).
Тунлардан бир туни
Бир киши сўради мендан:
“Узумнинг нур сочиб чиқишигача
Неча соатлик йўл?”
Бу кеча бош олиб кетмоғим керак.

Бу кеча бош олиб кетмоғим керак.
Ёлғизлик тўнимнинг
Андозасидек
Сиғимга эга бир жомадон олиб,
Мени доим чорлаб турувчи
Сассиз, сўзсиз кенгликлар оша
Қаҳрамон дарахтлар кўкарган томонга.

Яна кимдир чақирди: “Суҳроб!”
Ковушим қани?

БЕҒУБОРЛИК

Осмон тўқ мовий.
Тиниқ мовий сув.
Мен айвонда, Раъно ҳовуз бошида.

Раъно кийим ювади.
Япроқлар тўкилади.
Онам бир кун эрталаб айтганди:
“Зерикарли ўтмоқда бу фасл”.
Мен унга айтдим:
“Ҳаёт бир олмага ўхшайди –
пўчоғини арчмасдан
тишламоқ лозим”.

Қўшнимизнинг хотини
Дераза олдида тўр тўқийди,
шеър ўқийди.

Мен “Веда” ўқийман, гоҳида
Расм чизаман:
Тош, қуш ва булут.

Ёлғиз бир қуёш.
Ҳаккалар учиб келган.
Лотин чечаклар чиққан.
Мен анорни доналайман,
Кўнглимдан ўтади:
“Одамларнинг ичидаги доналар ҳам,
Кошкийди, аён бўлса.”
Анор суви кўзимга киради:
Кўзимдан ёш сизади.
Онам кулади.
Раъно ҳам.

ДИЙДОР ШАБНАМИ

Қадаминг товушин эшитиб,
эшикларни очдим.
Нигоҳимнинг бўлакларини
ҳар ёққа сочдим.
Борлиқни нигоҳга тўлдирдим.
Ўлик кўлнинг бўйида,
Ботқоқ устида
бир бўлак табассумингни кўрдим,
Намозга шошдим.
Бир тиканнинг танасида
сенинг ниҳон ётган ёдингни
жаҳонга таратдим.
Ўзидан кўкариш,
ўзидан кўпайиш куйини
дарахтлар торида чалдим.
Ва бир қўл дуони кечаси ҳайдаб,
сиримнинг уруғин сочдим.
Фирибнинг шохини синдирдим.
Йўқликкача югурдим.

Ва ўлимнинг чеҳраси,
идрокнинг энг кичик
заррасигача югурдим.
Ғамнинг қоясидан қуладим.
Дийдоринг шабнами
бармоғимни намлади,
титрадим.
Бир адирдан ел ўтарди,
бир қадам йўлдош бўлдим.
Зулматнинг бағрида
бир парча қуёш кўрдим,
етдим-у, ўзимдан кетдим.
Мен энди қутулдим.

ЯШИРИНГАН ҚУШГА

Сенга айтар сўзларим бор,
Кўзлардан пинҳон сайраб,
Замонани овози ила
Бошлаётган Қуш!

Не дардларинг борки, сен
Хилватингда чекасан фарёд?
Қўлимдаги ҳаёт нашъасин
Этасан барбод?

Сен қаерда пинҳонсан, эй Қуш?
Майсаларнинг тўри ичида,
Ёки завқнинг шохалари тагидамисан?

Бир ўлик сувнинг
Яшил кўзи узра учасан,
Ёки идрок чашмасининг бошида
Қанотингни ювасан?
Қайда бўлсанг ҳам менга айтгин!
Йўл юзида йўқ душман изи.
Сен
Бир қуёш бўлгин!
Бундан сўнг
Момақалдироқ
Булут томига
Қўймагай оёқ.
Уясидан чиқмагай
Чақмоқ илони.
Ва тўфон занжири бундан сўнг
Саҳрога тушмагай.
Кунлар тинч ва сокин ўтмоқда,
Сен яна нимадан ҳадиксирайсан?

АЧЧИҚ ТУШ

Ой қуши
Сайрайди.
Хонамда бир булут йиғлайди!
Очилади надоматнинг кўзида гуллар.
Деразамнинг тобутида
тебранади Машриқнинг жасади.
Мағриб жон ҳолатда,
Ўлади.
Қуёшнинг сарғайган гиёҳи
Секин-аста сўлғин хонамда
ўсади.
Уйғоқман,
Ухлаб қолганми, деб ўйламанг.
Синиб кетган бир шохнинг сояси
Секин мени ухлатиб қўйди.
Энди мен
Эшита бошлайман
Ой қушининг куйини
Ва надомат кўзининг чечакларини
Сочаман.

Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржимаси