ХХ аср Эрон шеъриятининг йирик вакилларидан бири – Салмон Ҳиротийнинг (سلمان هراتی) шеърлари дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган. Илк маротаба ўзбек тилида тақдим этилаётган ушбу тўпламдаги шеърлар Эрон болаларининг дардли дунёси, уларнинг изтироб ва қувончлари ҳақида ҳикоя қилади.
БУ ЮЛДУЗДАН У ЮЛДУЗГАЧА
Отам ишчидир.
Тонг осмонидаги
Сўнгги юлдуз ила
Ишга кетади.
Отам қуёшдир.
Тун осмонидаги
Илк юлдуз ила
Ишдан қайтади.
МEНИНГ РАСМ ДАФТАРИМ
Менинг мўжаз расм дафтарим!
Сенинг ҳар бир бетингда
Бир тўлқинни тасвир айладим.
Чизаман дегандим денгизни
Аттанг! Бўлмади.
Менинг мўжаз расм дафтарим!
Ҳисобингда бетлар кам.
Аммо тўлқинлар бисёр.
Шаҳидларнинг расм дафтари
Ер бўлган.
Улар минглаб дарёни
Жойлаштира олгайлар
Ушбу дафтарда.
БИЛАСАНМИ?
Ҳаёт, бу – дам олиш соати эмас,
Ки фақат ўйнашдан,
Таом
Ёки бодом
Ейишдан
Иборат бўлса.
Биласанми,
Яна қандай дарсларимиз бор?
Биринчи қўнғироқ – дин дарси,
Иккинчи қўнғироқ – ҳисоб.
ТОНГ
Сиз биланман!
Ўтиринг!
Сатр бошидан
Ёзинг: Тонг
Шаҳидлар мозори томондан
Келади.
Қизил михчагулларга тўла
Сабадини кўтариб.
Ундан сўнг
Тонг, Қуёш ва шабада
Очадилар мактаб эшигин
Табассум билан.
СЎНГГИ ИМТИҲОН
Ва жанг майдони
Мактабдир.
Синфимиз ҳам шу ерда
Тезроқ бўл, кетайлик
Кечикиб қолмайлик.
Қуролингни ол.
Имом келмоқда
Сўнгги имтиҳон
Бошланмоқда.
ҲАЁТ
Шаҳарда фасллар
Бир хил кечади.
Шаҳарда ҳаёт
Бензин билан,
Нефт билан боғлиқ.
Аммо қишлоқда ҳаёт
Оддий, чиройли
От билан ширин.
Қишлоқда ҳаёт
Ёмғир,
Қуёш ва дарахт
Фасл ва меҳнат билан ширин.
Қишлоқ
Ер юзининг энг гўзал тасвири
Баҳорнинг энг гўзал сўзанасидир.
ДАСТУР
Бир жумлаки, хабар беради.
Хабарнинг баёни
Ушбу жумлага ўхшаш:
“Шаҳид
Мангу оқаётган
Қизил дарёдир”.
АҲМАДНИНГ ЖОЙИ
Мактаб дарвозасининг устида
Бир байроқ ҳилпирар шамол қўлида.
Байроқда ёзганлар: “Аҳмад Хушнишин
Шаҳид бўлмишдир ватан йўлида”.
Шамоллар бу машъум хабарни
Узоқларга олиб кетдилар ғамгин.
Осмоннинг бағри қон бўлди ўша кун.
Ўрмондан нарироқ ботарди қуёш
Кулишга ҳоли ҳам қолмаган, ҳорғин.
Дарахтнинг шоҳига илинган шамол
Тараннум этарди ушбу каломни:
“Аҳмаднинг ўрнига майдонга ким борар?”
Ўрмонзорга айланди қўллар.
КИЧИК САРВ
Кетаётганда
Бир кичик сарвни
Ажин босган елкамизга экиб кетди.
У кетди-ю, бошқа қайтмади.
Аммо
Ям-яшил ушбу сарв ўсиб
Боши осмонларга тегиб кетди.
ХАБАР
Қўрқма, кел, мен билан!
Мен бир жанубликман!
Эзгулик фикрида юрган.
Менга фақат эпосдан сўзла
Мендан фақат қуролни сўра.
Зеро, менинг муаллимим
Қўмондонимдир.
Синф хонамиз –
Жанг майдонимдир.
Биз бўр билан
Доимо ёзганмиз:
“Ғалаба қозонгаймиз!”
Қора доскамиз –
Ислом душманининг қора юраги.
ИНШО
Иншо ёзардик.
Шундай деди бизга муаллим:
“Болалар,
Қулоқ солинглар:
Назаримда, шаҳидлар
Қуёшдирлар”.
Муртазо деди:
“Шаҳид
Лола каби қизилдир”.
Яна бир ўқувчи деди:
“У – уйимизда ёруғлик таратётган
Чироққа ўхшайди”.
Яна кимдир шивирлади:
“У – боғларда ўсадиган дарахтдир”.
Яна кимдир фикрини айтди:
“Шаҳид –
Ҳодисаю гўзалликка бой
Ажиб бир достондир”.
Мустафо деди:
“Шаҳид –
Юрагимиз дафтарида қоладиган
“Аъло” баҳодир”.
ХОТИРА
Эсимга келди
Ўша совуқ кун ботар маҳал.
Иссиқ қуёш
Апелсин каби
Ўрмон кафтлари орасида
Кўздан йўқолди.
Ўшанда қуёш
Шаҳидлар кўзидек
Яшил
Ва қизил
Рангларда товланди.
Эсингдами?
ҚИЗИЛ ХОНА
У кетган кун
Гуллар ғунча эди.
У кетди-ю бошқа келмади.
У кетди-ю бизнинг кўчамизда
Бугун
Фарёду ғавғодир.
Узоқдан
Одамлар қўлида
Кетаётган
Шаҳиднинг тобути кўринар.
Энди у йўқ
Аммо
Кўчамизда
Лолага бурканган бир боғ бор.
Кўчамизда
Нур билан безанган
Қизил бир хона
Муҳаёдир.
КEЛАСАН
Биламан
Ёмғир билан осмондан
Гуллар билан шабнамдан
Майса билан ўрмондан
Тўфон билан дарёдан
У ердан
Майдондан
Байроқ билан
Жанггоҳдан
Келасан
Келасан!
Лекин, сен қачон
Эй, қалби дарё
Дарёсан?
КЎЧАМИЗДАН
Кўчанинг кўзи юқорига боқар
Кўчамиздан бир булоқча ҳам оқар.
Унга “Йўл бўлсин?” дедим, деди кулиб:
“Ўша ёққаким оқар дарё тўлиб”.
БИРОДАРЛИК
Бир қора кабутар
Бир оқ кабутар
Ёнма-ён туриб
Ҳароратли қалб
Меҳрли қўл ила
Лой сувоқ уйимиз тарнови устида
Шох-шабба, лою тошчадан
Бир ин қурганлар.
Ҳовлимизнинг нурли саҳнида
Дон териб юргайлар.
Гоҳида булутлар ортида
Бир гўзал нуқтага айланиб
Кўздан ғойиб бўлгайлар.
Кечга келиб уйимизнинг тарнови
Бу икки меҳрибон ёрнинг
Бу икки оқ-қора кабутарнинг
Чуғур-чуғурига тўлиб кетади.
Эй, менинг оппоқина кафтарим!
Кошкийди
Одамларнинг ҳам
Сен каби оқ, тоза қалби бўлсайди!
Эй, қора ва сода болалар!
Сизларга ичим ачийди.
ОҚ ЛАЙЛАК
Қуёш ёритгач
Оламни бешак.
Дарахтга қўнди
Оппоқ бир лайлак.
Хурсанд ва хандон
Урди ажиб бонг.
У гўзал лайлак:
“Эй қирмизи тонг!
Яшил тоғлардан
Олис кунлардан,
Дарёлар узра
Нур даралардан.
Келаётганда
Майсазор ошиб.
Кўрмай қолдингми
Баҳорни шошиб?
ЭРТАНГИ КУН
Томчилаб тушади тарновдан
Денгиздан вужудга келгувчи ёмғир.
Боғимиз ёмғирнинг саховатидан
Саҳройи гулларга кўмилар ахир.
Ўрнингдан тургин-у мен билан куйла
Қарагин, далалар нақадар уйғоқ!
Саҳарнинг бақувват элкасидаги
Эртанги кун табассумларига боқ.
Эртанги кун келар бугун изидан
Денгизнинг мовийранг кенгликларидан.
Зафарнинг ям-яшил баҳори анқир
Саҳронинг муаттар гўшаларидан.
Эртанги кун келар – ям-яшил баҳор
Бир қучоқ муаттар лолазор билан.
Табассум гуллари очиалр уйда
Бинафша мисоли ариқ бўйида.
Эртага қайтади яна қалдирғоч
Дилимни яйратар чуғурлашлари.
Тамошага чиқмоқ, қарамоқ – керак
Қалдирғоч, қушларнинг учишларини.
Кафтару чумчуқлар билан парвоз эт,
Гул каби қанот ёз бўстонларида.
Эркинлик чўққисин томоша қилгин
Мовийранг парвознинг осмонларида.
Майса-ю гулларнинг нозик қўлида
Биз умиднинг қизил ғунчаларимиз.
Эртанги кун каби поку мусаффо
Биз қуёш шаҳрининг болаларимиз.
Эртага ўлик сув осудалиги
Дарё тўлқинига беролмагай дош.
У ерда гул акси ёнида албат
Масжид деворини ёритгай қуёш.
* * *
Кел, дарё тўлқини билан куйлайлик
Кел, саҳар еллари билан сўйлайлик.
Шаҳидлар руҳини шод этмоқ учун
Гул ёзган васиятларни билайлик.
* * *
Ёмғирдек, анҳорнинг оқар сувидек
Е қизил гул, қайга олиб кетдинг бош?
Сен кетдинг, энди мен билан ўйнайди
Ёмғирли кунларда бу гўзал қуёш!
* * *
Мен билан парвона – шаҳид фарзанди
Тонг отгач, саҳрога қанот очгаймиз.
Боғнинг ўртасида бир қуёшни биз
Сарв билан ёнма-ён, яқин кўрганмиз.
ОТАНИНГ ҚАЙТИШИ
Шаҳид Азизуллоҳ Гилин Муқаддамнинг фарзандлари – Ёсуман, Ёсир ва Қудсия Гилин Муқаддамга
Хўрозларнинг қаттиқ қичқиришидан
Ёришди саҳарнинг бедор кўзлари.
Очилди яна мовийранг осмоннинг
Уйқудаги шаҳид каби юзлари.
Сафарга чиқдилар осмон бағрида
Кўкарган булутлар ёмғирсиз сузиб.
Бир-бирига қанот очиб кафтарлар
Оқлик бахш этдилар осмонга, учиб.
Бир насим эсмоқда жануб томондан
Муаттар ҳидингни ҳар ён таратиб.
Қизилранг қайтишинг қиссасин ўқир
Дарахтнинг қулоғи тагига бориб.
Юрагим тубида гар билсанг бугун
Соғинчинг дастидан бошланар ғавғо
Кўзларим кўчага нигорон боқар
Кўча ҳам гўёки бугун бир дарё.
Қаердан келмоқда бу кўз ёшлар, оҳ,
Синглимнинг гул каби юзларин намлаб?
Онамга не бўлди, нега у бугун
Қора рўмол боғлаб олибди, не гап?
Меҳрибон қишлоқдошлар қўлларида
Отани кўтариб келаётирлар.
Гўёки намоз боғига ям-яшил
Санавбарни қўлда элтаётирлар.
Кўзларингни очгин, кўзларингни оч
Бу баҳор очилган баҳорим менинг.
Бу боғда очилган ўша қизил гул
Ям-яшил ғунчам, интизорим менинг.
Кўзларингни очгин, томоша қилгин
Баҳорнинг очилган ғунчаларини.
Япроқлар устига дурдек тўкилган
Ёмғирнинг биллурдек томчиларини.
Ҳу, анор дарахти тўнида туриб
Гулдўзлик қилмоқда бир ғаройиб қуш.
Сал нарида чумчуқларнинг овози
Ғалабадан дарак бермоқдадир хуш…
МАЙДОН СEН БИЛАН
Эй худо!
Бир қатра сув!
Булутларга амр эт:
Бу боғдаги дарахтларга
Мурувват кўрсатиб
Ёмғир юборсин.
Токи бу саҳрода
Келажак йўлидан келаётган
Баҳорнинг нафаси ила
Арғувон лолалар эксин.
Оҳ, эй қудратли қўл!
Майдон сен билан
Зафарга ёрдир.
Агар сен бўлмасанг
Гулларга бурканган саҳролари-ла
Майдон ҳам бемаъни, бекордир.
КУЗ
Ҳар куни
Эрта тонг
Мактабга
Кетаётган чоғимда
Изғирин бир шамол эсади.
Дарахтларнинг шохидан
Япроқлар узилиб ерга тушади.
Шунда мен
Эй ота
Эй кетган қуёш
Сизни эслайман.
Куз фақат менинг ишларимнимас,
Сизнинг,
Дарахтларнинг ишини ҳам
Мушкуллаштирди.
ЭЙ АНҲОР!
Дарахт ва тошдек
Шамол билан юзма-юз
Йўлингда интизор турибман.
Сен эртага
Қишлоқ йўлидан
Қуёш томондан
Нур шаҳрига етиб келгайсан.
Сен
Душманлар учун
Тошқин бир дарёсан.
Аммо биз учун
Мулойим,
Меҳрибон анҳор.
Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржималари