Қайсар Аминпур (قیصر امینپور) 1960 йили Эроннинг Хузистон вилоятидаги Дузфул шаҳристонида таваллуд топган. Қайсар Аминпур Теҳрон университетининг Тиббиёт факультетига ўқишга кирди. Аммо ёшлигидан шеърият ва адабиётга қизиққан йигит шу йилиёқ тиббиёт факультетида таҳсил олишдан воз кечиб, ижтимоий фанлар факультети талабаси бўлишга муваффақ бўлди.
Қайсар Аминпур 1990 йилда “Суруши навжавон” (Ёшлар ҳайқириғи) деб номланган адабий-бадиий журнал бош муҳаррири этиб тайинланди. 1997 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди.
1985 йилда асосан ғазаллардан таркиб топган илк шеърий тўплами – “Танаффуси субҳ” (Тонг танаффуси)ни босмадан чиқарди. “Дар кўчайи офтоб” (Қуёш кўчасида), “Манзумайи зуҳри рўзи даҳум” (Ўнинчи кун пешини достони), “Мисли чашма, мисли рўд” (Чашма янглиғ, дарё каби), “Бе бол паридан” (Қанотсиз учмоқ), “Ойинаҳойи ногаҳон” (Ногаҳоний ойналар) каби китоблари чоп этилган.
У 2007 йилда 48 ёшида вафот этди.
Шоирнинг шеърлари илк бор ўзбек тилига шоир ва таржимон Асқар Маҳкам томонидан ўгирилган.
БЕКАТ САФАРИ
Поезд кетмоқда
Кетмоқдасан сен.
Бутун бошли бекат кетмоқда.
Мен эса нақадар гўлман,
Чунки
Йиллар ўтса-да,
Кетиб бўлган
Поезд ёнида
Сени кутиб турибман ҳамон.
Кетиб бўлган бекатнинг
Тўсинига
Суяниб.
ДУНЁДАГИ ОШИҚЛАРНИНГ ТУҒИШГАНИ
Аммо…
Мўъжизамиз шудир:
Қисқа йўлак интиҳосида
Ўша мўъжаз кутубхонада
Биз севгини мактабга элтдик.
Токим
Омонатга олганимиз эски китобни –
Ишоратлар китобини бир-икки лаҳза
Бирга ўқисак.
Ичимизда китоб ўқирдик
Китоб варақлаб
Тўқнаш келди нигоҳларимиз…
Тўсатдан
Бизни бигиз бармоқлар
Ҳар томондан санча бошлади.
Гўё
Кўзларимиз шовқини
Кутубхона ичидаги сукутга
Риоя қилишни
Унутиб қўйганди.
* * *
То ёнмасам
То ёндирмасам
То ҳаво етмасдан
Ногоҳ сўнмасам…
Унда қандай қилиб
Сақлашим мумкин
Бу лахча оташни
Ёруғ доимо
Йиллар давомида
Кафтларим аро?
Шундайлигимни англаб олсам то!
АЙТИЛМАГАН ШЕЪР
Йўқ!
Ҳеч қандай ишим йўқ муҳаббат билан!
Бундан сўнг
Ҳеч кимни ва ҳеч нарсани
Бу дунёда сева олмайман.
Тушунгин
Сен билан мени
Бир кунга бўлса-да шодон,
Бемалол
Кўришга кўзи йўқ дунёнинг.
Зероки
Кимнидир,
Ненидир
Кўпроқ ёқтирсанг
Ҳатто у
Бир тутам тамаки
Ё илоннинг заҳри бўлса ҳам
Сендан дариғ тутади, бешак.
Шундай экан
Мен бутун вужудим билан
Ўлимга топширдим ўзимни.
Токи, дунёнинг
Мен билан ҳеч қачон бўлмасин иши.
Бу янги шеърни ҳам
Ёзмай қолдираман…
То ҳидин сезмасин бу дунё…
Айтдим-ку
Ҳеч қандай ишим йўқ муҳаббат билан!
АРМОН
Қуш
Деворнинг устида турарди бўзариб
Минқорида бир қафасни кўтариб.
ТАЛҚИН
Бу кунлар ўтаётганидан
Шодман
ва кунлар ўтаётганидан
шодманки
ўтаётир бу кунлар
Шодманки
ўтаётир…
САТР ОРА
Ўтаётган шу кунларда
Шодман,
Зеро
Сатр ора
Озодман.
Ва кўнглим қай йўсин,
Қайси томонга
Истаса
Жавлон ура оламан –
Икки хатнинг оралиғида.
ТИНЧЛИК УЧУН ЛОЙИҲА (1)
Болакай
Ҳовлида мушукларини
Ўйнатиб юрарди.
Онаси
Тикувчилик дастгоҳи ёнида
Ўтказарди хотиржам
Ипни игнадан.
Дамланган чой ҳиди
Хонани тутганди.
Эшик очилди
“Отасимикин?”
ТИНЧЛИК УЧУН ЛОЙИҲА (2)
Қаро ерда ётган шаҳид
Ичида ўйларди:
“Душманни янчиш
Ғалаба бўлса гар,
Не учун яна
Душманлик мавжуд?”
ТИНЧЛИК УЧУН ЛОЙИҲА (3)
Қаро ерда ётган шаҳид
Бармоғини қонига бўяб
Ёзар эди шуларни тошга:
“Урушда эмас,
Уруш устидан
Ҳақиқий ғалаба тилаб!”
БОЛАЛИГИМ
Ўйинқароқ ел
Варракни,
Варрак
Гўдак
Қўлини
Ҳар томонга олиб қочарди.
Болалигим
Ингичка ип билан
Ел қўлига
Осилиб қолган!
НОИЛОЖ ОҲАНГ
Аммо не учун
Шеърларинг оҳанги хира,
Ранги аччиқдир?
Жим
Боши эгик қўзичоқ
Тақдирнинг
Қочиб бўлмас қассобхонасига
Ўз оёғи билан
Яқинлашганида
Бўйнидаги қўнғирчоқчалар
Қандай оҳанг чиқарар экан?
БЕПОЁН ЙЎЛ
Ўшанда
Қанот ёзиб
Бошинг билан қонли водий томонга учдинг
Ва айтдинг:
“Энди ҳечам уйга қайтмайман
Бугун
Кетмоқдаман ўз оёғим билан
Эртага
Балким мени олиб келгайлар
Шаҳарга
Қўлларда кўтариб”.
Аммо
Сени шаҳарга ҳам олиб келмади ҳеч ким
Айтдилар:
“Ундан
Поёни йўқ йўлдан ташқари
Бирон нарса қолмаган экан”.
БАТОНЛИ НОН
Осмон таътилда
Шамоллар бекорчи.
Ҳиқ-ҳиқ йиғини
Еб қўйган булутлар
Қуруқ ва хасис.
Бир кўнглим
Саҳронинг қайноқ
Пешанасига
Ҳўл рўмолча босайин дейман.
Аммо афсус
Рўмолчамни
Батонли нон
Эгаллаб олган…
Обрўсини тўкдилар қишлоғимизни!
ОҚЛАМА
Тонгда қуёш кулиб
Тунги машқ дафтаримни
Ўчириб ташлади.
Ўчирғичнинг нафи йўқ
Чунки ушбу ёзувларни ўчирсам ҳам
Изи қолади.
Эй чизилган машқ дафтаримни олган шахс!
Ўзинг айт,
Мен кераксиз қоғозларда ёзилган
Машқларимни ўзим билан
Олиб кетишга
Ҳаққим бормикан?
Кетаман
Янги дафтар сотиб олишга
Ҳаётни қайтадан,
Сатр бошидан,
Ёзишим керак!
Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржималари