Гэрус Абдолмаликиён (1980)

Гэрус Абдолмаликиён (گروس عبدالملکیان) 1980 йил 10-октябрда Теҳрон шаҳрида туғилган. Эроннинг машҳур шоири Муҳаммад Рэзо Абдолмаликиённинг ўғли. У 11 ёшидан шеърлар машқ қила бошлаган. Илк шеърлари «Кайҳон» журналида чоп этилган. 2003 йили Теҳрон Озод университетининг саноат муҳандислиги факультетини битирган.
«Пинҳон қуш», «Дунёнинг маҳзун ранглари», «Зулматда чизиқлар жойларини алмаштиради», «Туйнуклар» ва «Розилик» каби тўпламлар муаллифи. Унинг шеърлари ва китоблари бир неча миллий ва халқаро мукофотлар билан тақдирланган.

ҚОҒОЗ ҚАЙИҚ

Бир жуфт туфли,
бир неча жуфт бинафша ва зарғалдоқ ранг пайпоқ,
бир жуфт мовий зирак,
бир жуфт…

Нуҳ кемаси —
сен ёпган жомадон.
Сўнг
эшик товуши
кўйлагимдан ўтди,
кўксимдан ўтди,
уйим деворидан ўтди,
эски маҳаллалардан ўтди…

Ва боламни ғамгин қилди.
У ўрнидан турди-да,
қоғоз қайиғини сув юзига қўйди.
У жуфтни тушунмайди.
Ёлғиз ўтирди.
Сувлар келажакка оқдилар.

Шу жойда шоирлигим ёдимга тушди ва
замонни
ҳарир матодек силкидим.

Ундан тасбеҳ доналари тўкилди:
Мен…
Сен…
Бола…
Қоғоз қайиқ…
Нуҳ…
Келажак…

Сени болам билан
қоғоз қайиққа ўтқаздим.
Ва келажакка юбордим.

Кейин Нуҳ билан
Тўфонни кутиб олишга қадам ташладик.

* * *

Йўқолиб қолишдан қўрқамиз…
Аммо
ўрмонда сен билан йўқолиб қолган кунимиз
Умримнинг энг гўзал кунидир…

* * *

Сени севаман, дединг……
Мен ташқарига шошилдим.
Чунки хонанинг шифти
парвоз қилишим учун торлик қиларди.

* * *

Бўри Шангулни еди,
Бўри Мангул*ни пора-пора қилди.
Ўғлим, ўрнингдан тур,
бу ухламаслик ҳақидаги эртак.

* Шангул ва Мангул — эртак қаҳрамонлари

* * *

Мен қолишни истадим
Кетдим.
Мен кетишни истадим
Қолдим.
На кетиш муҳим эди,
На қолиш…
Мен мен эмас эдим.

* * *

Нима фарқи бор:
Мен сенга ошиқманми,
Ё сен менинг ошиғим.
Нима фарқи бор
Камалак осмоннинг қайси тарафидан бошлангани?

* * *

Икки йилки биляпман:
Безовталик нима,
Дард нима,
Меҳрибонлик не?

Икки йилки, билаяпман —
Қўшиқ нима,
Сир нима?

Сенинг кўзларинг
туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамни ўзгартирди.
Бугун икки ёшдаман…

* * *

Сенинг кўйлагинг
шамолда ҳилпирайди.
Бу
мен ёқтирган ягона байроқдир…

* * *

Сенинг исмингни мен
қовус ичида ёзаман —
Уларнинг ичида
бир умр қолиб кетиш учун!

* * *

Яна учиш —
бу қушнинг истаги эмас эди.
У ўз патларини
Бошқалар ухлаб туш кўриши учун
бир-бир юлди.

* * *

Қалбинг овози эмас,
Оёқларинг товуши
тунлари кўксимда югураётган.
Етар, бироз чарча,
Етар…

Форсчадан Башорат Отажонова таржималари