Ондра Лисогорский (1905-1989)

Ондра Лисогорский (Óndra Łysohorsky, асл исми Эрвин Гой, чехча Ervín Goj) – ёзувчи, шоир, адабиёт таржимон, филолог, ляш тили асосчиси. емис баронларига қарши мустақиллик учун курашган ляш миллий қаҳрамони Ондраша ҳамда ляш исёнкорлари маскани Лисая гора номларидан ўзига тахаллус ясаган. Прага, Сорбонна ва Рим университетларида таҳсил олган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда яшаб, ижод қилган.
 
САМАРҚАНД КУЗИ

Шамоллар Чингизнинг ваҳший қўшини
Сингари ёприлди кузги водийга
Қуёш сариқ тонгни қоплаган куни.

Деворлардан ошиб изғир бетиним
Чинорлардан учган супра япроқлар,
Қайтиб келмас қушлар каби бўлар жим.

Барглар қани? Қаерда йўқолур бари?
Чексиз саҳроларга қанча мартаба
Бу ердан боқмишди бир чоқ Навоий.

Самарқанд боғлари, мевазорлари –
Зар тўла косадир, еллар олтинни
Кўп дафъа учирган қумликлар сари.

Замон гирдобида шундай боғчалар,
Шундай узоқликлар, шундай соф само.
Қайлардандир эсган шўх шаббодалар

Оёғимга отди чинор япроғин:
Учирди қумларга, шаҳардан узоқ,
Билмайман қай боғдан, қай уйдан локин?

Беш юз йил – кичкина одим сингари,
Шеърнинг нафасида абадият бор.
Мана асримизга келди Навоий.

Хазонларнинг сариқ гирдобида у,
Тўнган бармоқлари тутмиш сариқ барг.
Европада қанча гулзор ва сўлим –

Мевали боғларни қийратар бўрон,
Шоир кўрар доно кўзлари билан.
У гўзал боғларни ўтирган боғбон.

Тиғ тутолмас заиф қўлида япроқ,
Ҳимарар у. Лекин мангу руҳида
Туғилур мўъжиза, улуғ эзгу, ҳақ.

Шоирнинг сўзига хос бир мўъжиза.
Бу мўъжиза бутун асрга ҳукм!
Шундай мўъжизаким, жаҳон юзига –

Булут орасидан шоирдек тоза,
Лоладек қип-қизил янги бир аср –
Туғилар, нур билан тўлар дунёда.

Ойбек таржимаси