Иржи Тауфер (Jiří Taufer) ХХ асрнинг 20-йилларида адабиётга кириб келиб, мураккаб ижодий йўлни босиб ўтган чех шоиридир. То умрининг охиригача минбар шоири, лирик шоир сифатида фаол ижод қилган. Бадиий таржима соҳасидаги фаолияти ҳам алоҳида эътиборга сазовор, дейиш мумкин. Бундан илгари ҳам айрим шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.
ТАРЖИМОН САНЪАТИ ҲАҚИДА МУНОЗАРАЛИ СОНЕТ
Йўқ, таржимонлик бу – шоирликмас ҳеч,
Нечун керак таққос? Қошинг чимирма.
Унга луғат – абжир ханжару очқич.
Иши шу – бошқалар фикрин симирмак.
Йўқ, отаётган тонг эмас таржима,
Башорат ҳам бермас бўронга доир.
Ўйида не сирлар жўш урса нима,
Йўқ, таржимон – асло эмасдир шоир!
Майли, ёр билмасанг илҳомга бизни,
Ёзғирма меҳнату завқ-шавқимизни!
Бизга тушса қай касб эгасин кўзи –
Қутлар ҳурматимиз жойига қўйиб,
“Таржимон – бу бизнинг ходим эмас”, – деб
Айтмас ҳеч вақт ҳатто Незвалнинг ўзи!
ТАРЖИМОН САНЪАТИ ҲАҚИДА КИНОЯЛИ СОНЕТ
Ёзасан-чизасан саралаб, хиллаб,
Ишга ҳам ўхшамас бир қараганга.
Чурқ этмай қофия излайсан йиллаб,
Шеърни деб, сўз кирар аёвсиз жангга.
Хаёлда отишма – енгмоғинг даркор,
Зўр қалъага ҳужум бошлар дам – бу дам,
Лекин жанг, азобнинг не кераги бор,
Балки сулҳ тузарсан, яшарсан беғам.
Майли, у деб, бу деб сўйласалар ҳам,
Бизни анойи деб ўйласалар ҳам,
Олқишу гулчамбар – шоирга, зеро.
Таржимон-чи? Кўпнинг бири, бор-йўқдай.
У аста тўнғиллар – сўзлари ўқдай:
“Зар уқам кирибди жонига оро!”
ТАРЖИМОН САНЪАТИ ҲАҚИДА КЎТАРИНКИ РУҲДАГИ СОНЕТ
Жонига тегмас ҳеч – мен биламан, рост,
Қай бир сўз деб тунлар мижжа қоқмас у.
Шу ҳунар, шу ишга қўйгандир ихлос,
Шу-чун эринмасу, шу-чун қушуйқу.
Реактив танлаган каби кимёгар,
Керакли сўз излар кўнгли тубидан.
Маст зўр қофиядан – дил маҳбубидан,
Урар ётнинг орзу отига эгар.
Ҳечқиси йўқ, орзу алдаса бот-бот,
Оғишмай эргашар то экан ҳаёт,
Кўзидан қочирмас унинг қорасин.
Баайни жангдадир – бўлолмас беғам,
Ҳеч кимга банд бермас топишмоқнинг ҳам, –
Эдип каби – топмоқ бўлар чорасин.
НЕЛАРГА ҚОДИР СЕВГИ
Севги ҳар ишга қодир. Хуҳ деб ўт ёқар музга,
У оқ қор ойдинида ёнбағирга тўшар жой,
Бир жон, бир танга дўнар ўзин сезган пойма-пой,
Дўнар бу севишганлар соявони юлдузга.
Ҳўл перронда, кўрсатар Сомон йўлини ёйиб,
Ёмғирда, лабдан ўпиб, жилмаяр маъсумона,
Аввал юз бор адашган – адашар яна, ёна,
Айтаверсам ҳаммасин, сўзим кетар кўпайиб.
Бу икков нам юқтирмай, дарёдан учиб ўтар,
Уммон-ла чанқоқ босар, осмонга қўли етар,
Кеча бир йилт этмаган қутбга элтар кунни.
Севги ҳар ишга қодир: сукут сақлар, ёзар шеър,
Золушка туфлиси бор – гар: “Саройда ўйнай”, дер,
Этиги бор – кезса кенг қадам отиб очунни.
ИҚРОРДАЙ СОДДА
Сездингки, бор бир бад,
бонг ургил, албат,
кес илдизларини – топ, топ, топ эвин,
титратса гар гулдур момоқалдироқ,
Жон Риддай севин,
Разолатга қарши, қасдма-қасд ҳар чоқ,
Ўлгудайин
Ҳаётни севгин!
Умр – одамларга қучоқ очмоқдир.
титраб-қақшаб,
қўлни кўтариш эмас,
уқ, уқ: ҳаёт, нурда азизлик ва сир!
“Умр” сўзи билан (ким шундай демас?)
Қайноқ қон ўзани –
“томир” уйқашдир.
Қон томирин кесмоқ
арзир иш дер ким?
Қон, югур – яшнат жон,
ивима, шошил!
Ҳаёт санъатига қиламан таъзим,
аксилҳаётни-чи,
рад этаман, бил.
Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржималари