Пейо Яворов (ҳақиқий исми — Пейо Тотев Крачолов; 1 январь 1878, Чирпан — 29 октябрь 1914, София) — болгар шоири, болгар адабиётида символизмнинг асосчиларидан бири. “Бедорлик”, “Булутлар сояси изидан” шеърий тўпламлари, “Далада”, “Жала” поэмалари муаллифи. Драматургия соҳасида ҳам қалам тебратган.
СОҲИРА
Қалбим — қалбинг асирга олган
Итоаткор қулдир,умрбод
Кўзларингга термулиб қолган…
Дуо қилар, ёлворар нолон,
У йил сайин бўлмоқда барбод.
Қалбинг парво қилмагай сира,
Қалбинг қулдир, қалбинг — соҳира.
Зўр ташналик бермоқда азоб,
Чорловимга бир бора жавоб
Қайтармади илоҳа қалбинг.
Икки чашминг ёнаётир жим,
Сокин қалбинг тимсоли — сабот.
Уни афсун тўла маросим
Хижолатга солмоқда наҳот?
Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси