Димитр Методиев (1922-1995)

Димитр Христов Методиев (Димитър Христов Методиев, тахаллуси – Сотир; 11 сентябрь 1922, Белово, Болгария — 19 июнь 1995, София) — адиб ва шоир, таржимон. “Димитровск одамлари”, “Вақт ва ўзим ҳақимда”, “Буюк кўчиш”, “Тиниқ куз маҳали”, “Тотли ифор ила” каби асарлар муаллифи. Унинг шеърларида мантиқий мушоҳадаларнинг гўзал ифодаси етакчилик қилади.

НЕФЕРТИТИ

Нефертити, кўрдим, сулувсан ғоят,
Беғубор севгимга қилмагин гумон.
Йўқотганим излаб топдим ниҳоят,
Сенга етгунимча ўтди кўп замон.
Турфа миш-мишларга ишонма асло,
Худони ҳам қилар одамзот ғийбат.
Бу дунёда сенга етгунимча то
Қанча кулфат чекдим, қанча уқубат.

Эринг рашк туфайли қизғаниб ёмон,
Сени ёт кўзлардан асради пинҳон.
Устингдан ҳукмини ўтказган замон
Ўзи учраштирди бизни ногаҳон.
Буюрди: акс этсин мармарда тўкис
Беқиёс чиройинг, суратинг соҳир.
У менинг севгимни этган эди ҳис
Уста ҳайкалтарош қўллари моҳир.

Ҳамнафас яшамоқ учун сен билан
Қон кечиб, бек бўлдим, гоҳо бўлдим қул.
Эга бўлмоқ учун сенга қонунан
Худолар қаҳридан қўрқмай босдим йўл.
Сени маъбудлардан рашк этмоқ нафсиз,
Эй, она заминда яралган хилқат,
Сени рашк қиламан бизни изма-из
Қувиб келаётган ул Вақтдан фақат.

ГЎДАКЛИК ҲИДИ

Қор бўралаб тинди. Кўм-кўк самовот.
Кўз илғамас олис кенгликлар оппоқ.
Зўрға аравани тортар ҳорғин от,
Эргашади унинг изидан тойчоқ.
Гоҳо ёлларини силкиб чопар шўх,
Гоҳо пишқиради биядан ўзиб.

Ахир, неча марта сўраш мумкин, хўш:
Шеър, сенда қанақа ҳикмат бор ўзи?

От-арава. Дала. Борлиқ оппоқ қор.
Тебратар дарахтлар шохин изғирин.
Тойчоқ ўйнаб чопар бирам мафтункор –
Ўзининг соясин қувлайди қулун.

Тойчоқ… Тойчоқ…
Шошма шу ерда бир оз.
Бу ҳолатни кузат бирпас олиб тин.
Шунда ҳис этасан сут ҳидини боз,
Ҳис этасан ажиб гўдаклик ҳидин.

ДУНЁНИНГ КАШФ ЭТИЛИШИ

Юришни ўрганар митти ўғилчам.
Ўзи мустақил!
Қоқилиб, йиқилиб теп-текис ерда –
Фақат йиқилганда йиғлайди чўчиб.
Мен дарров оёққа турғизиб уни
койийман жўрттага қовоғим уйиб:
“Мана! Нима қилдинг? Ажаб бўлибди!”
Албатта, отаман, юпатаман сўнг.
У эса тек турмас, тиниб-тинчимас,
яна юра бошлар
қўлларини ёзиб – лангардек.

Юришни ўрганди митти ўғилчам.
Бўйлари ҳам анча ўсди, азамат!
Ўзи оча олар ҳамма эшикни.
Бутун уй ичимиз қўрқувга солиб,
барча хоналарда югурар қўрқмай.
Чинни ликопчага чанг солар бирдан:
Тамом! – парча-парча бўлар ликопча.
Пластинкаларни синдирар ўйнаб.
Шукр, китобларни синдира олмас,
Бироқ у тек турмас, тиниб-тинчимас,
Китоблар ҳам пора-пора, йиртилар!

Дунёни ўрганар митти ўғилчам.
Радио мурватин бурар аямай –
сўнг қути ичига беркиниб олган ҳайвонларнинг
чийиллаган, пишиллаган ва хириллаган
товушларидан қўрқиб қочади.
Юзлари бўзариб кетар, беркинар,
бурчакдан боқади бўйнини чўзиб.
Лек овозин ўчирсак дарров
пайдо бўлар яна қути ёнида
ўн марта, кўп марта, йигирма марта…
қулоғини бурайверади токи
бу ўжар радио – тўртбурчак қути
одамдек сўзлашни ўрганмагунча.
Сўнг улар дўст бўлиб қолишар.
Печка билан эса унақа эмас;
У билан умуман дўст бўлиб бўлмас –
ёнига чақириб ҳарорат билан,
бармоғини тишлаб олди ачитиб.
Печка кабиларни ёқтирмас ўғлим!

Ғийқиллаб шубҳали очилар эшик.
Оёғининг учида туриб,
нимагадир қўл чўзар ўғлим.
Не қилғилиқ қиларкан, деб ташвишланамиз.
Уни уришамиз барча жўр бўлиб:
“Оғзингга гугуртни солма! Ток бор, симни ушлама!
Қўлингни торт! Тўхта! Тезда пастга туш!
Тепага чиқма!”
Қўлига урамиз – “Қарс!”
Қизиқувчан эмас, ботир қўлларига
шапалоқ туширамиз!

Гўдак қиқирлаб кулар – қўлларини узатар яна.
Гўдак чинқириб йиғлар – қўлларини узатар яна.
Юлқиниб қочади қучоғимиздан –
Мумкин бўлган тарафга эмас,
Мумкин бўлмаган тарафга югурар,
Онаси тақиқлаган жойга интилар.
Отаси тақиқлаган жойга интилар,
мумкин бўлмаган тарафга чопар,
Интилади қаер номаълум,
Интилади қаер бўлсаки “Қизиқ!”

Биргина момоси – биргина онам
унга эрк беради,
эринмай изидан юради
хонадан-хонага, бир жойдан бошқа жойга.
Момоси унга қараб сўзлар,
худди катта кишиларга гапиргандек
бир нималар дер.
Менга эса ёш болага сўзлагандек тушунтиради:
“Болажоним, мана шундай ўсади,
худди шундай ўсади одам…”

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржималари

КУЗ

Олам уйқу ҳамда тўзғинликка банд,
Ерга, одамларга бериб ўзини,
Сокин ва улуғвор — гўё донишманд,
Сўниб бораётир ёрқин куз куни.

Йиғлама ҳадик-ла, қўйгил ғуссани,
Ҳа, кунларни баргдай совурди фурсат.
Лекин теракзорнинг сарғиш гулхани
Яшил дала узра ёнмоқда бу вақт.

***

Абадиймас менинг қўшиғим,
Лек ўзимга қилар кифоя.
Мен номаълум аскарман — умри
Улуғ жангда топган ниҳоя.

Бир кун кимдир мотам гулларин
Таъзим билан қўяди ерга —
Боқиб юксак супада турган,
Танилмаган жасур шоирга.

Рус тилидан Гулноз Мўминова таржималари