Виктор Анатольевич Шнип (Ві́ктар Анато́льевіч Шніп; 26 март 1960 йил) — белорус ёзувчиси, таржимон. СССР ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1984).
* * *
Қанча фарёд чекмай, ўзимдан қочиб,
Бу кўчадан асло кетолмагайман.
Калит йўқ, у дилга кирмоқ-чун очиб,
Япроқдек чарх уриб етолмагайман.
Худди бўрон ичра адашган руҳдек,
Гуллаш не билмаган бутадек, хаста.
Қушчаларнинг ғариб ёлғизлигидек
Заъфарон япроқлар дилга пайваста.
Ҳасратларим учар дилдан шамолдек,
Қора булутларнинг бағрида нолон.
Гўё зулмат ичра ёнган фонусдек
Умидсиз нур сочиб айлагай фиғон.
Қалб гўё кимсасиз Ибодатхона,
Армон унда бўзлаб ётган боладек.
Зулмат қучган дунё гўё дардхона,
Онамга ёзмаган мактубларимдек…
* * *
Менинг гул диёрим, олтин диёрим,
Сокин замин узра қуёшдек – онам.
Видо айтмам ҳаргиз, унда оромим,
Қалбим ҳаловати – ибодатхонам!
Бошим узра нафас олаётган осмон,
Мени кафтларида тутган замин – шаън.
Сенинг кўз ёшларинг билан йиғлайман,
Сенинг қайғунг билан тирикман Ватан!
Сенга қайтолмаган жонлар ҳаққи-ю,
Сенга етганлар-чун тўкаман кўз ёш.
Қанча қабрларин бағрингга босиб,
Бўзлайсан, бағрингда ботмайди қуёш.
Ахир, осмон худди боқий оламдек,
Тупроқ мисли кулдек, титрар юрак, тан.
Менинг нур диёрим, олтин диёрим,
Сенинг севгинг билан тирикман, Ватан!
Сен томон шошаман – ибодатхонам,
Сенинг азминг ила ниятлар бажо.
Биламан бу ерда отам ва онам,
Башарга бахт сўраб қилган илтижо!
* * *
Мен шу кунда қолмоқ истайман,
Иккимиз-чун сўнгги кун, сўрсанг.
Биз биргамиз, қўрқма дарёда,
Малакларнинг шарпасин кўрсанг.
Мен шу кунда қолмоқ истайман,
Поезддан кеч қолган йўлчидек.
Гулхан ёқиб бўсанг қўмсайман,
Ҳасрат ичра қолган ўйчидек.
Бирга бўлсак айрилиқ йироқ,
Яшил ўрмон чорлагай сўраб.
Абадият ичра юргандек,
Мангу қолсак бунда тентираб.
Сузиб кетар вақтлар ва дамлар,
Бари кетар фанолик сари.
Кемачасин сувга оқизган,
Боладаймиз, ўткинчи бари.
Гўё дарё бўйида туриб,
Мурғак дилдай жиловлаб нақдни.
Бир лаҳзага тўхтатолмадик,
Оқиб бораётган у вақтни…
* * *
Оқ қорлар, оққушдай кўк узра елар,
Бир дамда йиғлагим, яшагим келар…
Уйлару деворлар қорлардан оппоқ,
Йиллару кенгликлар парлардан оппоқ.
У йилларда бизлар анча ёш эдик,
Заминнинг қўйнида кўп талош эдик,
Эртаси бўғотда томчилаб турган,
Бирда бору бирда йўқ бўладиган,
Яна қачонлардир туғиладиган,
Тонгдайин мусаффо оппоқ қор эдик.
Оқликка бурканган қишлоқлар бўйлаб,
Тун бўйи тинмаган томчидек куйлаб.
Қор ҳамон қушлардай қўмсарди камол,
Дарахтлар бошини силарди шамол.
Сен эса кезардинг оппоқ дунёни,
Оппоқ кенглик ичра бўлиб матлаби,
Булутдан заминга интилган қордек,
Йўлларин излаган маъбудлар каби…
Мана шу қор кўмган кулба уйларда,
Гўё унутилган олис йилларда.
Оппоқ нигоҳлар-ла кўкдан боқардик,
Сўнг бўғотдан томчи бўлиб оқардик.
Худо ҳам унутиб қўйган заминга,
Худди сенинг каби севган заминга,
Оппоқ дуолардек шошаман ҳамон,
Ўтган йиллариму лаҳзалар томон.
Оқ қорлар оққушдай кўк узра елар,
Бир дамда йиғлагим… яшагим келар…
Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси