Татьяна Николаевна Сивец (Таццяна Мікалаеўна Сівец, 23 июнь 1982, Минск) — белорус шоираси, публицист, драматург, таржимон. «Літаратура і мастацтва» журнали бош муҳаррири, Беларус ёзувчила уюшмаси аъзоси.
* * *
Ҳар кузакда ўртамизда кўприклар ёнар…
Ҳар кузакда йўқотамиз ненидир жўшқин…
Сўнгги кузак… Сўнгги он… деб бу қалб ишонар,
Ғарқ айлайди борлиғимни… Бу сиёҳ тўлқин…
Кўнгил ичра узилади омонат ришта…
Жарроҳ шамол улаб-чатиб тилайди тўзим.
Бу кузак ҳам таъқиб этар унинг измидан –
Чиқиб кетмоқликка нетай, етмайди кўзим…
Деразадан боққил, қондек қизарган ўрмон…
О кун сайин қораяди ҳатто кунлар ҳам…
Куз гувоҳлар изларини йўқотар ҳар он,
Қолдирмас у сенга элтар сўқмоқларни ҳам…
Аммо, шуни унутмагил, кетмоқчи бўлсанг,
Ёдда тутгил, сен ҳам энди ўзингникимас,
Фақат ёлғиз меникисан, кузакникимас…
Энди фақат меникисан, жоним… Ҳар нафас…
* * *
Аста шивирлайман мен қорга… аста…
Қулоғим кўтаролмас жарангингни ҳеч.
Сен менинг лабларим учун қайноқсан.
Елкамга тушмагил… бор, юкингдан кеч…
Салом дейман аста ёмғирга… жим бўл….
Елкаму юзларим силама бир пас…
Ёнимда бир лаҳза ўтириб йиғла,
Лек ёмғир кетади, тафтим керакмас.
Нечун сукутдамиз, менинг қуёшим,
Биз учун не етмас, нечун йўқ садо?
Сенинг кўзларингда қорлар ортидан,
Ёмғирлар ёғмоқда айтганча видо.
Ёлвориб сўрайман ўзингдан танҳо,
Ўтинчларим асло топмас ниҳоя.
Қуёшим, бир зумга сукутингни қўй,
Менга баҳор ҳақда қилғил ҳикоя.
* * *
Сенга мос келай деб доим интилгум…
Қаддимни тик тутгум, о балки бўлар.
Қўнғироқхонадай юксаксан ҳамон.
Гўё сув босгандай атрофинг тўлар.
Қанча интилмайин, баландсан ҳар дам,
Мен учун о сенга тенглашиш маҳол.
Менинг иккиланиш, орзуларимдай,
Иккига бўлиниш демакдир дарҳол.
Менинг ўтинчлару изтиробларим,
Мендан бўлак ҳеч ким тасвирлай олмас.
Лек уни ҳеч кимса ололмас илғаб,
Юз эллик ранг, тусда товланар бесас.
Сен-чи, мени қайта тасвирлаябсан,
Майли кел, ранг бергил, чизгил суратим.
Сўзларда жам эрур менинг изҳорим,
Сўзларда жам эрур Абадиятим.
Мен гўё нотугал ёзилган шеърман,
Танҳо бир маъвоман, юлдузсиз туни.
Сўнгги ҳарфигача сабр эт, бардош бер,
Фақат сўнгигача ўқигил уни!…
* * *
Бу шаҳарда, у кенг майдонда ҳоким эди мангу қаҳратон,
Айтиб бўлмас тўсатдан уни, тутқунликнинг маконими ё?
Учи ялангоёқ муз узра рақс тушарди совуқ майдонда,
Рақс тушарди… Ҳар тун тонггача, кулар эди ундан бу дунё.
Ўша совуқ тош йўллар узра қон тўкарди уйғонган қуёш,
У сезмасди тиззаси синиб, қўллари муз қотганин ҳатто.
Одамлар-чи, ундан кулишиб, ўзин четга оларди дарҳол,
У тинмайин рақсга тушарди, бу оломон ичида якто.
Кетар экан оқшом қайтмоқ-чун, қолдирарди қонли изларин,
Қуёшдан ҳам аввал шошарди изғирин ҳам қилмас эди кор.
Рақс тушаркан ишонч-ла бари бўлар дерди бир кун бошқача,
Чунки ўша совуқ майдонда, муз остида ухларди баҳор.
Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси