Марк Брает (Mark Braet; 7 июль 1925, Ньивпорт, Бельгия – 6 февраль 2003, Брюгге, Бельгия) – бельгиялик шоир. Нидерланд тилида ижод қилган шоирнинг шеърлари Бельгия замонавий шеъриятига эркинлик шабадаларини олиб кирган. Марк Братнинг “Бўрон онида ўн саккиз қадам” (1950), “Берилган мавзу турлари” (1956), “Дунёда барча ягона” (1961) тўпламлари уни дунёга танитган.
ҚАЙҒУРМОҚҚА НЕ ҲОЖАТ
китоб олмайман ўзим билан йўлда
абадиятга оид ҳеч бир ишора
рақс жой олди қалбдан
умр сўнгига қадар бўлиб ҳаётим
сўзлар ортидан югурмоқ нечун
учар улар дудоқдан
ва қор бўлиб тушар тунда
қайғурмоққа не ҳожат
ВИДОЛАШМОҚ
видолашмоқ – қайта яшай бошламоқ
англамоқдир замон ва маконни
бу йўқ қилмоқ қўрқувни ўздан ва ўлик бутоқларда
уйғотмоқ янги қўшиқни
видолашмоқ бу тингламоқ сукут куйини
илғамоқ чексиз қувончли йўл ва севги ва
унинг тинимсиз ҳайқириғин
видолашмоқ тегинмоқ яраламоқ азобга қўймоқ
ўрнашиб совуқ ойда
тарк этилган муғанний ўзни унутиб чалган жойда
ва барча енгил кунлар кечган кунларга бадал
видолашмоқ бу сўнгида қўлни сиқмоқ
ваъда бермоқдир албатта ёзишга қучишга азиз елкани
ва илгариламоқ ортга боқмай
(агар поезд кетган бўлса жуда эрта
қайтмас эса гарчи ҳеч – видолашмоқ
олиб кетмоқ бу ўзи билан бебаҳо сирни)
ва кимгадир маълум: видолашмоқ
бу соғинч ва қайғу аро
узаймоғидир ҳаёт ва мавжнинг
чўкмоқдан аввал зулматга
Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси