Албрехт Роденбах (1856-1880)

Албрехт Роденбах (Albrecht Rodenbach, 27 октябрь 1856, Руселаре, Бельгия — 23 июнь 1880, Руселаре, Бельгия) — фламанд шоири, ёзувчи, фламанд адабиётини тирилтириш ҳаракати асосчиси. Нидерланд тилида ижод қилган. Диний семинарияда ўқиётган кезлари ўша ерда дарс берган Гвидо Гезелленинг таъсири кучли бўлган. 70-йиллар сўнгида Албрехт Роденбах “Рицарлик байроғи” адабий журналига асос солган. “Илк шеърлар” тўплами 1878 йилда, муаллиф юридик факультетда ўқиётганда нашр қилинган. Қисқа умр кўрса-да, шоир ўзидан катта шеърий мерос қолдирди.

ОРЗУ

Оқ булутлар сузади
кўм-кўк юксакда,
Бола ҳайрон боқади,
орзу юракда.
Парвоз чоғи ўзгариб,
орзу бағрига кириб,
сузар булутлар гўё
мисоли рўё,
олис-олисга.
Сузар оппоқ елканлар,
тантанавор, софликда.
Бола ҳайрон боқади,
орзу юракда.
Сузар чоғи ўзгариб,
орзу бағрига кириб,
учади кемачалар,
етмай шамолга кучи,
олис-олисга.
Узоқда сароб сузар,
сузар шафақда.
Бола ҳайрон боқади,
орзу юракда.
Қувиб етади елиб,
Орзу орзуни кулиб,
Тун бағрида қолмоқ-чун,
Елганда йўқолмоқ-чун,
Олис-олисда.

ОҚҚУШ

Салқин; биринчи юлдуз
кенгликларда йилтирар;
Осмон кўзгуси маъюс
бокира кўлга қарар.
Тун ва ойнинг бағрида
шуъла ёғилган майин,
чиройли оққуш кўлда
ётар ухлагандайин.
Сувнинг маъсум бетини
қаноти-ла ўйнайди,
олисга кетолмайди,
шоир каби ўйлайди.
Унинг муҳаббатига
маъюс кўл берар жавоб,
шаффоф, хаёлий аксин
кўрсатар шу тоб.
Оққуш кўлга ошиқдир,
бахтдан бўлиб маст,
лекин ҳеч қачон маъсум
сувин кир қилмас.
(Мен ҳам шундай ёзаман,
оқшом битган чоғ,
сенинг маъсум овозинг
қалбим ютган чоғ).

Рус тилидан Комила Носирова таржимаси