Ник Кейв (Nick Cave, тўлиқ исми Николас Эдвард Кейв, Nicholas Edward Cave; 22 сентябрь 1957) — австралиялик шоир, рок-мусиқачи, ёзувчи, сценарист. “Фаришта ва эшак”, “Сиёҳ қироли I қисм”, “Сиёҳ қироли. II қисм”, “Банни Манронинг ўлими” каби китоблар муаллифи.
МЕН ТОМОН ОЛИБ КЕЛ
Яратганнинг ердаги ишларга аралашишига ишонсам эди,
Биламан, азизам, сен ишонасан.
Шунинг учун мен Худога тиз чўкаман, Ундан сўрайман –
Эшигингга келганимда У ёнингда турмасин,
Сочларингга тегмасин,
Қандай бўлсанг, шундай қол,
Агар ҳамма нарса Унинг измида бўлса,
Сени мен томонга йўлласин,
Мен томон олиб кел ёрни, Худо,
Қўлимга топшир.
Сен – менинг фариштам,
Бошқа фаришталар борлигига ишонсайдим,
Уларнинг барини тўплардим,
Сенинг шарафингга шам ёқтирардим,
Сенинг мен томон келадиган йўлларингни
Шам билан ёритарди фаришталар
Муҳаббат ва инонч нури билан
Мен томон келардинг.
Мен томон олиб кел ёрни, Худо,
Қўлимга топшир.
Мен Муҳаббатга ишонаман,
Сен ҳам ишонасан, биламан.
Ишонаман, сен ва мен бирга
Қадам ташлайдиган бир йўл бор,
Шунинг учун шамларни маҳкам тутганман,
Ёримнинг йўллари ёруғ бўлсин!
Умид қиламан, У етиб келади
Ва бошқа айрилмайди мендан ҳеч қачон.
Мен томон олиб кел ёрни, Худо,
Қўлимга топшир.
ЁРИМ КЕТДИ
Бу гал у йўл каби ойдин ва очиқ,
Парчалади менинг дарвишлигимни,
Кейин у кетди,
Ёрим кетди
Илон пўст ташлаган каби
Мени ташлади бунда,
Ёрим кетди.
Ўзимни ўзимга ташлаб кетди ёр.
Йўл ҳам ёрим каби очиқ ва ойдин,
Биз кулдик ва сархуш эдик,
Ичилган шишадек бўшатиб
Ёрим кетди.
Кетди ёр.
Синганимни сезмадим,
Тавба учун тонгда турганимда
Қалбим жароҳатин кўрмадим, йўқ.
Гоҳо
Ўлим яқинлашгандай туюлар.
Отилишга тайёр турган каби ўқ.
Ахир кетди ёрим,
Ёрим энди йўқ.
Мени жар ёқасида қолдириб
Кетди.
Қуладими,
Учдими – кўрмадим.
Гоҳо менга у умуман бўлмагандай туюлади.
Ёрим кетди,
Кетди ёрим,
Кетди-да энди…
Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси