Генри Лоусон (Henry Lawson) – шоир ва ёзувчи. Австралия адабиётининг мумтоз намояндаси. Норвег денгизчиси оиласида туғилиб ўсган. Ота-боболари олтин топиш умидида ХIХ аср ўрталарида Австралияга бориб қолган. Генри Лоусон ёшлик чоғларидан бошлаб бўёқчи, мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаб, халқ ҳаёти билан чуқур танишади. Ўзининг шеър ва насрий асарларида оддий халқ ҳаёти, қитъа меҳнаткашлари, олтин изловчилар, кончи, фермер, чорвадор, чўпон, батраклар турмушидан олинган ҳаётий воқеаларни қоғозга туширади. Унинг сурати Австралия пул бирликларидан ҳам жой олган.
ЭНДИ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Бизнинг Энди узоққа кетди,
Қурғоқчилик қийнади ёмон.
Пода ҳайдар ҳув ёқда Энди
Квинсленд га – чегара томон.
Қандай ўтар Эндисиз кунлар,
Кўнгилларга ғам-ғусса қўнди.
Ҳеч кулбада шод-хуррамлик йўқ,
Олиб кетган барини Энди.
Маҳзунликни қувиб йироққа,
Қўшиқ ёғдирарди у шўх-шўх.
Сукут босган фермани энди
Ҳатто ҳуштак чаларга майл йўқ.
Қовоқ осган бойни ҳам Энди
Кулдирарди битта сўз билан.
Дарлинг ошиб кетди у энди
Роҳат қочди қўни-қўшнидан.
Ғижирлайди шамол турса уй,
Болға-михнинг устаси қайда?
Энди бўлса эплар эди-я,
У қўй ҳайдар чет манзилларда.
Жавдирайди холамнинг кўзи,
Боқиб эрининг қовоғига.
Шодон кимса қолганми ўзи
Энди кетиб Мак-Кворига.
Тўк, э осмон, мўл-мўл ёмғир, қор,
Иссиқ ҳаво яйловни қучсин.
Чўпон-чўлиқ ошса дала-қир,
Йўлларида майса-ўт ўссин.
Ҳар гўшани забт этсин майса,
Гуллар тўлсин далага-боққа.
Яйраб-яшнаб шод кунлар келса,
Энди қайтиб келар қишлоққа!
Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси