Багдасарян Цовинар Минасовна (Ծովինար Բաղդասարյան) 1948 йил 8 мартда Тоғли Қорабоғда туғилган. Арманистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (2003). 1975 йилда Степанакерт тиббиёт билим юрти, 1984 йилда эса Степанакерт педагогика институтини тугаллаган.
Арманистон, Россия Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Рус тилида “Куз”, “Она”, “Қалбларда қалб оҳанги”, арман тилида “Кўнгил куйлари”, “Кафтдаги юрак”, “Қувончдан туғилган дард” китоблари нашр этилган.
* * *
Кўнгил қўйиб ой нурига биз
Қаршиладик тонгги зиёни.
Ҳали билмай ишқ не, недир ҳис
Унутгандик бутун дунёни.
Кўкка боқиб жимгина, узоқ
Тўлқинланиб, гоҳида тиниб
Лабимизга кўчарди титроқ,
Пичирлардик: ‘‘Севаман… ёниб!…”
Ой нурига тизилар сатрим,
Уйғонаман тонгларда ёлғиз.
Юлдуз санаб, тугайди сабрим –
Ёнимда йўқ ул ёрқин юлдуз!
Зуҳра Асқарова таржимаси
* * *
Сўқмоқларга ўт қўймайман ҳеч,
Совурмайман изларимни ҳам.
Қолдиражак сўзим эрта – кеч
Ёдлаб суйсин набирам, болам.
Эзгуликлар, умид туғёни
Яшар қалбга, шу азиз дамга,
Қолдираман изларим мени
Кўриб кўзи кулган одамга.
* * *
Кўнгил қўйиб ой нурига биз
Қаршиладик тонгги зиёни.
Ҳали билмай ишқ не, қандай ҳис
Унутардик бутун дунёни.
Кўкка боқиб жимгина, узоқ
Тўлқинланиб, гоҳида тиниб.
Лабимизга кўчарди титроқ,
Пичирладик: Севаман!.. – ёниб.
Ой нурига тизилар сатрим,
Уйғонаман тонгларда ёлғиз.
Юлдуз санаб тугайди сабрим –
Ёнимда йўқ ул ёрқин юлдуз!
* * *
Мени изламангиз –
……………….тонгни кутаман…
Изламангиз –
…………….уфқни жим кузатаман…
Изламанг – юлдузлар
………………….очганда чирой
Нур билан сийласа
……………….мени майин ой…
* * *
Юртим ўхшамайди ҳеч кимникига –
Малоҳатли тоғлар сулуви…
Юртим ўхшамайди ҳеч кимникига –
Салобатли, мағрур, ғулувли…
Юртим ўхшамайди ҳеч кимникига –
Қуёши бетакрор, юлдузлар ёрқин.
Юртим ўхшамайди ҳеч кимникига –
Ҳаволари тиниқ, шамоли эркин.
* * *
Йиллар учар…
Турналар каби…
Бироқ ғамга тортмас ҳеч қачон –
Сезар қалбим, йиллар бўйсунмас –
Йиллар бўйсунмайди – ҳукмрон.
Сен ҳам ярим асрдан ўтдинг,
Ортга назар соласан бир қур…
Ё иккинчи баҳорни кутдинг,
Қайта бошдан ёна бошлар нур.
Гурилласин, майли, бу йўллар,
Қўшиб борар ёшга ёшимиз.
Омон бўлсак донишманд йиллар,
Асрларни яшар бошимиз…
* * *
Меҳрингиздан қуёш тутинг бир чимдим,
Онангизга оташ тутинг бир чимдим.
Севинг уни – бугун, шунда, ҳаётда –
Эртаклардан чиқиб келган фаришта.
Севинг уни – ҳар кун, ҳар бир лаҳзада,
Севинг уни – умр отли лаҳжада.
Севинг уни – дариғ тутманг тун ё тонг,
Меҳрли сўзингиз – қолмасин армон
* * *
Хира тортар камалак ранги
Кириб келса кузинг бесўроқ.
Юрагингда ажиб ҳаловат,
Сокинлашиб борасан, бироқ.
Унутмайсан борар йўлларни
Юлдуз томон, булутлар томон.
Уйқу бермас сенга ой нури,
Уйғотади уфқлар алвон.
* * *
Оловланар куз япроқлари,
Урилади шамол, урилар чақмоқ.
Оловланар куз япроқлари,
Бу тақдирдан бўлади қочмоқ.
Яшаш истар қишда, баҳорда,
Ярқираб ёз фаслида кўркам.
Бедорланиб ҳар бир наҳорда
Яратсам дер бетакрор олам.
ШЕЪРЛАРИМ
1
Ҳозир тилга кирар шеърларим,
Кўзларини очади тиниқ.
Оғриқларим симирар жим-жим,
Ҳар сатрида қонларим ёниқ!
2
Кундаликка ўхшар шеърларим,
Кузатиб боради ҳар бир қадамим.
Ҳар неки дардларим бағрига босган
Сирли гўшаларга бир-бир қададим.
Яшираман уни болаларимдан,
Яқинларимдан ҳам – баланддир меҳрим.
Ҳеч кимни азобга қўйгиси келмас
Ҳасратларим очиб юборган шеърим.
3
Шеърларим уммонга ўхшайди,
Қирғоғи кўринмас, ҳавоси намхуш.
Шеърларим карвонга ўхшайди,
Улар ҳамон йўлда, хаёли сархуш.
Мингйилликлар уйқусин ёриб,
Тоғли вулқон каби очаверар кўз.
Бу ёруғ оламда, чексиз оламда
Улар қайнаб чиқар – таъриф йўқ, йўқ сўз…
Шеърларим ўхшайди юлдузга,
Порлайди, ёндирар қалбни, гоҳида
Музлатиб юборар… сиғмайди сўзга…
4
Қандай туғилади аслида шеърлар,
Ёнаётган юрак ёлқинлари тўқ.
Оғриқлари, алам, ҳасратларимда
Мен тирикман, лекин ёнимда у йўқ…
Нималарни туғдиради шеър?
Шаршара овози, барглар оҳанги,
Юлдузли кўк, тўлқинлар ранги?
Эҳтимол, бу жуда оддий ҳол –
Кўксимга сиғмайди, сиғмайди сўзлар.
Уларни қулфлаб бўлмайди, ахир
Оғир, оғир тортиб боради ҳислар…
* * *
Бағрингга ол, денгиз,
Мени ёр, чақмоқ!
Чиқиб кетолмайди
Қалбдан бу ишқ, боқ…
Бу юрак бекадар,
Йўқ, ҳаттоки оҳ.
Тўхтаб қолишидан
Қўрқаман ногоҳ.
* * *
Тун… Сукунат…
Қуёшда товланмас шабнамлар.
Дераза ортида қоп-қора зулмат,
Юлдузлар мудрайди кўкда бу дамлар.
Тун кетади, кириб келади оқ тонг…
Ярқираб кетади қуёшда шабнам.
Бу тун энди қайтиб келмас ҳеч қачон!
Шеърим яшаб ўтди у билан, болам!
* * *
Сезаман, сезаман тоғлар нафасин,
Илғайман кўз қирин қатъий ва вазмин.
Улар безаб турар кенг оламимни,
Қарагим келмайди ортга, инчунун,
Шу тоғлар сингари мағрур, қадди тик,
Кўчса юрагимга нур малоҳати.
Кумуш сочларидан сочларимга дур,
Кўксимда товланса тоғлар шуҳрати.
Тоғлар этагида мудраган ўрмон
Бағрига яшириб қўйдим соғинчим…
Шу тоғларга сингиб кетгунга қадар
Ҳис этгим келади нафасини жим…
* * *
Тушларимга кирди настарин,
Қўлларимга тутишди гуллар…
Мен кун бўйи жилмайиб, мамнун
Юрдим – қани, бу – бўлмаса туш,
Ҳиди уйни айласа сархуш…
Юлдуз инъом этгандинг менга,
Сеҳрлаган эди жилоси,
Изимдадир ҳамон сояси.
Туҳфа айла, гул туҳфа айла,
Настариннинг оқидан сайла.
Оҳ, настарин…
Соя сингари
Келмоқдасан ортдан изма-из.
Ташқарида эса яна куз…
Тушларимга кирасан нечун?
* * *
Куз… олиб кет, ўзинг билан ол,
Баргсиз қарағайнинг қайғуларини.
Қишда куйлай олмайсан ял-ял
Ёнган кузнинг туйғуларини…
Сенинг билан оҳангдошман, бил,
Тилла кузман – ҳеч билмас ўлим.
Кўйлагимнинг қатига енгил
Ғамларимни яшираман жим…
* * *
Кузги оқшом…
Ёмғирдан сўнг сукунат, ором.
Қотиб қолган дарахтлар ухлар,
Титрамайди шамолда барглар.
Олисларга кетди қуёш ё
Уни шафақ беркитди гўё..
* * *
Вақт оқмоқда…
Ранглари кўчаркан оламнинг
Ёнингдан сизади билдирмай.
Фақат
Эртакларда тўхтаб қолар Вақт…
Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаcи