Тэсфайе Гэссэссе (Эфиопия)

Тэсфайе Гэссэссе – эфиопиялик шоир. 1936 йили туғилган.

ФЕВРАЛЬ ЎЗГАРИШЛАРИГА

Қалқайлик, ёронлар, бир девор бўлиб,
азиз юртимизга мададкор бўлиб!
Деҳқон омочини ушласин маҳкам,
қуролин қўймасин қўлдан жангчи ҳам,
мен эса ватанга сўз кучи билан
бир умр хизматда бўлмоққа шайман!

Қолмасин бу юртда шубҳа-гумонлар,
йўқолсин пул ҳирси, ғайриимонлар?
Душманга хушомад, шафқат қилмоқ ҳам
бас, топсин бу қадим дунёда барҳам.
Ўз жони ҳузурин кўзламоқ ҳисси
ўрнини меҳнатга муҳаббат олсин,
олсин келажакка жонкуяр бўлмоқ
ва йўқсил кимсани сизламоқ ҳисси!

Қувғинлар, қамчилар, қутқулар, сўзлар
зуғмидан нимаки яратдик бизлар,
ўтмиш гирдобига ғарқ бўлиб кетсин!
Дўстлар, йўлимизни мангу ёритсин
озодлик аталмиш шафақранг ялов —
фориғ айлагувчи муқаддас олов!

Дерларким, дарёмиз дарё эмас — қут,
оқар сув ўрнида асал бирла сут.
Ҳа, бундай донолар кўп бизда, нетай,
хор-зор ўтмишларин унутмоққа шай,
Аммо сал зўр келса кетарлар буриб!
Йўқ, яшаб бўлмайди кўкракка уриб!

Ўзгаришлар асрий, кўҳна ваҳшатлар
ҳокимлиги узра солиб даҳшатлар,
енгиб, то уларни адо қилмайди,—
қудратни, сарҳадни кўзга илмайди.
Азиз юртимизни айлаб ҳимоя,
мангу шон қучайлик — шу улуғ ғоя!

То изҳор айласин меҳрини ҳар ким,
ғариб ва нотавон бўлса агар ким,
ким қари, ким ожиз, ким ўлган бўлса,
ким жангда ватан деб йиқилган бўлса,
ким ўлиб, оламда ўзидан бирор,
қолдириб кетмаган бўлса гар ёдгор,
ким ўлим олдида юмганча кўзни,
эрк ва мустақиллик, ватан ва бизни
ўйлаб ётган бўлса, уларни биз ҳам
билайлик тоабад азиз, муҳтарам,
номларин этайлик бир умр ялов,
ёқайлик абадий зангори олов!

Фақат эрлар эмас, курашда барча
қатнашсин; аёллар, қаҳрамонларча
қўл беринг, азизлар, янги тақдирга
ва киринг биз билан жанг аро бирга —
етар итоатгўй қул бўлганингиз —
бас, кураш ўтида энди ёнингиз!
Ҳимоя айлангиз чиройингизни,
қуёш остидаги ўз жойингизни!

Чиқингиз, ул зиндон — чирик кулбадан,
тўрт девор ичида токи гулбадан
қуёшсиз, ёғдусиз сўлиб толмасин,
қуллик зулматида мангу қолмасин.
Чиқинг, то асрлар ҳаваси келсин,
сизни ҳам, эркни ҳам курашда олган,
ҳаётин жанг билан асраб қололган
ҳур, озод бир одам — инсон деб билсин!

Бахтсизмиз! Сабаби, афсус, янгимас,
янгимас, аммо жўн: ҳамма тенг эмас —
биров оч, бировда қатор тилла тиш,
бошқача бўлиши мумкин эмасмиш!..
Қай биров наҳорда чайнар сара нон,
қай биров тополмас ҳатто қора нон,
қай биров кекирар, демак, қорни тўқ,
бировда ун тугул, ҳатто супра йўқ!
Шуми биродарлик ва эрк дунёси?
Бойликни тенг бўлмоқ — эл муддаоси!
Беписанд боқмасин ҳеч кимга ҳеч ким!

Аланга ол, менинг жанговар сўзим,
асрий уйқусидан уйғонсин бу юрт,
оқсин дарёмизда асал ила сут.
Азиз ўлкамизда ва ундан нари
жарангласин зафарнинг ол қадаҳлари!

ВИЖДОНИМ

Айт, виждоним, нималарни кутасан,
ўз-ўзингдан ҳукмингни сир тутасан?
Шу кетишда дай манзилга етасан?
Айт, виждоним, нималарни кутасан?

Ҳаёт — бургут, сўйларми ўз йўлини?
Англайсан-ку, ахир унинг тилини!
Токай ейсан шубҳа билан ошингни,
қанотингга буркаб олиб бошингни,
ишонмасдан мўлтирайсан — ор-ку, ҳай,
бу ҳол ахир давом этар, тобакай?

Бургут бўлиб сен ҳам учсанг арзийди,
ё нур бўлиб зулмат йиртсанг арзийди,
ўргимчакнинг инидаги гард мисол,
ташвишларга кўмилибсан, бу не ҳол?
Парвоз айла кутулиб бу сиртмоқдан,
Олға! Сени жанг майдони кутмоқда!

Зулмат кучли! Тўр ташлайди ул яна,
ҳа, топасан сен ҳам минг бир баҳона,
ҳали дейсан: ишончим йўқ, йўлим йўқ,
ҳали дейсан: чўнтагимда пулим йўқ,
хуллас дейсан: улим йўғу бўлим йўқ.

Қўй, майда қасосларнинг
Хушомад, ҳавасларнинг
Сон-саноғи борми, ҳей,
сон-саноғи борми, ҳей!

Аммо бир кун, тасодифан, туйқусдан,
кўз очади ақлу ҳуш уйқусидан,
талаб этар у гуноҳкор виждондан,
айро туш, деб ул мақсуди нодондан,
ҳеч бўлмаса, сўнг бор ҳақ гап айтгин, деб,
шармандали бу йўлингдан қайтгин, деб!

Чала қолган ишга доим қор ёғмиш,
ўроқ тушмай ҳосилингга, келар қиш,
билки, бундай шармандали йўлингдан
қайтаролмас охират ҳам, ўлим ҳам!

Шундай экан, виждоним, не кутасан,
ўз-ўзингдан ҳукмингни сир тутасан!
Икки-уч йўл аро туриб нетасан,
жон виждоним, айт, нимани кутасан?

Ҳузурингда очиқ-ку, ҳей, барча йўл,
шубҳаларни ур-да, парча-парча қил,
вақт ғанимат — курашларга ўзни от,
сенга халал беролмайди бирор зот!

Бил, ёвузлик илдизидир асли — пул,
буткул ҳаёт куйиб бўлар охир кул,
ёнса башанг кийим дарди бирла дил,
ёхуд мақтов машъалини ёқса тил,
ё мол-мулкка, раҳбарликка талпиниш
ўти ёнса,
сўнар шу он ақлу ҳуш.

Тинчлик бермас сенга бир ўй — ботин ғам
пул бўлмаса — ташлаб кетар хотин ҳам,
йўқ бўлса гар ёнингда бир чақа пул,
нимангга ҳам лойиқ хотин бўлсин ул!

Сени оғир бир муаммо қийнайди:
болаларим қайда ўқиб, ўйнайди?
Пул топишнинг сеҳри сени бойламиш,
шу тариқа қаддингни ёй айламиш.

Эрта тонгдан тер тўкасан ҳўкиздай,
битта мақсад қадалади бигиздай:
келиб турса басдир фақат даромад,
хотиржамлик ҳукм сурса — ёр омад!

Ўз-ўзингдап қочиб ўзга оламга,
дейсан: бу пул оиламга, боламга…
Бола деган ўсар, турмас бир жойда,
Лекин ундай болалардан не фойда!—
Бўйда отасидан ўтса-ю бироқ —
юртга бўлса отасидан бенафроқ…

Шундай экан, виждоним, не кутасан?
Шу кетишда қай манзилга етасан!
Сенга маъқул тақдирингда қайси йўл —
айт, қаҳрамон бўласанми ёки қул?

Сулаймон Раҳмон таржималари.