Бираго Диоп (Birago Diop) – шоир, давлат ва жамоат арбоби. Шифокорлик ва ветеринария соҳаси бўйича таҳсил олган Бираго Диоп ўқувчилик йилларидан шеърлар ёза бошлаган. 1934 йили Африка халқ эртакларини тўплаб, китоб ҳолида чоп эттирган. Бу фидойилиги учун қатор мукофотлар билан тақдирланган. Бир нечта шеърий китоби нашр этилган.
ЭШКАКЧИ ҚЎШИҒИ
Қора танли эшкак эшувчи
Бандаргоҳда куйлайди қўшиқ.
У қўшиқнинг боши қаерда
Ва қаерда тугар у қўшиқ?
Мен сўрадим сайроқ қарғадан:
“Недан пайдо учқур қўшиқлар?!”
У айтдики: “Ёз фаслин ушлаб
Шум шамоллар тўлқинга ташлар.
Сув эса гўзалликни асрамоқ бўлиб
Тўлқинларни тараб, қўшиқ бошлайди”.
Қора танли эшкак эшувчи
Бандаргоҳда куйлайди қўшиқ.
У қўшиқнинг боши қаерда
Ва қаерда тугар у қўшиқ?
Бир куни сўрадим яшил майсадан:
“Кимнинг куйларини обкетди туман?”
Улар айтди: “Ёз фаслин ушлаб
Совға қилиб тўфонга отди.
Аммо жингалак соч қария
Гўзаллик учун
Қўшиқни сочи-ла ушлаб,
Денгизга отди”.
Қора танли эшкак эшувчи
Бандаргоҳда куйлайди қўшиқ.
У қўшиқнинг боши қаерда
Ва қаерда тугар у қўшиқ?
Бир куни сўрадим шакарқамишдан:
“Қандай туғилади дастгоҳ айтган куй?”
Улар айтди: “Ёз фаслин ушлаб,
Олиб учди бир қуш фалакка.
Уни ерга, гулларга терди
Ва эшкакчига мангуга берди.
Қора танли эшкак эшувчи,
Менинг қўшиқчим,
Чапдастсан ғоят.
Қўшиқ қандай туғилишини
Билдим ниҳоят.
ДОНИШМАНДЛИК
Ҳар қандай истагу оғриқни отаман,
Олис ўлкалардан уйга қайтаман.
Майли, ёқсин куйдиргувчи тун,
Менинг қайғу-аламларимни.
Ҳар қандай истагу оғриқни отаман,
Ердан кўтараман қонли парчани –
Юрагимнинг синиқларини,
Товонингиз эзмаган бўлса,
Тирик бўлса ҳали юрагим,
Ердан кўтараман қонли парчани.
Менга насиб этар ўнг келар тушлар
Ва учиб келади ёрқин бир соат.
Тўрт томондан тўрт шамол келар,
Ҳорғин кўзларимни эркалайди-ю,
Рўёга айланар тушларим абад.
АЖДОДЛАР НАФАСИ
Илоҳий овозларни тинглагин гоҳо,
Диққатингда бўлсин ўтмиш баёти.
Шитирлайди олов овози,
Ойналидир сувнинг овози,
Далаларда кезиб юради
Аждодлар ёди.
Ўрганган жойидан кетмайди руҳлар,
Гоҳида абгор,
Қадрдон ўлкага қайтар кетганлар,
Қора тупроқни этмайин макон,
Шамол бўлиб осмонга кўчди.
Завод ичра сув каби тиниб,
Шаршарада сув ўйнайдилар.
Оломон ичра юрар, қўрғонни қўриқлар
Ўлмайдилар, ўтиб кетганлар.
Аждодлар ўлмасдир,
Бунда қолмиш жами ўтганлар.
Фоний ернинг устида улар,
Қадрдон жойлардан кетмас ўликлар.
Оналар кўксида улар
Келинларнинг кулгисида-ю
Чақалоқлар йиғисида бор.
Ҳар бурчакда улар намоён,
Қуруқ ерни этмаслар макон.
Майсаларнинг шивирларида,
Рақс тушади гулхан ёнида.
Улар бизнинг ошёнларни
Маскан айлаб, манзил этганлар.
Мустаҳкамдир кун-ба кунимиз,
Улар билан боғлиқлигимиз.
Улар яқин – бармоқ теккудек,
Қалбимизга яқин турарлар.
Улар бизнинг сафларимизда,
Бамисоли тирик юрарлар.
Ўлмагандир, ўтиб кетганлар.
Нозик иплар боғлиқ улар-ла
Тортиб турар бизларга томон.
Кенгликларга қўнади улар,
Шамол бўлиб йўлларида шошар.
Қавжираган ўт-ўланлару
Шитирлайди том қамишида.
Кесилган дарахтлар ўрнидан бўйлар
Заводда ухлайди, шаршарада ўйнайди.
Улар ёди куч берар бизга,
Асло кетмас вафот этганлар,
Ўлмас руҳи заминимизда.
Рус тилидан Зулфия Мўминова таржимаси