Аҳмад Озодгоҳ (Жазоир)

ЕТАР ЭНДИ!

Бармоқлар,
Ўқингиз
Гитара сасин.
Лаблар,
Шивирлангиз:
Умид яшасин.

Етар энди тингламоқ
Осмон шикоятини,
Етар энди йиғламоқ
Сўнган юлдузга,
Етар энди ачинмоқ
Сўхтаси совуқ
Қишни эслатувчи
Алдоқчи кузга.
Етар энди кўз тикмоқ
Олисдаги саробга.
Ишонманг хотирани
Сўндирувчи китобга.
Керакмас эртамизни
Қораловчи соялар,
Ўтмишнинг фикри билан
Оғуловчи ғоялар.

Бармоқлар,
Ўқингиз
Гитара сасин.
Лаблар, шивирлангиз:
Умид яшасин.

ЮЛДУЗЛИ ЧАШМА

Йўқсилларга беринг —
менинг нонимни!
Шеърларимни тарқатинг —
кичкинтойларга!
Маҳкумларга беринг
озодлигимни!
Дўстларга улашинг —
умидларимни!
Милтиғимни беринг —
ҳуқуқсизларга,
Майли, жаллодларга —
раҳмдиллигим!
Дайди орзуларим —
қушларга бўлсин,
Кўзимнинг ёшлари —
гулларга бўлсин…

Беринг, бераверинг!
Беринглар номимни ҳам,
Беринглар қонимни ҳам,
Келажагимни ҳатто!

Менга қолдиринг фақат
Юлдузли чашмадан сув!

ҲАР КИМНИНГ ЎЗ ИШИ БОР

Ирмоқлардан яшнар майсазор,
Майсазордан унади гуллар.
Гуллар билан яралар баҳор,
Баҳордан завқ олар булбуллар.
Булбуллардан туғилар илҳом,
Илҳом қанот шоирлар учун.
Шоирлардан туғилар қўшиқ
Қўшиқдадир гўзаллик кучи.
Одамлар-чи,
банклар очишар,
Тузадилар фирма, трестлар,
Қамоқхона, исловатхона.
Сўнгра уруш тайёрлайдилар
Ўзларига, болаларига…

СУКУНАТ

Сен ётибсан шундоқ ёнимда,
Булутлардан узмай кўзингни
Сен орзулар оғушидасан,
Сукунатда кўриб ўзингни.
Шу сукунат кирди суқилиб,
Орамизни олди у беор
Чақириқсиз бир меҳмон бўлиб.
Эҳ, сукунат бўлар беқарор,
Биров билан дўст тутинади,
Бошқасига душман ашаддий.
Гап сўрайсан сен ундан аста.
Вужудим муз қоплар бир пасда.
Сўз навбати менга келган он —
Сенинг чеҳранг, юрагинг, ўйинг
Ғам-ғуссанинг тунд ва қоп-қора
Чодрасига бурканар, ишон!

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржималари.

ҲАР КИМНИНГ ЎЗ ҚИЛАР ИШИ БОР

Жилға оқар,
Майсалар яшнар,
Майса туғар чечак-гулларни.
Гул баҳорни чақира бошлар,
Баҳор чорлаб келар қушларни.

Қушлар эса уйғотар илҳом,
Илҳом шоирларни яйратар.
Шоир қўшиқ ёзади мудом,
Қўшиқ гўзалликни яратар.

Биз-чи,
Нелар яратажакмиз –
Қарши келса одамга одам?!
Уруш, ўлим, фарёдларга биз
Бошлаймизми болаларни ҳам?!

Музаффар Аҳмад таржимаси